Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Отаси ўз буйрагини берган фарзанднинг тақдири нима бўлди?

Отаси ўз буйрагини берган фарзанднинг тақдири нима бўлди?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 14 ёшли Умиджон Абдумаджидовга отаси Илгор Абдуқаюмов донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг юртдошларимиздан Умиджоннинг жарроҳлик амалиётидан кейинги аҳволи билан қизиқиб, кўплаб юртдошларимиз мурожаат қилишди. Биз ҳам ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдик.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг талаб ошиб бораётган, истиқболли йўналишларидан бири. Бугун бундай юқори технологик операциялар тиббиёти ривожланган давлатлар билан бир қаторда юртимиздаги икки марказ — академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.    

— Марказимизда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори Мақсудхон Рашидов. — Бу операциянинг мураккаблиги шунда бўлдики, бемор Умиджон жуда ёш, организми ҳали ривожланиш босқичида эди. Ички аъзоларининг кичиклиги, қон томирларининг ингичкалиги алоҳида ёндашув талаб қилди. Шу боис марказда катта тайёргарлик кўрилди. Хориж тажрибасини ўргандик. Шундан сўнг, Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда марказимиз тарихида илк бор буйрак трансплантацияси бажарилди. Операциягача беморнинг буйраги ўз фаолиятини бажара олмагани боис, қони 8 ой давомида тўлиқ гемодиализ аппарати орқали тозаланган. Ҳозир буйрак меъёрида фаолият олиб бормоқда. Умиджон соғлом ҳаётга қайтди, деб бемалол айта оламиз.

Суратда: бемор Умиджон Абдумаджидовни шифокорлар оила аъзолари иштирокида уйига кузатишмоқда.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

— Бугун ўғлим Умиджон қайта дунёга келгандай бўлди, — дейди беморнинг отаси, донор Илгор Абдуқаюмов. — Давлатимизнинг кўмаги, шифокорларнинг астойдил меҳнати оиламиз қувончини қайтариб берди. Операциядан олдин натижа қандай бўларкан, деган ўй-хаёллар бўлгани рост. Мана, ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир Умиджоннинг кайфияти, ўзига ишончи баланд.        

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари ушбу мураккаб амалиёт муваффақиятли ўтганига катта ишонч билдиришди. Ҳозиргача бўлган натижаларнинг барчаси ижобий. Бемор ва донор соғлом ҳолатда ўз оиласи, яқинлари бағрига қайтди. Энг муҳими, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бундай мураккаб амалиётлардан ташқари, юртимиз шошилинч тиббий ёрдам тизими бўйича йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам, шунингдек йилига 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича тиббий ёрдам ҳам кўрсатиб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг