Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом Каримовга мактуб: «Бобом бизни кутяпти»

Ислом Каримовга мактуб: «Бобом бизни кутяпти»

Фото: Facebook / Lola Karimova-Tillyaeva

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тилляева ўзининг «Фейсбук»даги саҳифаси орқали тушларида кўраётган отасига мактуб йўллади. Қуйида уни борича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Сизни яна тушимда кўрдим. Тушларимга жуда кўп кирасиз ва баъзида ҳали ҳам ҳаётсиз, мана ҳозиргина сиз билан хайрлашдик, мен эса сизни ҳар доимгидек елкангиздан қучиб, юзингиздан ўпиб қўйгандек, тафтингизни ҳис қилгандек туйғуси билан уйғониб кетаман. Сизни жуда-жуда соғиндим.... Бир йил олдин кабинетингизда бўлганимда, иш столингиз устидаги қўлёзмаларингизни олиб, ўз стол жавонимга солиб қўйгандим. Куни кеча қизалоғим Сафия (у олти ёшга кирди ва жуда ҳам сизга ўхшайди), ўша жавонни очган эди, кўз ёшларимизни тийиб туролмадик...

Қизчам бошини кўтаргиси келмас, чунки кўзларидан дув-дув ёшлар оқар ва юзига тушар эди... Кейин эса озгина вақт ўтиб, у кўз ёши аралаш сукунатни енгишга ҳаракат қилиб, менга боқди-да: «Мен бобомнинг қабрларини зиёрат қилмоқчиман. Улар бизни кутяптилар», деди.

Баъзи сабабларга кўра биз ҳозир Самарқандда эмасмиз. Аммо биламизки, сиз, ўзингизнинг янги гўзал масканингиз, севимли она шаҳрингиз бағрида, ўз халқингиз — ўз фарзандларингиз, сизни севган ва севгувчи инсонларни кутяпсиз.

Мен сизни яна тушимда кўрдим... Бу туш эмас, мисоли чин эди... Ҳаётсиз деб ўйладим... Мен ўнгимда сизнинг юзингизга тега олмасам-да, аммо қалбларимиз руҳан бир-бири билан сўзлашаётгандек, сизни кўра олмасам-да, ёнимда туриб, мени тубдан кузатаётгандексиз, назаримда... Мен буни ҳис қиляпман... Мен буни биламан...»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг