Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жеймс Аппатурай: «НАТО афғон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал этишда Ўзбекистоннинг фаол саъй-ҳаракатларини олқишлайди»

Жеймс Аппатурай: «НАТО афғон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал этишда Ўзбекистоннинг фаол саъй-ҳаракатларини олқишлайди»

Фото: Спутник

Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ўз вакили бор — НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай. Унинг айтишича, бундай вакилнинг фаолият кўрсатиши мазкур алянс минтақага катта эътибор қаратишидан далолат беради. Ўзбекистоннинг ушбу ҳарбий-сиёсий бирлашма билан муносабатлари истиқболи қандай? Таниқли арбоб Жеймс Аппатурай «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига шу ҳақда сўзлаб берди.  

— НАТО Марказий Осиёга стратегик жиҳатдан муҳим минтақа сифатида қарайди ва бу бизнинг расмий ҳужжатларимизда ўз ифодасини топган. Биз минтақанинг халқаро хавфсизликда салмоқли ўрин тутишини эътироф этамиз. Ўзбекистон, ўз навбатида, бу минтақанинг жуда муҳим қисми ҳисобланади.

Кўп йиллардан буён НАТО Ўзбекистонга Афғонистон омилининг таъсири воситасида қараб келади. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, алянсимиз бу минтақани Афғонистонда операциялар бошланишидан аввал муҳим стратегик шерик сифатида белгилаган. Шунинг учун бизнинг ўзбек шерикларимиз ҳамда минтақадаги бошқа ҳамкорларимиз жафокаш Афғонистондаги миссиямиз ниҳоясига етганидан кейин ҳам (умид қиламанки, бу қачондир рўй беради) шароит тақозоси билан Марказий Осиёга жуда юқори сиёсий аҳамият қаратишни давом эттирамиз. Чунки минтақа ўз чегараларидан ташқарида хавфсизликнинг таъминланишида муҳим ўрин эгаллайди, бундан ташқари, Марказий Осиё салмоқли сиёсий-иқтисодий салоҳиятга ҳам эгадир.

НАТОда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббускорлигидаги ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб боришади. Биз барча йўналишлардаги ижобий силжиш ва ўзгаришларни кўриб турибмиз. Қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқки, булар ўз самараларини бермоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистон масаласини тинч йўл билан ҳал этишда янада фаол ўрин эгаллай бошлади. Биз буни олқишлаймиз.

Жорий йил март ойининг охирида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида НАТО бош котиби ёрдамчисининг ўринбосари Жон Манза қатнашди. Биз бунда ушбу форум афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал этилишига янги туртки беришидан келиб чиқдик. Унинг якунлари бўйича кутганимиз ўзини оқлаганини кўриб турибмиз. Мумкин бўлган тинчлик музокаралари ва тинчлик жараёни доирасидаги муҳокамалар, умуман олганда, ҳозир бир қадар юқори мазмун касб этмоқда.   

Конференция ўз вақтида ва яхши ташкил этилди, энг муҳими, у кўпгина тадбирлардан фарқли ўлароқ, ўз натижаларини берди. Ишонинг, мен буни кўпгина халқаро форумларнинг иштирокчиси сифатида ишонч билан айтаяпман.

Шу билан бирга, конференция зарур сиёсий мувозанат билан ҳам қўллаб-қувватланди. Бу ҳам жуда муҳим. Энг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон бу тадбирни ташкил этиш асносида минтақа учун тинчлик исташидан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламаганини барча иштирокчилар кўрди ва кўришмоқда. Тошкент ҳамиша мустақил ташқи сиёсат олиб боргани ва бу масалада мамлакат ростгўй воситачи сифатида ўзини намоён этаётгани ҳисобга олинганда Ўзбекистон жонкуярлиги алоҳида эътиборга сазоворлиги аён бўлади. Шунинг учун конференциянинг ўтказилиш жойи жуда ўринли танланган деб айтиш мумкин.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг жуда муҳим қисми ҳисобланади. Биз яхши амалий ҳамкорликнинг узоқ муддатли тарихига эгамиз. Ўзаро ҳамкорликнинг эришилган даражаси қўллаб-қувватланишига умид қиламиз.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари бугунги Ўзбекистон ҳақида эълон қилаётган материаллардан хабарим бор. «Amnesty International», «Human Rights Watch» сингари халқаро ноҳукумат ташкилотларининг матбуот хабарларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга, айниқса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзгаришларга ижобий баҳо берилмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, Тошкент ҳам қонунчилик, ҳам амалий нуқтаи назардан бу жабҳадаги вазиятни яхшилаш учун аниқ қадамларни ташламоқда. Мамлакат янада равнақ топиш учун улкан имкониятларга эга – Ўзбекистон Президентининг яқинда АҚШга ташрифи чоғида расмийлар бу ҳақда баёнот бердилар. Дарвоқе, биз Шавкат Мирзиёев ташрифи ва унинг Доналд Трамп билан учрашуви самарали бўлганини қайд этдик.

Илгари Ўзбекистондаги вазият юзасидан муайян ташвишланиш мавжуд бўлганини яширишнинг ҳожати йўқ. Бироқ ҳозир давлат раҳбари ташлаётган қадамлар, жумладан, иқтисодиётни либераллаштириш соҳасидаги ислоҳотлар энг аввало Ўзбекистон, халқ фаровонлиги учун амалга оширилаётганини ва буларнинг барчаси минтақада халқаро ҳамкорлик учун янада жозибали муҳитни яратишига халқаро ҳамжамият ишонади.

«Дунё» ахборот агентлиги,

Брюссель

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг