Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дин ишлари бўйича қўмита: Ҳаж зиёрати нархи 45 млн. сўм бўлгани асоссиз, мазкур масала ҳали кўриб чиқилмаган!

Дин ишлари бўйича қўмита: Ҳаж зиёрати нархи 45 млн. сўм бўлгани асоссиз, мазкур масала ҳали кўриб чиқилмаган!

Ўзбекистон фуқаролари Ҳаж зиёратига йўл олмоқда

Фото: «Xabar.uz»Kun

28 декабр куни «Xabar.uz»да колумнист Давронбек Тожиалиевнинг «Ҳаж зиёрати нархи қанча?» номли мақоласи эълон қилинган эди. Мақола ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж зиёрати нархи 45 млн. сўм бўлгани, республикада валюта бозорининг эркинлаштирилиши оқибатида бозор ва давлат курслари бир хил бўлгани учун сўмда Ҳаж нархи ошиб кетгани, 45 млн. сўм бугунги курс билан 5541 АҚШ долларини ташкил этиши, бу маълумот ижтимоий тармоқда турли фикрлар, тортишувларга сабаб бўлаётгани айтилган ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ҳажга масъул ташкилотлар бунга ўз муносабатлари ва нарх бўйича изоҳларини беришлари сўралган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати бунга расман изоҳ бериб, «интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида Ҳаж мавсумининг нархи масаласида билдирилган маълумот фуқаролар орасида турли хил асоссиз муҳокамаларга сабаб бўлаётганини» билдирди.

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида Ҳаж ва Умра мавсумларини намунали ташкил этиш ишлари «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилади. Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири билан бўлиб ўтадиган учрашувдан сўнг бошланади. Ушбу учрашувда ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилинади.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизматининг берган маълум қилишича, ҳозирча 2018 йилнинг учун «Ҳаж» ва «Умра» зиёратлари нархи белгиланмаган. Мазкур масала 2018 йилнинг январ ойида бўлиб ўтадиган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади. Йиғилишда зиёратчилар томонидан тўланадиган маблағ муҳокама қилиниб, нарх белгиланади.

«2018 йилги Ҳаж мавсуми зиёратчиларини саралашда унинг моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» сафарига тайёрлиги, аввал Ҳажга бормаганлиги, ислом дини ва Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари, маънавияти, маърифати ва одоб-аҳлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беришига алоҳида эътибор қаратилади. Фуқароларимиздан мазкур масалаларда мутасадди вазирлик ва идоралар берган маълумотларга эътибор қаратишларини ҳар қандай нохолис маълумотларга ишониб кетавермасликларини тавсия этамиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан бошлаб ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланганди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди). Бундан ташқари, ўтган йили 150 нафар ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси давлат томонидан имтиёзли равишда умумий квотадан ташқари ҳолатда Ҳаж зиёратига юборилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг