Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Китоб – буюк мақсадларнинг муҳим кафолати

Китоб –  буюк  мақсадларнинг муҳим  кафолати

Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Наманган шаҳридаги «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртига диний-маърифий ва бадиий адабиётлар туҳфа қилинди.

Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2-3 майдаги Наманган вилоятига ташрифи доирасида Исҳоқхон Ибрат ёдгорлик мажмуасида зиёлилар нуронийлар билан суҳбат чоғида Косоний, Ибрат каби алломаларга муносиб издошлар бўлиш учун китобга, билимга меҳр қўйиш лозимлиги, китобсиз, билимсиз, маънавиятсиз тараққиётга эришиб бўлмаслиги таъкидланганининг моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотларга амалий кўмаклашиш мақсадида Наманган вилоятининг туманларида ишчи гуруҳлари фаолият олиб бораётган бўлиб, улар томонидан аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Масалан, куни кеча 130 нафардан зиёд талаба билим олаётган «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти кутубхонасига Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида нашр этилган 100 дан зиёд китоб совға қилинди.

– Билим юртимизда диний билимлардан ташқари маънавият асослари, она тили, бухгалтерия ҳисоби, информатика фанлари ҳам ўқитилади, – дейди билим юрти мудири Абдулазиз Бобомирзаев. – Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбар-ходимларининг бугунги мулоқоти эса талабаларимиз учун ўзига хос маънавият соати вазифасини ўтади. Шунингдек, агентлик томонидан туҳфа этилган китоблар муассасамиз кутубхонасини янада бойитди ва узоқ йиллар мобайнида ёшларнинг бу ерда олаётган билимини оширишга хизмат қилади.

– Китоб ҳам моддий, ҳам маънавий бойликдир, – дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев. – Шунинг учун бундан қимматлироқ туҳфа бўлмаслиги керак. Куни кеча Норин туманида ҳам бўлиб, 26-умумтаълим мактаби кутубхонасига икки мингдан зиёд китоб совға қилдик. Демак, ҳар бир китобдан бир нафардан ўқувчи фойдаланиб, ундан нимадир олса, бу тадбирнинг жамиятга келтирадиган нафини билиб олиш қийин эмас.

Билим юрти талабалари билан бўлиб ўтган учрашувда диний-маърифий йўналишда ижод мезонлари, китоб чоп эттириш тартиб-қоидалари ва бошқа мавзуларда ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг