Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурсултон Назарбоев 2020 йил апрелгача давлатни бошқариши мумкин эди: Элбоши нега кетди?

Нурсултон Назарбоев 2020 йил апрелгача давлатни бошқариши мумкин эди: Элбоши нега кетди?

Қозоғистон иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан собиқ иттифоқ республикалари ичида энг барқарори ҳисобланади. Аҳоли орасида норозилик кайфияти деярли сезилмайди. Мамлакатда ўта бойиб ёки қашшоқлашиб кетиш ҳолати мавжуд. Шундай бўлса-да, бошқа тенгдош давлатлар, айтайлик, Россиядагидек даражада эмас. Яна бир ўзига хослик – ҳукуматга қарши оппозиция (махолифат) кучлари шаклланмаган (Балки бордир, муҳими, бу ҳақда маълумот тарқалмаган).

Ички ва ташқи сиёсатнинг оқилона олиб борилиши туфайли Қозоғистон яқин ва узоқ мамлакатлар билан ҳамкорликларни йил сайин мустаҳкамлаб боряпти. Нурсултон Назарбоев жаҳон сиёсатининг нуфузли арбобларидан саналиши бежиз эмас. У ҳеч ким билан ёмон муомалада бўлмаган ва бўлмайди.

Шундай қилиб, Қозоғистон ташқи сиёсатда оқил ва айёр экани ҳақиқат. Россия ёки Хитой каби тез ривожланаётган давлатлар геосиёсатига ҳамоҳанг ҳаракат қилади. Давлатнинг иқтисодий сиёсати чет эл инвесторларини жалб этишга таянади. Буларнинг ҳаммаси Н.Назарбоев шарофати билан. Халқ буни билади. Охирги президентлик сайловида у қарийб 98 фоиз овоз олгани шундан. Дарҳақиқат, Қозоғистон сиёсий оламида бошқа бундай обрўли ва юқори даражали сиймо йўқ.

 Худди араб шайхларидек

“Элбоши” фахрий унвони Н.Назарбоевга умрбод берилди. Шунинг учун ҳам истеъфо масаласида шошилмади. Аммо нега тўсатдан лавозимни топширди? Соғлиғи ёмонлашдими?

Телевидение орқали хайрлашув баёнотида бу кўзга ташланмади. Элбошининг соғлиғи ҳақида ҳеч қандай маълумот ҳам йўқ. Сўнгги пайтда икки бор чет элда даволаниб келгани маълум, холос. Шарқ анъаналарига кўра, президент ёпиқ сиймо.

У араб шайхларидек, ўзининг соғлиғи ҳақида ҳеч қачон очиқ маълумот бермаган. Уни ҳамюртлари кам кўришарди. Мао Цзэдун каби Яниз дарёсида чўмилмади, Путин каби кўл ва оролларда сузмади, Берлускони сингари сершовқин кечаларда ҳам қатнашмасди.

– Борис Ельциннинг матбуот котиби сифатида президентларнинг ўзаро мулоқотини бир неча бор кузатганман, – деб ёзади журналист Вячеслав Костиков “Аргементы и факты” газетасининг 2019 йил 13-сонида. ­– Назарбоев ҳеч қачон мулоқотда тутилиб қолмасди. Собчак каби ўзининг фикрини ҳайқириб олға сурмасди. Шарқ файласуфи каби мулоҳазали, ақлли, тадбиркор эди. Вақтида КПСС Марказий комитетининг сиёсий бюроси аъзоси сифатида бой тажрибага эга бўлди. У муҳим масалалар омма орасида эмас, шахсий мулоқотларда, ҳамкорликда амалга оширилишини яхши тушунарди. Унинг Ельцин билан, кейинчалик Путин билан ҳам ишончли мулоқотлари шу тарзда самимий ўтди.

Халқаро сиёсатчилар муддатидан олдин, кўнгилли тарзда президентлик лавозимидан кетиш жараёнини қизғин олқишлади. Ҳокимиятни тинч-тотув бошқариб, мамлакатни тараққий эттириш, халқ турмуш даражасини яхшилаш, пойтахтни янги қуриб, вақти келганда, давлат тақдирини ёш кучларга топшириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аслида бу ўз ҳурматини билиш, дейилади.

Жазоир собиқ президенти Бутефликнинг қисмати бунга мисол. У ногиронлик аравачасида, оғир аҳволда бўлишига қарамай, номзодини бешинчи бор президентликка қўйди. Натижада, халқнинг қаҳр-ғазаби тошиб, пойтахт кўчаларига чиқди. Норозилик намойишлари бошланиб кетди. Собиқ раҳбарнинг кўп йиллик хизматлари кулга айланганча ҳокимиятдан кетди.

Сиёсатчилар Зимбабве собиқ президенти, 93 ёшли Р.Мугабе фожеасини ҳам яхши эслайди. Мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир этилиб, диктатор ҳокимиятдан бадарға қилинди. Бундай аччиқ тақдир кимга керак?

Нурсултон Назарбоев ҳозир 78 ёшда. Қонунга кўра, 2020 йил апрелгача давлатни бошқариши мумкин эди.

 Кетиш – жўнаш эмас

1999 йил 31 декабрда Россиянинг Биринчи Президенти Борис Ельцин халққа телемурожаат қилди. “Қарор қабул қилдим, мен кетаман, – деган эди у. – Россия янги мингйилликка янги сиёсатчилар, қиёфалар билан кириб келиши лозим”. Ўшанда янги сиёсатчи, деб ким назарда тутилгани ҳам дарҳол маълум бўлди: Владимир Путин!

Н.Назарбоев ҳам Б.Ельцин каби, “Ўзим учун оддий бўлмаган қарор қабул қилдим. Келгуси тақдиримни ҳокимиятга янги, ёш раҳбарлар авлоди кириб келиши билан боғлайман”, деди. Қосим-Жўмард Тўқаев номи зикр этилди.

Фақат бир фарқ: Ельцин Кремльдан кетишда халқ ишончини оқлай олмагани учун кечирим сўраганди. Назарбоев бундай қилмади.

Биринчидан, у кечирим сўрайдиган иш қилмади. Мамлакат тараққиётига ғов бўладиган хатоларга йўл қўймади.

Иккинчидан, асрлар бўйи қўриқ ҳудуд бўлган ўлкани гуллаб-яшнаган, жаҳон талаблари даражасидаги юртга айлантирди.

Учинчидан, кечирим сўраш учун Ельциндек ҳокимиятни бутунлай тарк этиши лозим эди. Қозоғистон Президенти бу масалага бошқача нуқтаи назардан қаради. Яъни, лавозимидан “хитойчасига кетди”.

Бундан ўттиз йил муқаддам Хитой ислоҳотининг отаси Ден Сяопин истеъфога чиқиш баробарида сиёсатга таъсир кучини ўзида сақлаб қолганди. Н.Назарбоев ҳам шу йўлдан боряпти.

У нафақат “Халқ отаси” бўлиб қолади, балки халқ хавфсизлиги кенгаши раиси ва парламентни назорат қилувчи “Нур Отан” партияси раҳбари сифатида ҳам фаолиятини давом эттиради. Бундан ташқари, умрбод конституциявий кенгаш аъзоси ҳам бўлиб қолди.

Сиёсий қарашларини яна бир муҳим жиҳат билан мустаҳкамлади. Катта қизи Дариғанинг сенат спикери этиб тайинланишига эришди. Конституция бўйича энди қизи давлатда иккинчи раҳбар саналади. Мабодо, Қ.Тўқаев истеъфога чиқса, президент вазифасини Д.Назарбоева бажаради.

 Кейинги жараён

Н.Назарбоев лавозимини топширган куннинг эртасига Президент вазифасини бажарувчи Қосим-Жўмард Тўқаев Остона шаҳрини “Нурсултон”, деб қайта номлаш таклифи билан чиқди.

СССР даврида ҳам шаҳарларни партия ва давлат раҳбарлари номи билан аташ анъанаси бўлган. Сталин даврида иттифоқ харитасида Сталинград, Калинин, Куйбышев, Молотов каби номлар пайдо бўлганди. Аслида бунинг тарихи анча чуқур. XVIII-XIX асрларда АҚШда Вашингтон, Линкольн, Англияда Виктория, Германияда Вильгельмехафен, Россияда Екатеринбург, Новониколаевск каби шаҳарлар миллат лидерлари шарафига аталган.

Сталин вафотидан сўнг тирик партия ва давлат раҳбарлари номини абадийлаштиришга чек қўйилди. Сталинград Волгоградга, Молотов Пермьга айланди.

Иттифоқ тарқалгач, Марказий Осиё давлатларида бу анъана яна авж олди. 1993 йилда Туркманистонда Красноводск шаҳри Биринчи Президент С.Ниёзов шарафига Туркманбоши, деб аталди. Эндиликда Остона шаҳри Нур-Султон номини оляпти.

Нурсултон Назарбоев Остонани пойтахтга айлантирди. Шаҳарни жаҳон стандарти асосида қайта қуришда бош-қош бўлди. Унинг раҳбарлигида ҳукумат комплекси барпо этилди, шаҳар кенгайди. Демак, шаҳарни Биринчи Президент шарафига номлаш учун асос бор.

Шунингдек, унинг номи мамлакатдаги барча вилоят марказларининг асосий кўчаларига бериладиган, пойтахтда Назарбоев ёдгорлик монументи ўрнатиладиган бўлди. Фикримизча, мана шуниси унча мақсадга мувофиқ эмас. Қадрлаш тушунчаси шахсга сиғиниш чегарасидан ўтиб кетмаслиги керак.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ,

“Жомбой тонги”нинг сиёсий шарҳловчиси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг