Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ФҲДЁ архивларида 19 асрдан бери сақланиб келаётган барча ёзувлар электрон кўринишга ўтказилади

ФҲДЁ архивларида 19 асрдан бери сақланиб келаётган барча ёзувлар электрон кўринишга ўтказилади

Фото: «Xabar.uz»

«Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорда асосий эътибор соҳада аҳолига ҳар томонлама ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишни самарали механизмларини яратишга қаратилиб, бу борада тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мазкур муаммолардан келиб чиқиб, фуқароларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ФҲДЁ органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини сифатини яхшилаш борасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Жумладан, аҳолига тезкор равишда архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантириш кўзда тутилди.

2022 йил 1 январга қадар ФҲДЁ органлари архивларида 19 асрдан бошлаб сақланиб келаётган барча (60.000.000 дан ортиқ) ёзувлар электрон кўринишга ўтказилади.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири сифатида фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бюрократия ва коррупция юзага келишини олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда «мобиль давлат хизматлари» услублари ишлатилади.

Шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишга масъул мансабдор шахслар, яъни туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, Давлат хизматлари агентлигининг директори, туманлар (шаҳарлар) ФҲДЁ бўлимлари мудирларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги доираси аниқ белгилаб берилди.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб никоҳ шартномасини, алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинди.

Маълумки, ФҲДЁ органларида туғилишни қайд этишда давлат божи ундирилмайди, бироқ судлар томонидан туғилганлик фактини белгилаш билан боғлиқ ишларни кўришда тўловлар ундирилиши белгиланган эди.

Қарор билан эндиликда судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўриш учун ҳеч қандай тўловлар ундирилмаслиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, туғилиш ва ўлим фактларини ўз вақтида қайд қилиш мақсадида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришни автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими билан интеграция қилиш вазифаси тегишли идораларга юкланди.

Шу билан бирга, Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида чақалоқларга унинг ҳаёти давомида тўпланадиган ўзи ҳақидаги барча маълумотларни қамраб олувчи шахсий идентификация рақами берилишини амалиётга жорий этилади.

Қарор билан туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, уларга қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказиш, натижаси бўйича туғилганлик, ўлим ҳолатларини қонун ҳужжатларига мувофиқ манзилли қайд этилишини таъминлаш юкланди.

ФҲДЁ органлари тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва уларга қарши кескин курашиш борасида 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун тўловларни (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) электрон мобил иловалар орқали тўлаш тизими жорий этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг