Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек дастурчисининг Молдова IT-паркидаги таассуротлари

Ўзбек дастурчисининг Молдова IT-паркидаги таассуротлари

Фото: «moldovaitpark.md»

Ўзбекистонлик дастурчи Сарвар Нишонбоев Кишинёвда ўтказилган «GameChanger2018» тадбирида иштирок этиб қайтди ва Молдова IT-паркида ҳам бўлиб, ўз таассуротларини баён этди:

«GameChanger2018» тадбири доирасида Молдова IT-парки ходими Адриан Серван билан танишиш ва фикр алмашиш имкони бўлди. У бизни IT-парк фаолияти билан таништирди ва у ҳақида сўзлаб берди.

Молдова IT-парк биздаги Мирзо Улуғбек инновация маркази билан бир хил вазифани бажаради. Парк Молдова парламенти томонидан «IT-паркларни ташкил этиш» тўғрисидаги 2016 йил 24 апрелда қабул қилинган қонун асосида 2018 йил 1 январда ташкил этилган. IT-парк 2018 йилнинг 26 мартига қадар 140 резидентни рўйхатдан ўтказилган ва бу кўрсаткич ўсиб бормоқда. Молдова кичик давлат бўлишига қарамай, IT-парк қисқа муддат ичида шунча резидентга эга бўлгани, албатта катта кўрсаткич. Қиёслаш учун: Молдова аҳолиси 3,5 млн атрофида ва майдони Бухоро вилоятидан ҳам кичикроқдир.

IT-паркнинг асосий мақсади

Ушбу парк орқали мамлакатда IT ва дастурий маҳсулот ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ҳамда чет эл сармояларини жалб этиш мақсад қилинган. Шунингдек, IT-парк солиқ ва бизнес бошқаруви тизимини такомиллаштириш орқали ошкора ва рағбатлантирувчи тизимни жорий қилиш йўли билан IT-саноатини ривожлантириш кўзланган.

IT-парк қандай ишлайди?

Молдова Республикаси IT-парк маъмуриятини ташкил қилди ва унга юридик шахс мақомини берди. Парк ўзини-ўзи молиялаштиради. Парк маъмуриятини ҳукумат томонидан 5 йилга тайинланган Администратор бошқаради.

Кимлар IT-паркка аъзо бўла олади?

Паркка аъзо бўлиш учун юридик шахс бўлиш талаб этилмайди, жисмоний шахслар ҳам унинг аъзоси бўлиши мумкин. Бунинг учун Молдова давлатида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши зарур.

Қуйидаги йўналишлар бўйича бизнес қилаётган тадбиркорлар IТ-паркка аъзо бўлишлари мумкин:

  • Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш;
  • Компьютер ўйинлари яратиш;
  • Ахборот технологияларида менежмент хизматлари;
  • Ахборотни қайта ишлаш, веб-саҳифаларни бошқариш хизматлари;
  • Веб-портал хизматлари;
  • АКТ бўйича маслаҳат хизмати;
  • ITга оид бошқа хизматлар.

Паркка аъзо бўлганлар қуйидаги имкониятларни қўлга киритади:

Махсус солиқ имтиёзлари. IT-парк резидентлари даромадларининг 7 фоизи миқдорида ягона солиқ тўлайди.

Ушбу ягона солик қуйидаги тўловларни ўз ичига олади:

  • Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад солиғи
  • Ишчиларнинг маошидан олинадиган даромад солиғи
  • Ягона ижтимоий суғурта бадаллари (ишчилар ва иш берувчиларга)
  • Мажбурий тиббий суғурта тўлови (иш берувчи ва ишчилар томонидан)
  • Маҳаллий солиқлар
  • Кўчмас мулк солиғи
  • Йўллардан фойдаланиш солиғи

Бундан ташқари, тадбиркорлар қурилмалар импорт қилганида божхона солиқларидан озод этилади.

Соддалаштирилган ҳисобот тизими

Резидентлар ҳар ойда давлат солиқ хизматига фақатгина бир маротаба ягона солиқ ҳақида ҳисобот беради.

Миграция масаласи

IT-паркка аъзо компанияларда ишламоқчи бўлган IТ-мутахассислар ёки IT-паркка аъзо бўлишни истаган чет эл компаниялари ходимларига Молдовада ишлаш ҳуқуқини берувчи узоқ муддатли виза ҳам берилади.

IT-парк резидентлари жисмоний манзилни кўрсатиши мажбурий эмас, ва улар мамлакатнинг исталган жойида ўз бизнесларини юритишлари мумкин.

IT-парк резидентлари мажбурий ойлик тўловларга эга, бу корхонанинг ишчилар сонига боғлиқ. Биринчи йили, тўлов миқдори қиймати бир ишчи учун йилига 22 еврога тўғри келади, 10 йилдан сўнг эса, тўлов 8 еврога тушади.

Молдовада АКТ

Ҳозирда АКТ сектори Молдовада энг тез суръатда ривожланаётган соҳалардан биридир. Мамлакатнинг интернет тезлиги дунё рейтингида энг юқори ўринларда туради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг