Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Франция Янги йилни нишонлашдан воз кечди(ми?)

Франция Янги йилни нишонлашдан воз кечди(ми?)

Париж. Янги йил байрамидаги мушакбозлик.

Фото: «Emaze.com»

Парижга бориш кўпчиликнинг орзуси бўлса, ушбу шаҳарда янги йилни кутиб олиш камдан-кам инсонларгагина насиб этадиган алоҳида воқеа ҳисобланади. Ҳар йили Елисей майдони авенюсида байрам муносабати билан «Янги йил бозори» ташкил этилади. У бир неча ой давомида шаҳарга ташриф буюрувчи 15 миллион нафар сайёҳга байрам шукуҳини улашиб туради.

Фото: «Linternaute.com»
Фото: «AllRez.com» 
Фото: «Linternaute.com»
Фото: «Linternaute.com»
Фото: «Atlub.com» 
Фото: «Linternaute.com»
Фото: «witbanknews.co.za»

31 декабр куни Эйфел минорасининг олдидаги Марс майдонида уюштириладиган мушакбозлик маросими бу байрамнинг ҳадди аълоси (кулминацияси) ҳисобланади. Мазкур бозор дунёдаги энг катта «Янги йил» бозорларидан бири бўлиб, у авеню бўйлаб 2,5 километрга чўзилар, 200 та оқ уйча (дўкон)лардан иборат эди.

Фото: «Leparisien.fr»

Бозорнинг бир тарафида — «Конкорд» майдонига 70 метрлик улкан чархпалак ўрнатилар, бу ерга келувчилар, айниқса, болаларнинг қувончли қийқириқлари гўё оламни тутарди.  Бозорнинг бошқа томонида «Катта сарой» деб аталувчи кўргазмалар саройида катта конки учиш майдонлари ташкил қилинар эди. Парижнинг бошқа жойларида ташкил қилинадиган концерт ва томошалар ҳам Янги йилнинг юқори савияда ўтишини таъминлайди.

Ушбу келтирилган таърифлар Парижда ҳозирга қадар, яъни ўтган йилларда ўтказиб келинган Янги йил байрамларига тегишли эди. Чунки Франция пойтахти 2018 йилни бутунлай бошқача, тўғрироғи, камтарона руҳда кутиб олишга шайланмоқда.

Фото: «Parisgratuit.com»

Бошланишига, шаҳар мэрияси дунёнинг энг гўзал кўчаларидан бири бўлмиш авенюда Янги йил бозорини ўтказишга рухсат бермади. Бозорни 2008 йилдан бери ташкиллаштириб келган тадбиркор Марсел Кампион Париж мэрияси билан бир неча бор судлашди, бироқ бу унга ҳеч қандай фойда бермади. Бироқ шунга қарамай Парижнинг деярли барча округларидаги бошқа бозорларга рухсат берилди. Асосийси шу.

Марсел Кампион ва шаҳар мэрияси ўртасидаги келишмовчилик фақатгина Янги йил бозори билан тугамайди. Париж шаҳри ҳар йили «Конкорд» майдонига ўрнатиладиган чархпалакни ҳам кейинги йилдан, яъни 2018 йилнинг май ойидан бошлаб қўймаслик ҳақида қарор чиқарди.

Маълумот учун: 100 метрлик ушбу илк чархпалак 1900 йилдаги «Коинот кўргазмаси» пайтида ўрнатилган. У ўша пайтда дунёдаги энг катта чархпалак бўлган. Ўтган аср давомида бир неча марта олиб ташланиб, кейин қайта ўрнатилган чархпалакни қуриш лойиҳаси 1993—1994-йилларда ўша пайтдаги Париж мэри (кейинчалик Франция президенти) Жак Ширак томонидан қўллаб қувватланган. 2000 йилни қарши олиш муносабати билан қайта ўрнатилган чархпалак 2 миллион кишини қабул қилиб, 4 миллион евродан ортиқ даромад келтиради.

Фото: «Flickr.com»
Фото: «Flickr.com»

Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионати муносабати билан «Евро—2016»нинг рангларига безалган чархпалак, ниҳоят 2018 йилнинг май ойида олиб ташланадиган бўлди. Ҳозирда бу борадаги можаролар давом этмоқда ва Парижнинг ўзига хос рамзларидан бирига айланиб улгурган мазкур иншоот ўз тақдири нима бўлишини кутмоқда. Қўшимча равишда, сиёсий доиралар томонидан «таниш-билишчилик»да айбланаётган Марсел Кампионнинг Париж «Катта саройи»даги конки учиш майдонларига ҳам рухсат берилмади.

Фото: «Parisianist.com

Ва ниҳоят, Париж шаҳри 2018 йилни мушакбозликларсиз кутиб олишга қарор қилди. Сўнгги йилларда Ница ва Париж шаҳарларида юз берган террорчилик ҳодисалари сабабли, Париж шаҳри хавфсизлик юзасидан 2000 йилдан бери ўтказиб келинаётган мушакбозликни ўтказмаслик ҳақида қарор чиқарди. Бунинг ўрнига, «Елисей даласи» авенюсида жойлашган «Зафар арки» биносига прожектор билан тушириб, «Парижликлар ҳаёти»га оид мусиқали ва тасвирли спектакл намойиш этиладиган бўлди.

Санаб ўтилган сабабларга кўра, Париж шаҳри 2018 йилни «ўзгача», яъни камтарона кутиб оладиган бўляпти деб айтиш мумкин. Лекин хавотирга ўрин йўқ. Париждаги улкан рамзий тадбирлар ўтказилмагани билан ҳеч ким шаҳарнинг ресторанларига, машҳур кабареларига, театр ва санъат саройларига, энг асосийси, бу ерда яшовчи инсонларга ўз уйларида, оилалари даврасида Янги йилни кутиб олишни тақиқлагани йўқ. Бас шундай экан, парижликлар ва шаҳар меҳмонлари учун хавотир қилмасак ҳам бўлади!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг