Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энг катта бойлик — соғлик. Президент бориб кўрган илмий марказ ҳақида

Энг катта бойлик — соғлик. Президент бориб кўрган илмий марказ ҳақида

Фото: Президент матбуот хизмати

Инсон учун энг катта бойлик — соғлик. У фақат соғ бўлгандагина бахт таъмини тўлиқ татиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўплаб юртдошларимиз дардига шифо излаб узоқ-яқин ўлкаларга йўл олишади. Бундай вақтда кўзга ҳеч нарса кўринмай қолади — уй-жой, мол-дунё...

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кардиохирургия, трансплантология ва нейро-қон томир хирургияси бўлимлари учун янги бино қуришдан мақсад — мана шундай юртдошларимиз дардига малҳам бўлишдир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу иншоот қурилиши билан танишгани хабар қилинган эди. Xabar.uz мухбири илмий марказнинг янги бўлимлари қандай имкониятларга эга бўлишини ўрганиб чиқди.

Бутун дунё бўйлаб юрак-қон томир касалликларидан вафот этаётганлар сони кўпчиликни ташкил этади. Янги қурилаётган бўлимлар энг етакчи замонавий технологиялар билан жиҳозланади ва йилига 3000 нафар беморга юқори технологик шифо чораларини кўрсатиш имконини беради.

Беш қаватли бинода ҳар бири 25 ўринли учта бўлим — кардиохирургия, нейро-қон ва трансплантология бўлимлари ташкил этилади. Бундан ташқари 6 та замонавий амалиёт хоналари, 14 ўринли реанимация бўлими ва 12 та интенсив даволаш ўрни ташкил этилади. Натижада юртимизда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш имконияти ошади.

Юқори технологик ускуналарга эга ташхислаш бўлими эса бир қатор касалликларни эрта аниқлаш имконини беради. Янги бўлимлар ишга тушгач қуйидаги натижалар кутилмоқда:

- кардиохирургия бўлимида йилига 700 дан ортиқ кўтарилувчи аорта ва юрак клапанларни протезлаш, кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операциялари амалга ошириш имконияти пайдо бўлади (ҳозирги шароитда 400 зиёд амалиёт бажарилади);

- трансплантология бўлимида йилига 300 дан зиёд буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиётлари бажаралиши учун барча шароитлар яратилади (ҳозирги вақтда йилига 100 та амалиёт бажарилади);

- нейро-қон томир хирургияси бўлимида бош миянинг қон томир нуқсонларини хирургик даволаш натижасида йилига 200 дан зиёд чуқур ногиронликка маҳкум бўлган беморларга ноёб амалиётлар ўтказилади (ҳозирги вақтгача 50 та амалиёт бажарилган);

- интервенцион муолажалар бўлимида ҳар йили қўшимча 1000 дан зиёд ўткир коронар синдром, бош миянинг қон айланишининг ўткир бузилишида юқори даражадаги минимал инвазив диагностика ва даволаш муолажалари ўтказилади.

Юртимизда ўтказиладиган ҳар битта қўшимча амалиёт кимгадир бебаҳо бўлган бойлиги — соғлигини қайтариб беради. Аммо биргина бино қуриб, уни жиҳозлаган билан беморлар тузалиб қолмайди. Бунинг учун кучли мутахассислар керак бўлади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарияти аллақачон бу борада иш бошлаб юборган. Унга кўра:

- Кардиохирургия йўналиши бўйича Австриянинг Вена шаҳридаги AKH Wien клиникасида 6 нафар мутахассис ўқитилган;

- Трансплантология йўналиши бўйича Туркиянинг Анқара шаҳридаги Башкент Университети ҳамда Малатья шаҳридаги Иноню Университетида 22 нафар мутахассис ўқитилган;

- Нейро-қон томир хирургияси йўналиши бўйича Япониянинг Ахасикава Университети клиникаси ҳамда Финляндиянинг Хельсинки Университети клинкасида 6 нафар мутахассис ўқитилган.

— Беморлар учун энг азоблиси — йўл. Узоқ ҳудудлардаги касалларга масофадан ташхис қўйиш ва даволашни ташкил этиб, халқимизни шу қийинчиликдан халос қилиш керак, — деган эди Шавкат Мирзиёев. Янги бино беморларни мана шундай азобдан ҳалос этиш учун қурилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ходимлари барча юртдошларимизга соғлик-саломатлик тилайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг