Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Етти хазинанинг бирими ёки етти можаронинг? (видео)

Етти хазинанинг бирими ёки етти можаронинг? (видео)

Фото: «dehqon.uz»

Тадбиркорга фойданг тегмаса, ҳеч бўлмаса, зиёнинг тегмасин.

Шавкат Мирзиёев

Луқмаи ҳалол

Бекорга балиқни «луқмаи ҳалол» дейишмайди. Балиқ гўштида инсон саломатлиги учун бошқа маҳсулотларда топилмайдиган фойдали моддалар бор. Ҳафтасига камида икки марта, ҳар бир инсон йил бўйи камида 16 килограмм балиқ ейиши лозимлигини олимларимиз таъкидлашган. Ўзбекистон аҳолиси 32 миллионлигини эътиборга олсак, мамлакатимизда йилига 500 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилиши керак.

«Балиқчиликка эътибор қаратганимизда 30 минг тоннага ҳам бормасди, бир ҳаракат қилдик, мана, 100 минг тоннага етди. Энди йилига 150 минг тоннага етказамиз», — деган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбирида.

Пайариқ туманидаги Балиқчилик қўрғонида ҳам 200 гектардан ортиқ ердаги сунъий кўлларда балиқ етиштириларди. Аммо йиллар ўтиб, кўллар қаровсиз ҳолга келиб, қамишзор ва ботқоқликка айланиб бораётган эди. Балиқчиларнинг мурожаатлари билан «Пайариқбалиқчилик» МЧЖ томонидан қаровсиз қолдирилган ҳовузларга 2002 йилда Пайариқ тумани ҳокими қарор чиқариб, «С.Ж.Ашур ота», «Тойдул А.Б», «Тройка К.А» ва «Маҳлиё Р.А» каби фермер хўжаликларига фойдаланиш учун топширди. Шундан кейин туманда балиқчилик ишлари ривожлана бошлади.

«С.Ж.Ашур ота» фермер хўжалиги раҳбари Жумабой Султонов ҳам қаровсиз ётган ҳовузлардан учтасини олди, кейинчалик ўзи яна иккита ҳовузни барпо қилди.  Жумабой Султонов Ўзбекистон Президенти соврини учун Ўзбекистон савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган «Ташаббус» кўрик-танловининг вилоят ва республика босқичларида ғолиб бўлиб, мукофотланди. Унинг фаолияти ҳақида газеталарда ёзишди, вилоят ва республика телевидениеларида кўрсатувлар намойиш қилинди.

Кейинги икки йил ичида юртимизда балиқчиликни ривожлантириш борасида улкан ишлар қилинмоқда. Президентнинг «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг «Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Аммо бу қарорларни ўзларича тушунган айрим манфаатдор раҳбарлар қаровсиз қолганда иши бўлмаган сув ҳавзаларини бугун, энди улар тозаланиб, тартибга келтирилиб, даромад келтирадиган ҳолга келгач, шунчаки тортиб олиш пайига тушдилар.

«Самарқандбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари О.Асанов ва «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалиги раҳбари И.Ҳалимовлар Президент қарорини ўзларича талқин қилиб, янги сув ҳавзалари яратиш ўрнига фермерлар 2002 йилдан бери фойдаланиб келаётган тайёр сув ҳавзаларини тортиб олиш билан ўзларини ҳукумат қарорларини бажарган қилиб кўринишни истаб қолдилар. Улар фермер хўжаликлари фаолияти ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасига нохолис маълумотларни тақдим қилиб, Самарқанд вилояти ҳокимининг Пайариқ тумани ҳокими чиқарган бир қатор қарорларни бекор қилиш ҳақидаги қарорини чиқартиришга эришганлар.

Қандай қилиб бунга эришилгани ҳам қизиқ. Айни шу фермер хўжаликлари фаолиятини текшириш учун вилоят томонидан ишчи гуруҳ тузилган ва янада қизиғи бу гуруҳ ўрганиш жараёнида балиқчи Жумабой Султоновни шунчаки огоҳлантириб қўйишни ҳам лозим топмаган. Вилоятдан шунча одамдан иборат ишчи гуруҳ бориб ўз ерларини ўрганиб  келганини ҳам фермерлардан бирортаси кўрмаган.

Ишчи гуруҳ бир нечта фермерга бир хил «шаблон» асосида камчилик ёпиштирганига ҳайратланмай илож йўқ. Фақатгина фермер хўжаликлари номигина алмаштирилган бу хулосаларда ҳатто имзолар ҳам «ксерокопия»ки буниси энди алоҳида мавзу.

Ишчи гуруҳнинг фермер хўжаликларини тугатишга асос бўлгудай хулосасини ўрганамиз. Уларда барча учун бир хил тарзда жумладан шундай дейилади: «Сув ҳавзасининг 65-75 фоизини қамиш ва лух босиб, балиқ ривожланишига халақит бермоқда. Бундан ташқари сув ҳавзалари вақтида тозаланмагани сабабли қамиш ва лухларнинг чириши натижасида ботқоқликка айланган».

Бир қарашда жўяли асос. Аммо кейинги жумлаларни ўқисангиз дарҳол мантиқ бузилади: «Ўрганиш жараёнида ишчи гуруҳ томонидан сув ҳавзаларидаги қамишлар ўрилиб, сотишга тайёрланаётгани аниқланди. Ушбу фермер хўжаликлари балиқ етиштиришдан кўра қамиш сотишни афзал кўриши яққол кўриниб турибди».

Ишчи гуруҳ қай ҳолатга эътироз билдирмоқда? Қамишлар ўрилаётганигами ёки ўрилмаётганигами? Балки қамишлар ўрилиб, қуритилиб ёқиб юборилиши мақсадга мувовиқ  кўрилар...

Шунингдек яна бир жиддий камчилик тилга олинган. Хусусан Жумабой Султонов фаолияти ҳақида: «С.Ж. Ашур Ота» фермер хўжалиги 85 гектар сув ҳавзасидан 212.5 тонна балиқ етиштириши керак эди, ҳақиқатда эса 2016 йилда 39,6 тонна балиқ етиштириб, белгиланган меъёрни 18 фоизга кам бажарган ёки 172,9 тонна кам балиқ етиштирган» дейилади.

Ҳа, ўйлаб қаралса, ниҳоятда жиддий камчилик. Асосли талаб қўйилган.  Жумабой акага юзланамиз:

— Мана, ўз камчилигингиз ўзингизга кўринмаяптими?

— Мен балиқчилик билан шуғулланаётганимга 30 йилдан ошди. Марҳамат, вилоят ҳокимлигида барча маълумотлар бор. Сўнгги 10 йилда кимдир бизнинг ҳудудларда ўша талаб даражасида мунтазам балиқ етиштириб келган бўлса, мен ҳозироқ ҳамма нарсамни ташлаб, ўзим шунча меҳнатимдан воз кечиб кетишга тайёрман.

Жумабой аканинг бу гаплари жўмардлик ёки катта кетиш туюлар. Лекин қонун талабларига кўра туман ҳокимининг қарори асосида ишлаб келса, шунча йиллик фаолияти давомида ўнлаб мақтов ёрлиқлари олса, газеталарда у ҳақда тўлқинланиб ёзишса, марказий телеканаллар ибратли кўрсатувлар тайёрлашса (видеога қаранг), хуллас шу пайтга қадар ҳар соҳада ўрнак бўлиб келсаю, бирдан ноқонуний фаолият юритаётган деган тамға билан ишлаб турган хўжалиги барбод бўлса, ҳар қандай инсон гапирадида.

Энг қизиғи, айнан Пайариқ туманида балиқчиликка иштиёқ билан киришган, аммо унинг машаққатига чидай олмай ташлаб кетган ўнлаб фермер хўжаликлари бор. Уларнинг ҳовузлари ўрни қаровсиз ётибди. Ўшалар қолиб, Жумабой аканинг ва шерикларининг тайёр ишлаб турган хўжаликларига кўз тикканлар мард бўлсалар ўзларини ўша жойларда кўрсатсинлар, нолдан бошлаб, балиқчиликни янги босқичга кўтариб, ҳаммага ўрнак бўлсинлар!

Президентнинг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шундай дейилади: «Сув ҳавзалари ташкил этиш учун ер участкалари бериш масалаларида тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорлик таъминлансин!».

Афсуски, вилоят ҳокимлиги туман ҳокими билан ҳамкорлик қилиш, маслаҳатлашишни ўзига эп кўрмади, унинг қарорларини бекор қилди. Энг ёмони, айни дамда фермерлар бир неча тонна балиқ чавоқларини ташлаб, парвариш қилиб турган дамларда бу ҳовузларни «Самарқандбалиқчилик» МЧЖга бўшатиб беришларини таъминлаш ҳам туман ҳокимидан талаб қилинмоқда.

Ҳар қандай инсофли одам ҳам балиқлар парвариш қилиб турилган ҳовузларни бир неча кун ичида бўшатиб беришни талаб қилиш адолатсизлик эканини тушунади. Ахир фермерлар бу балиқ чавоқларини катта пулга сотиб олишган, уларга қиммат турадиган оқсилга бой емишлар беришган.

Бугун вилоят ҳокимининг қарорини чиқартириб олган замонавий ишбилармон «балиқчи»лар эса «Ҳовузни бўшат, сувингни ҳам қурит, балиқларинг билан ишим йўқ, хоҳласанг териб ол, хоҳласанг оқизиб юбор» деб туришибди.

Жумабой Султонов ва бошқа фермерлар адолат истаб Самарқанд шаҳар маъмурий судига мурожаат қилишди. Афсуски, суд кўлларнинг янги эгалари фойдасига қарор чиқарди.

Хуллас, Жумабой Султонов ҳам, у каби 2002 йилдан бери балиқчилик билан шуғулланаётган бошқа фермерлар ҳам адолат ва ҳақсизлик чегарасини топа олмай, сарсон-саргардон бўлмоқдалар. Бу ёқда балиқларни парвариш қилиш керак. Ем ва озуқалар қиммат. Уларни харид қилиш учун давлат банкларидан кредит олмаса, қийналиб қолишади. Кредит олиш учун эса амалдаги қарор, бекор қилинган. Можаролар гирдобида қолган фермерларга эса банклар ҳам кредит ажратмаяпти. «Худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртади» деганлари шудир балки?

Умид қиламизки, Самарқандда бўлаётган шубҳали ишлар билан тегишли идоралар шуғулланишади ва адолат қарор топади.

Бизга эса кимнидир қақшатиб тортиб олинган ҳовузда боқилмаган, ҳалол боқилган балиқлар бўлса бас!

Каримберди Тўрамурод,«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг