Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФВВда ҳозирча вертолёт йўқ, керак бўлса, Мудофаа вазирлигидан олиб туришади

ФВВда ҳозирча вертолёт йўқ, керак бўлса, Мудофаа вазирлигидан олиб туришади

Спутник

Бугун, 16 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида журналистлар билан интервью бўлиб ўтди.

Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари Ички ишлар вазирлигидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилгани учун энди ФВВ ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ваколатли орган бўлиб қолди.

ФВВ вакилларига кўра, Нукус, Қарши, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида йирик кўламли фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган ҳудудий ёнғин қутқарув отрядлари тузилади.

ОАВ вакиллари тоғли ҳудудларда тезкор ёрдам зарурати туғилганда ёки катта ҳажмли майдонларда ёнғин келиб чиққанда воқеа жойига етиб бориш учун фойдаланиладиган техникалар хусусида савол берди.

Мутасаддилар айни вақтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфида вертолёт мавжуд эмаслигини билдирди.

“Вертолёт керак бўлганда Мудофаа вазирлигидан олиб турамиз, бунда биз ёқилғи билан боғлиқ харажатларни қоплаб берамиз”, — деди Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ФВВни вертолёт билан таъминлаш масаласи ўз ечимини топади.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлигига вертолёт ажратиш ва вертолётлардан фойдаланиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланган, — деди Ёнғин хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Санжар Зуфаров. — Бу масала ҳатто давлат дастурига ҳам киритилган. Режага мувофиқ 2020 йилда бизнинг тизимга ҳам вертолёт берилиши мумкин”.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг