Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Келишувни ким бузди: Украинами, Россиями?

Келишувни ким бузди: Украинами, Россиями?

Украина ташқи ишлар вазирининг Европа интеграцияси масалалари бўйича ўринбосари Елена Зеркал Украина ва Россия ўртасидаги Дўстлик ҳақидаги келишувни тўхтатиш зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россиянинг «ТАСС» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

«Биз шу йилнинг октябрь ойига қадар ўз позициямизни аниқлаб олишимиз лозим. Менинг фикримча, ушбу келишувни давом эттира олмаймиз», — дея баёнот берган у 28 март куни «НВ» радиосига. Зеркалнинг фикрича, Россия Қримда президент сайловини ўтказиш орқали ушбу келишувни қўпол равишда бузди.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Маряна Беца вазирлик Россия билан тузилган Дўстлик, ҳамкорлик ва шерикчилик ҳақидаги келишувни тўхтатиш борасида бир нечта вариантни кўриб чиқаётганини маълум қилган эди. Улар орасида келишувни тўлиқ ёки қисман тугатиш масаласи ҳам бор. «Якуний қарорни мамлакат президенти қабул қилади», — деган Маряна Беца.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Украина ўртасидаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шерикчилик ҳақидаги келишув 1997 йилда тузилган. Келишувга мувофиқ иккала мамлакат ҳам ҳамкор давлатнинг фуқароларига худди ўз фуқароларига берилганидек ҳуқуқ ва эркинликлар берилишини кафолатлайди, миллий қонунчиликда ва мамлакатнинг халқаро шартномаларида кўзда тутилган чекловлар бундан мустасно.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг