Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ливияга фуқаролар уруши хавф солмоқда

Ливияга фуқаролар уруши хавф солмоқда

Ғасан Саламе.

Фото: «Rakhinecommission.org»

БМТнинг Ливиядаги махсус вакили Ғасан Саламе мамлакат фуқаролар уруши бўсағасида тургани ҳақида баёнот берди. Унинг айтишича, ҳозиргача етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун узоқ йиллар керак.

«Низо оқибатлари ва хавфи нақадар даҳшатли, буни ливияликлар яхшироқ билишади: 460 киши ҳалок бўлди, шундан 29 нафари тинч аҳоли вакиллари», — ТАСС Саламедан шундай иқтибос келтирди.

БМТ вакили шуни алоҳида таъкидладики, айрим мамлакатлар БМТ хавфсизлик кенгаши Ливияга қурол етказишга қўйган эмбаргони бузмоқда, бунинг оқибатида низонинг ҳар икки томонида турганлар тиш-тирноғигача қуролланиб олмоқда.

«Кўп мамлакатлар низонинг қайси томони бўлишидан қатъи назар қурол етказиб беряпти ва оловга баттар мой сепмоқда. БМТ бунга чек қўйиши шарт», — деди Саламе.

БМТ вакили бу кетишда Триполи атрофидаги зўравонликлар Ўрта Ер денгизи жанубий қирғоғидаги узоқ муддатли қонли низога айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Маълумот учун: Ливиядаги вазият шу йилнинг апрель ойида кескинлашганди. Ўшанда Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар Миллий келишув ҳукумати назорати остидаги пойтахт Триполига юриш бошлаганди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу қуролли низо 460 дан зиёд инсоннинг умрига зомин бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг