Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўтириб» чиққан аёлнинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқи тикланди

«Ўтириб» чиққан аёлнинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқи тикланди

Фото: «Xabar.uz»

Пенсионер Муҳаббат Намозова (исми шарифи ўзгартилган) 2017 йил 31 июль куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олиниб, суднинг 2017 йил 26 сентябрдаги ҳукмига асосан озодликдан маҳрум этилган.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, у 2018 йил 2 ноябрда содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб қайтади.

Муҳаббат Намозова боқувчиси йўқ, ёлғиз яшайди. Фақатгина бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бухоро шаҳар бўлими томонидан унга ногиронлик нафақаси тайинланиб, тўлаб келинган пулга кун кечирган. Жазони ўтаб қайтгач, яшаши учун пулга эҳтиёж сезади ва қамоқда бўлган вақтида, яъни 2017 йилнинг май, июнь, июль ойлари учун нафақа пулларини беришларини сўраб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бухоро шаҳар бўлимига мурожаат қилади. Бироқ бўлим томонидан М.Намозовага пенсия пули топширилиши учун борилганда, унинг уйида бўлмаганлиги сабабли пенсия пулини топширишни имкони бўлмаганлиги, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 59-моддасида, пенсионер ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пулини олиш мақсадида мурожаат этилгандан олдинги ўн икки ойдан ошмаган даври учун тўланиши белгиланганлиги, шунингдек давлат божи ва почта харажатлари ҳам асоссиз равишда ундан ундирилиши белгиланганлиги сабаблари билан унинг мурожаатини рад этилган.

2017 йил май, июнь, июль ойларида Муҳаббат Намозовага тергов ва суд жараёнларида иштирок этгани сабабли бу вақтда яшаш манзилида бўлмаган. Нафақа тайинлаш учун масъул ходим томонидан унинг уйида йўқлиги сабаблари МФЙ вакиллари билан биргаликда тўлиқ ўрганилмаган. Ҳолбуки, унинг шу вақтга қадар тергов жараёнлари ёки судда бўлганлиги узрли сабаб сифатида баҳоланиши лозим эди.

Фуқаро М.Намозованинг Бухоро вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаати асосида Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 29 январдаги ҳал қилув қарори билан мансабдор шахснинг фуқаро М.Намозовага 2017 йил май, июнь-июль ойларида ҳисобланган нафақа пулларини тўламасликда ифодаланган ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, пенсия жамғармасига фуқаро М.Намозовага мазкур давр учун ҳисобланган нафақа пулларини тўлаш мажбурияти юклатилди ва мансабдор шахсдан давлат божлари ундирилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида кўрсатилганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Хоҳ у судланган, хоҳ маҳкум бўлсин, шу юрт фуқароси сифатида унинг қонуний ҳуқуқларини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг