Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Минтақадаги янгиланишлар фасли

Минтақадаги янгиланишлар фасли

Фото: «xs.uz»

Ҳеч эътибор берганмисиз, қанчадан-қанча империялар – турфа миллатлар, халқлар, маданиятларни бир марказ атрофида қовуштириб, ушлаб туриш йўлида пайдо бўлган улкан кенгликлар тарих қаърига шўнғиб кетдилар. Тарихий, диний, маданий илдизлари бир ёки жуда яқин халқлар, маконлар бир мушт бўлолмаётганига ҳозир ҳам мисол кўп. Неча минг йиллик борлиғи давомида Турон, Туркистон, бугун эса Марказий Осиё деб аталадиган, асрлар ичра буюк юксалишлар қатори, фожиа ва улуғ йўқотишларни бошидан кечирган минтақамиз ҳам яқин-яқингача улардан бири эди. Бироқ бир ярим йилда мазкур муҳитда очилган янги сифат босқичи ушбу ҳудуднинг ўзгалардан фарқини намоён қилди. Бу унинг табиатидаги тарқалишдан кўра бирлашиш омилининг кучлилигидир!

Умум тарихимизга тезкор кўз ташлашнинг ўзиёқ аҳамонийлар, юнон, араб, мўғул, рус босқинлари, турли маданиятлар, динларнинг кесишуви бўладими, сиёсий, иқтисодий ҳақсизликлару чегараларнинг ўзгариши, маънавий-маданий таҳқирланишлару қатағонлар бўладими, буларнинг бари халқларимизнинг бирлашиб, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаш, умумий ва хусусий муаммоларни кенгашиб, муроса ва ўзаро манфаат илми орқали ҳал этиш, барча соҳаларда елкама-елка ҳамкорлик қилишни чуқур англашдек фазилатини барибир йўқ қилолмаганини аёнлаштирмоқда. Ақли расолик нуқтаи назаридан баҳолаганда, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Негаки бўлиниш ва тарқалиш ҳар биримиз ҳамда барчамизни не кўйларга солишини ўз қисматимизда неча бор синовдан ўтказдик.

Холислик ва адолат нуқтаи назаридан яна бир жиҳатни тилга олишга тўғри келади. Минтақамизнинг ўзига хосликларидан бири – икки дарё оралиғида ястанган Ўзбекистоннинг алоҳида ўрнидир. Бу ерда гап қандайдир ўзига бино қўйиш, устунлик ҳақида эмас. Аксинча, ўз мавқеини чуқур ва ҳар томонлама англаган ҳолда неча-неча асрлик тараққиёт тажрибаси ва қонуниятларидан донишмандларча хулоса чиқара билишда ва уни минтақамиз рўшнолиги йўлида қўллай олишдадир. Қолаверса, мамлакатларимизнинг сўнгги чорак асрдан ортиқроқ мустақил ривожланиш босқичи мазкур омилнинг ҳеч ким ва ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган тарздаги ҳаётбахшлиги, ижобий ёки салбий таъсирчанлигини яна бир бор исботлаб бўлди. Ушбу мавзуда қалам тебратишни тарихчилар, сиёсатшуносларга қолдирсак-да, диққатни ҳар биримиз давлат мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги нишонлангандан кейинги ўта қисқа муддатда бошланган тарихий ўзгаришларнинг айримларига қаратсак.

Президент Шавкат Мирзиёвнинг ташқи сиёсатда Марказий Осиёни бош йўналиш сифатида эътироф этиши, халқларимиз учун табиий ва анъанавий эҳтиёж, қоидага айланиб бўлган «ҳовли олма, қўшни ол» ўгитига риоя қила бошлаши, қўшнилар билан муносабатларда оқилона муроса тамойилига таянилиши, энг муҳими, олға сурилаётган сиёсатнинг чин кўнгилданлиги Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий муҳитининг пойдеворини белгилаб бермоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга ташрифи, қўшни мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистонга сафарлари чиндан ҳам бозори ва мозори бир қўшнилар, қариндошларга хос самимий ўтмоқда. Муносабатлардаги самимийлик эса ўзаро ишончнинг гарови эканлигини исботлашга ҳожат бўлмаса керак. Шу ўринда иккита жиҳатга диққатни қаратамиз.

Ишончга куч берадиган озуқалардан бири, шубҳасиз, оқибатдир. Оқибат устун оила, жамоа ва жамиятда ишонч шунчаки гап бўлиб қолмайди. Чунки оқибат меҳр туғдиради, меҳр эса одамларни бирлаштиради, бир-бирини аяшга ўргатади. Пировардида миллат ва юрт асралади. Шу маънода, мустақил давлатчилигини энди ва буткул ўзгача шароитда йўлга қўйган мамлакатларимиз аҳли учун ушбу илк тарихий босқични бошлаб берган, энг оғир паллада баҳолиқудрат етакчилик қилган шахсларга муносабат мавзуси энг аввало инсоний, маънавий-тарбиявий аҳамият касб этиши табиий эди. Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи президентимиз Ислом Каримовни юксак эҳтиром билан, ўзбек миллати ва давлатининг обрўсига обрў қўшган тарзда сўнгги йўлга кузатиш, унинг номини абадийлаштириш, хизматларига ҳаққоний баҳо бериш, айтишга осон, лекин ўта оғир муҳитда эл-юрт ҳимоясида туриб берган Шароф Рашидовнинг руҳини шод этиш, замона зайли билан юрт ичкариси ва ташқарисида ёмонотлиққа чиқарилган миллатдошларга қайғуриш, уларни жамиятга қайтаришни ўз ичига олган оқилона, адолатли ва мардона сиёсат – оқибат Шавкат Мирзиёевнинг дунёқараши ҳамда феъл-атворининг кўрсаткичи сифатида ўзимиздан ташқари қўни-қўшниларимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланганига аминмиз.

2016 йил кузида юртимиз ҳаётида бошланган янги сифат босқичининг аҳамияти биргина Ўзбекистон билан чегараланиб қолмаслигини давлатимизнинг минтақа ўтмиши ва ривожида тутиб келган ўзига хос ўрни билан боғласак, ҳеч ким қарши чиқмаса керак. Бир томондан эски замонлар таъсирида, иккинчи томондан эса тарихий палланинг мураккаблиги ўлароқ юзага келган ҳолат – узоқ муддат сиёсий саҳна тўрида бўлиб келган ва мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётини кўп жиҳатдан ўзига боғлаб қўйган шахснинг вафотидан сўнг туғилажак вазият қандай ривож топиши, янгиланишларга чанқоқ биргина ўзбекистонликлар учун эмас, худди шу кўйдаги атроф жамиятлар учун ҳам ғоятда долзарб саналгани табиий. Бинобарин, охирги ўн саккиз ойда минтақа юрагида юз берган, маълум маънода ҳеч ким кутмаган ўзгаришлар: эркинлик, турфа фикрлилик, рақобат муҳитининг қарор топиши, бозор иқтисодиёти қонунлари ҳамда ақли расолик тамойилига қатъий риоя этила бошлангани, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак сиёсатининг жорий этилиши, илғор халқаро тажрибалардан оқилона фойдаланиш, муаммоларга кўз юммасдан уларнинг ечимини топиш, баландпарвоз шиорларга берилмаслик, ташқи сиёсатда ишонч ва манфаатларни ҳисобга олишга асосланиш, бир сўз билан айтганда, XXI аср жамиятига хос турмуш тарзининг шаклланиши бу ёғига нима бўлар экан дея бизни кузатиб турган минтақа халқлари онги ва қалбига катта таъсир кўрсатганлиги бор гап.

Мазкур икки жиҳат бир бўлиб қўшни мамлакатлар аҳлида Ўзбекистонга, унинг раҳбарига ишончни янада мустаҳкамлагани шубҳасиздир. Йиллар мобайнида йиғилиб келган, чораси кўрилмаса, оқибати ёмон бўлиши кўриниб қолган, «бирлашган ўзар»га тўсқинлик қилаётган муаммолар – чегара, кирди-чиқди, олди-сотди, энг муҳими, ўткинчи сиёсатдан минг чандон қадимроқ инсоний муносабатлар йўлида туғилган чигалларнинг тез ва оқилона ҳал этилиши қўшниларимизда ҳам ўзбек етакчиси, ҳам унинг номи билан боғлиқ янги даврнинг афзаллигига ишончни кучайтиргани муқаррар. Икки ва кўп томонлама алоқаларимизнинг самарасини таҳлил этишда сўз кетаётган жиҳатларнинг алоҳида ўрни ва тенгсиз таъсирини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Қисқа муддат ичида Ўзбекистонда юз берган сифат ўзгаришлари ва унинг таъсири ўлароқ минтақамиздаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликнинг жонланиб кетиши қандайдир мантиқий ва оралиқ йирик натижага олиб келиши турган гап эди. Биз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остонада бўлиб ўтган учрашувини кўзда тутмоқдамиз. Йиллар ўтгани, минтақамиздаги изчил ҳамкорлик янада ривожланиб, ўз меваларини бергани сайин мазкур тадбир ҳали кўп эсланади. Негаки, айнан шу йиғилиш ўзлигимизни англаш ва асраш жараёнида бўй кўрсатиши, маълум маънода табиий бўлмиш якка-ёлғизлик, бир-биридан ортда қолмаслик касали билан оғриш палласи чекинганини тасдиқлаб берди ва Марказий Осиё сиёсий баҳоридаги ўзига хос наврўз бўлди дейиш мумкин. Минтақавий аҳиллик ва ҳамкорлик ҳақида илгари ҳам яхши ниятлар билдирилгани, бу борада муайян интилишлар ҳам бўлганини биламиз. Бироқ сўнгги йилларда бирлашишдан кўра тарқалиш майли устунлик қилиб келганини ҳам тан олмаслик ҳақиқатга терс бўлади. Мазкур ҳолатда бизнинг иноқ кун кечиришимиздан манфаатдор бўлмаганларнинг улуши ҳам бўлганини урғулаш қанчалик адолатдан эрса, бунга ўрганган кўнгиллар бу ёғига энди ўртанмайди деган хаёлга бориш ҳам ғирт соддаликдир. Бошқача айтганда, Марказий Осиё доирасида ҳар бир юрт манфаатларини инобатга олган замонавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, узоқ танаффусдан сўнг беш оға-инини бир дастурхон атрофида жамлаш ўз-ўзидан бўлган ва бўлаётган иш эмас! Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига диққатни қаратамиз.

Давлатимиз бошлиғининг ўтган йили Бишкекка ташрифи чоғида «парчалаб, ҳукмронлик қил» қоидаси энди ўтмаслиги ҳақидаги очиқ-ойдин ва дадил баёноти ўзбек давлатининг минтақа бирлиги йўлидаги қатъиятининг ўзига яраша кўрсаткичи бўлганди. Манаман деган давлатлар, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик билан оқилона, ўзаро манфаатли сиёсатнинг ўрнига қўйилиши, энг муҳими, мамлакатимизнинг ўзида кечагина бошланган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўз натижасини бера бошлаганини ҳам қўшиб хулосаласак, минтақамизда кечаётган залворли ўзгаришларнинг табиати ва омилларини теранроқ англаш, келажагига назар ташлаш имконига эга бўламиз. Қолаверса, эртанги кун борасида шундоқ ҳам яққоллашиб бораётган бир мавзу борки, уни ижобий ҳал этмасдан Марказий Осиё ҳамкорлиги, барқарорлиги ва хавфсизлигига эришиб бўлмайди. Гап Тошкентда Афғонистон бўйича бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро анжуман ҳақида.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида асрлар давомида бир дарёдан сув ичиб келган халқларимиз эркинликда, савдо алоқаларини яқиндан ривожлантириш, илм-фан ютуқлари билан ўртоқлашиш ва бир-бирини маданий жиҳатдан бойитиш муҳити ва анъаналарида яшаб келганига бежиз урғу бермади, албатта. Биз ўрганиб кетган тушунчадаги Марказий Осиё аслида барча империяларга хос равишда Россия империясининг ҳам «майдалаб ют» сиёсати ўлароқ узоқни кўзлаб шакллантирилган макон саналади. География фани нуқтаи назаридан, шунингдек UNESKO эътирофига кўра эса Марказий Осиё деганда анча катта ҳудуд, жумладан Афғонистон ҳам англашилади. Бир сўз билан айтганда, қадимдан Амударёнинг икки тарафини қамраб олган улкан тарихий-географик минтақа президент урғу берган ягона маданий-цивилизация маконининг ўзгинасидир. Мазкур кенгликда минг йиллар ичра кечган сиёсий, иқтисодий, маданий муносабатлар тўғрисида тўхталиб ўтмаймиз. Зеро, маърузада афғон ерида Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк намояндалар ва бошқа кўплаб улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилгани эслатилишининг ўзиёқ гапнинг исботи ҳам борлигига ишорадир.

Маъруза бошидаёқ «уруш олови» афғон халқига четдан тиқиштирилганини урғулаш ўзбек раҳбарининг ҳам тор, ҳам кенг маънодаги Марказий Осиё барқарорлиги масаласида кучли сиёсий ирода эгаси эканлигини кўрсатиб қўйди. Агар худди шу йиғилишда сўнгги икки юз йил ичида Афғонистонда неча карра улуш оловини ёққан кучларнинг вакиллари ҳам, XIX аср геосиёсий қарама-қаршилиги «намуна»си, аслида сарқити ўлароқ муомалага кириб қолган «катта ўйин» (Great (Grand) game) XXI асрда ҳам «ҳаётбахшлиги»дан у ёки бу даражада манфаатдорлар ҳам борлиги инобатга олинса, йигирма беш давлат ва халқаро ташкилот, жумладан БМТ ва ЕИ раҳбарлари, вакилларини бир ерга йиғиб, «хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир, уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини «ўзимизники», бошқасини эса «бировники» деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ» деган фикрни сингдириш ва уларни бунга расман кўндириш осон иш эмаслигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қирқ йилдан бери давом этиб келаётган, «афғон можаро»си дея аталадиган, аслида эса «катта ўйин»лар можаросидан азоб чекиб келаётган кўп миллатли бу юрт ҳаётини ўнглаш, тинч музокаралар йўриғига солиб юборишда Тошкент анжумани асосли умид ва ишонч туғдириши табиий деб ўйлаймиз. Тўғри, Ўзбекистон ташаббуси билан 1999 йили пойтахтимизда «6+2» гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган, унда Шимолий иттифоқ ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган эди. Лекин ўтган деярли йигирма йил ичида Афғонистоннинг ўзида ҳам, атрофида, хусусан Марказий Осиёда, ҳатто узоқларда ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган ўзгаришлар юз берганини эсда тутишга тўғри келади. Давлатимиз раҳбари мазкур омилларга ҳам тўхталди. Улардан энг асосийси, шубҳасиз, «уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган афғонларнинг ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлашлари ва шунга интилишларидир». Мазкур хоҳиш ва интилишларни рўёбга чиқариш масаласида ҳам маърузада аниқ ғоя ва таклифлар бор: ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини аҳоли ва айниқса ёшларга тушунтириш, Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро жамғарма тузиш, жамиятда таълимнинг нуфузини ошириш ва ёшларнинг камолотга интилишини рағбатлантириш орқали барқарор ва изчил тараққиётни кафолатлаш, энг муҳими, ёш авлодни зўравонлик ва радикализм мафкурасидан ҳимоя қилиш!

Шавкат Мирзиёевнинг «очиқ демократик сайлов ўтказилган пайтдан бошлаб бу юртда давлат қурилишининг янги даври бошланди» деган таъкиди тилга олинган омилга уйғунлигини ҳам назардан қочириб бўлмайди. Асрлар давомида яккаҳукмронлик негизида бошқариб келинган давлат ва жамиятнинг 2004 йилдан халқ иродаси ва демократияга асосланган тузум барпо этиш, давлат ҳокимиятини эркин сайлов орқали шакллантириш босқичига қадам қўйгани, қанчалик қийин бўлмасин, шу тарзда ўтган ўн тўрт йил бугунги афғон жамияти, айниқса ёш авлод онгига ижобий таъсир ўтказгани шубҳасиздир. Шу маънода, маърузада топиб айтилганидек, «Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида вояга етган бутун бир авлод... «бой берилган авлод» эмас». Аксинча, айнан улар – қарийб ярим асрлик уруш фожиасини бошдан кечирганлар тинчликнинг қадрини чуқурроқ англайдилар.

Демак, ҳозир кўп нарса сиёсатчилар – Афғонистон ичкариси ва ташқарисидаги арбобларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Айнан шу сабабдан ҳам Ўзбекистон президенти ташаббус кўрсатиб, барча манфаатдор, умумий ишга фойдаси тегиши мумкин бўлган тарафлар, кучларни Тошкентга чорлаб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсад ва вазифаларини, кенг қамровли тинчлик жараёнини амалга оширишнинг учта ўзаро боғлиқ даражасини (Афғонистон, минтақа ва ялпи) – ўзига хос «йўл харитаси» тамойилларини тақдим этди. Уларга эришиш йўлида барча имкониятларни ишга солиш, шароит яратиб беришга тайёрлигимизни эълон қилди. Зеро, «Афғонистон хавфсизлиги – Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир».

Азамат Зиё,
тарих фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг