Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мактаб ва университетларда умуммиллий дарслар ўтказилади

Мактаб ва университетларда умуммиллий дарслар ўтказилади

Фото: «Uza.uz»

Ўзбекистон Президенти «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланиб, дастурни амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил этилди. Комиссия  қуйидаги вазифаларни бажаради:

— Дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишга масъул ижрочилар фаолиятини мувофиқлаштиради;

— Дастурда кўзда тутилган тадбирлар ижросини ташкил қилишга ва уларнинг ўз вақтида ижро этилиши мониторингини амалга оширишга ҳар тарафлама кўмаклашади;

— Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакилларининг фаол иштирок этиши бўйича халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилишини таъминлайди;

— Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирларни, мамлакатимизда мақсади ва шартлари инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўлган демократик, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этади.

Фармонга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 2018 йилнинг 10 декабрь куни мамлакатимиздаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар ўзининг ифодасини топган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган бўлиб, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчиси ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг