Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳиндистонда ўзбекистонлик ёшлар уюшмаси иш бошлади

Ҳиндистонда ўзбекистонлик ёшлар уюшмаси иш бошлади

Фото: «RTU»

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан мазкур мамлакатнинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар берди.

Айни вақтда Ҳиндистонда 50 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар ахборот технологиялари, иқтисодиёт, шарқшунослик, инглиз тили каби қатор йўналишларда илм ўрганишмоқда.

Учрашувда уюшманинг 2018 йилдаги иш режаси муҳокама қилиниб, ундаги асосий йўналишлар сифатида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги маданий, илмий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида иш олиб бориш, Ҳиндистон илмий марказлари, кутубхона ва музейларида сақланаётган ва биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон тарихи ва маданий бойлигига оид нодир қўлёзмалар каталогини тузиш, мазкур мамлакатнинг инновация ва ахборот технологиялари йўналишидаги илғор тажрибасини ўрганиш каби тадбирлар қайд этилди.  

Тадбир якунида Ҳиндистонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштирувчи уюшма тузишга қарор қилинди. Элчихона билан яқин ҳамкорликда иш юритадиган мазкур ташкилот йиғилиши ҳар ойда камида бир маротаба ўтказилади.

Тузилманинг раиси этиб Жавоҳарлал Неру университети магистранти Музаффар Хақбердиев, котиб этиб эса Дели университетининг Рам коллежи талабаси Азиза Зоирова сайландилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг