Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзо Бобурни тушунишдаги янги қадам

Мирзо Бобурни тушунишдаги янги қадам

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда «Бобур ва дунё» номли рангли, кўп саҳифали журнал нашр этила бошланди. Унинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб беришни бош муҳаррир Наби Жалолиддиндан илтимос қилдик:

— Фикримни асосий гапдан бошласам: муҳтарам Президентимиз Андижонга қилган ташрифи чоғида Боғишамол қирларида жойлашган Бобур боғида бўлиб, «Бобур ва жаҳон маданияти» музейидаги дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келтирилган нодир қўлёзма ва китоблар билан танишганди. Шунингдек, Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон ака Машрабов билан самимий суҳбатлашиб, боғни замон талаблари даражасида таъмирлаш, музейни кенгайтириш ҳақида топшириқлар берганди ва кейинроқ ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун катта маблағ ажратди.

Муҳтарам Юртбошимиз Андижондаги сайловолди учрашувида эса, Бобур мирзо ҳаёти ва ижодини унинг ота юртидаги ўқув юртларида, мактабларда бошқа вилоятлардан фарқли, яъни кенгроқ ўқитиш ҳақида тавсиялар берганди. Чунки Андижон ёшлари буюк юртдошлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари лозимлигини таъкидлаганди.

Бобур номли халқаро жамоат фонди муҳтарам Президентимизнинг ана ўша топшириқ ва тавсияларини бажариш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ушбу журнални таъсис этди.

Нашримиз улуғ шоир ҳаёти ва ижодининг очилмаган қирраларини тадқиқ этишни, у ҳақдаги янги маълумотларни топиб, ўқувчиларга етказишни мўлжаллаб иш олиб боради. Нафақат ўзимиздаги, балки хориждаги етук бобуршунос олим ва адиблар билан алоқа ўрнатиб, ижодий ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, бой тарихимиз ва миллий адабиётимизга оид қизиқарли мақола ҳамда тадқиқотларни, мукаммал бадиий асарларни эълон қилиш ниятидамиз. Хуллас, ниятларимиз эзгу ва катта. Ўйлаймизки, «Бобур ва дунё» миллий маънавиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшувчи нашрга айланади. Келгусида журнални рус ва инглиз тилларида ҳам чиқариш ниятидамиз.

Барча олим ва адибларни, бизга бефарқ бўлмаган зиёлиларни ҳамкорликка чорлаб қоламиз.

Муҳаммадали Мамадалиев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг