Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳоким бува, эшак лойдан ўтдими?» (фельетон)

«Ҳоким бува, эшак лойдан ўтдими?» (фельетон)

Нарпай тумани ҳокимлиги биноси.

Фото: «Narpay.uz»

Туман ҳокимининг муомаласи бирданига ўзгаргани ўчаётган умид учқунларини порлатиб юбораёзди. Ҳокимнинг ўзи аччиқ ичакдек чўзиб келаётган масалани бирданига «ҳал қилиб бераман» дейишга тушиши кутилмаган ҳол эди-да. Аслида, масала мураккаб эмасди.

Икки йилча аввал Нарпай туманининг «Ноғорахона» маҳалла фуқаролари йиғинида ҳавасга лойиқ футбол майдончаси барпо этилади. Бу туман мутасаддиларининг қўллаб-қувватлови ва маҳаллий тадбиркор Жамшид Суяров саъй-ҳаракати билан қурилаётган «Спорт комплекси»нинг бир бўлаги эди. Меҳнати кенг жамоатчилик томонидан яхши кутиб олингач, тадбиркор қишки ёпиқ спорт иншооти қуришга бел боғлади.

Имконияти бор, иштиёқи қайнаб турибди, кредит деб бировнинг бошини қотираётгани йўқ, фақат иш рисоладагидек якунига етиши учун қураётган «Спорт комплекси» биқинидаги тўрт сотихгина ер хатлаб берилса, бас. Шунда умумий майдони 25 сотихдан кўпроқ бўлган кўркам спорт мажмуаси юзага келадики, маҳалла аҳли, биринчи навбатда ёшлар бу ерда қишин-ёзин спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади.

Туман ҳокими Ботир Жабборов бу ташаббусга «ҳа»ям демади, «йўқ» ҳам...

«Йўқ» дейишнинг-ку, иложи йўқ: сабабки, сўралаётган ер майдони бировнинг «маҳри»га тушмаган, туман ҳокимлиги захирасида турибди. Иккинчидан, бундай спорт мажмуаси маҳалла тугул, туманнинг ўзида йўқ: шу чоққача қурилмаган, бунга биров ҳаракат ҳам қилмаган. Қолаверса, айрим туман раҳбарлари шунақа мажмуа қурдириш учун тадбиркорларга илтимос қилиб юрган бир пайтда Нарпайда бунинг аксини кўриш ҳокимнинг омади эмасми? «Ноғорахона» МФЙда истиқомат қилувчи 4146 нафар аҳолининг қарийб ярми ёшлар, баркамол авлод масаласи давлат сиёсати даражаси чиққан ҳозирги кунда спорт-соғломлаштириш ишларига тўғаноқ бўлмоқ бугуннинг талабига тўғри келмайдики, туман раҳбари буни билмайди, дейсизми?!

Шунга қарамай, шугина масала пайсалга солинаверди, солинаверди...

Бундай ҳаракатсизликдан ҳафсалалар пир бўлай-бўлай деганда... ҳокимнинг ўзи босиб-эзғилаб сўндираёзган умидга яна ўзи «жон бахш» этиши фавқулодда ҳолат эмасми?

Бунинг учун ҳокимнинг кичик илтимосини адо этиш керак экан, холос.

Илтимос оддий ва... жиддий эди! «Ноғорахона» МФЙ ҳудудида қисқа муддатда ўттиз олти хонадондан иборат икки қаватли арзон уй-жойлар қурилди. Кўнгли ярим бир болани қарамоғига олгани боис Суяровларга шу уйлардан биттагинаси текканди. Илтимос шуки, ўша уйга маҳалладаги бир ногирон оиласи билан вақтинча жойлаштирилади, «юқори»га фалон нафар имконияти чекланган фуқаро уй-жой билан таъминланди, деб «рапорт» бериш учун...

— Кейин-чи? Кейин?..

— Кейин бир гап бўлар, ҳозир номига бўлсаям ногиронларни «уйли» қилишимиз шарт!.. Агар қўлласанг, сўраётган ўша тўрт сотих ер — сеники!

Келишдилар.

...«Уй тўйи» зў-ўр ўтди. Ҳоким тантанали равишда бировга тегишли уйи калитини имконияти чекланган шахсга тутқазди, бундай саодатли лаҳзалар телекамераларга муҳрланди, ҳароратли нутқлар ирод этилди, баланд оҳангларда ҳисоботлар берилди...

Хуллас, ҳаммаси рисоладагидек!

Бироқ ҳоким ваъдасида турмади.

Турмайдиям-да. Президентнинг халқпарвар сиёсатига нисбатан кўзбўямачлик қилиб, давлат раҳбарини алдаётган амалдор учун оддий фуқаро олдига похол солиш иш бўптими?!

...Алқисса, ҳоким амаллаб «эшагини лойдан ўтказди»: бунинг учун ногироннинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди, тадбиркорнинг қулоғига лағмон илди, «юқори»дан «очко» олган бўлса, эҳтимол. Энди, муҳтарам Суяров, хизматингизга эҳтиёж қолмади, бемалол тошингизни теришингиз мумкин.

Ер-чи?

Қанақа ер? Анув тўрт сотихми? У ер аллақачон «эгасини таниб» кетди! Энди бу жойга савдо дўкони қуради! Лаббай? Машҳур «Мирбозор» бозори маҳаллага яқин-ку, пиёда ўн дақиқада етиш мумкин, баски, савдо дўконига эҳтиёж йўқ, дейсизми?.. Эҳтимол. Аммо сиз спорт мажмуаси қуриб, битта чемпион чиқаргунингизча қанча вақт кетади? Ҳокимга эса «результат» керак, шу бугун керак, тўғри йўл биланми, эгри йўл биланми — фарқи йўқ! Акс ҳолда, талаб қаттиқ: ҳокимнинг «ковуши тўғриланиши» мумкин. Унгача шунақа «савоб» ишларга улгурмоғи шарт. Ернинг янги эгаси ким? У кишини танимайсиз — қўшни тумандан(!): айтишларича, исм-фамилиясида «Бой» деган ҳам, «Мурод» деган ҳам сўз бор эмиш. Тағин бунда «фақат бойлар муродига етаверар экан-да», деган хаёлга борманг-а, исбот-далил дейилганда хижолатда қолишингиз мумкин...

Шавкат Абдулла

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг