Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Меҳнат муҳожирларисиз Россиянинг ҳоли қандай кечади?

Меҳнат муҳожирларисиз Россиянинг ҳоли қандай кечади?

Назорат органлари, айниқса, ички ишлар ходимлари томонидан муҳожирларга пора ундириш манбаи сифатида қараш шаклланган.

Фото: «vestikavkaza.ru»

Сўнгги йилларда Россия федерациясида меҳнат муҳожирларига нисбатан салбий муносабат кучайиб боряпти. Уларнинг ўзлари яшаётган муҳитга мослашмасликлари, маҳаллий анъаналарни менсимасликлари, оғир жиноятларга қўл уришлари ҳақида жуда кўп гапирилди. Албатта, муҳожирнинг ўзи ишлаётган давлат қонунлари ва анъаналарини ҳурмат қилиши муҳим масала, лекин танганинг иккинчи томони ҳам борки, ундан кўз юмиб бўлмайди. Хўш, меҳнат муҳожирларисиз, айниқса Марказий Осиёликлар, хусусан ҳамюртларимиз меҳнатисиз Россия ўз иқтисодиётини сақлаб тура оладими?

Мамлакатимизда бирор маҳалла, қишлоқ ёки гузар йўқки, Россияга ишга жўнаган одамлар бўлмаса. Ҳамюртларимиз меҳнаткашликлари, озига қаноат қилиши, ортиқча талабларни қўймасликлари ва (нисбатан) ичкиликка ошно эмасликлари каби хислатлари билан россиялик иш берувчиларнинг ҳурматини қозонишган. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди. Улар орасида юқоридаги хислатлардан йироқ, камига жиноятни касб қилиб олганлари ҳам учрайди. Лекин улар озчилик, мутлақ кўпчилиги оиласини ўйлаб меҳнат қилади, сабрга ошно бўлган.

Аммо сўнгги йиллар статистикаси шуни кўрсатяптики, Россияга иш излаб бораётган ҳамюртларимиз, умуман, меҳнат мигрантлари сони мунтазам камайиб бормоқда. Бунинг бир неча сабаблари бор:

1. Меҳнат қилишни расмийлаштириш бўйича ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўп талаб қилиниши, бу жараёндаги бюрократия;

2. Меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи патентнинг нархи мунтазам ортиб бориши ва кутилмаган янги талабларнинг пайдо бўлиши;

3. Назорат органлари, айниқса, ички ишлар ходимлари томонидан муҳожирларга пора ундириш манбаи сифатида қараш шакллангани;

4. Муҳожирларни ёқтирмовчи синф пайдо бўлгани, “келгинди” дея камситувчи ёшлар кўпаяётгани;

5. Юқоридаги муаммолар туфайли Россияга муқобил давлатлар қидирилаётгани ва топилаётгани, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ каби давлатларга борувчилар сони ортаётгани;

6. Ва ниҳоят эътироф этиш жоиз — ўз юртимизда ҳам янги ва яхши ҳақ тўланувчи иш ўринлари пайдо бўлаётгани.

Расмий маълумотларга қараганда, юқоридаги каби омилларга кўра Россияга келувчи меҳнат мигрантлари сони 2017 йил бошидан буён 27 фоизга камайган. Айниқса, украиналиклар ўзаро совуқ муносабатлар ва Европа Иттифоқига йўл очилгани сабабли Россиядан юз ўгиришяпти. Улкан қурилиш майдонига айланган ва меҳнатга лаёқатли аҳолиси мунтазам камайиб бораётган бу мамлакат ташқаридан келувчи ишчи кучига жуда муҳтож ва келгусида иқтисоднинг ўсиши ортидан бу танглик кучайиб боради. Узоқ Шарқ ва Сибир ўлкаларида маҳаллий аҳолининг оммавий тарзда кўчиб кетиши, демографик муаммолар, давлат томонидан янги йирик лойиҳалар бошланган бир пайтда меҳнат муҳожирига катта имкониятлар эшиги очилади.

Шундай экан муҳожирларни “келгинди” дея камситишдан, мунтазам турткилаб, пулини шилиш пайидан бўлишдан воз кечиб, уларга эркин меҳнат қилишлари учун керакли шароитларни яратишдан Россия Федерацияси фақат ютади.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг