Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 463,1 млн.га камайди

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 463,1 млн.га камайди

Фото: «sb.by»

Ўзбекистон Марказий банки расмий сайтида 2018 йил 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон олтин-валюта захираси ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.

Унга кўра, жорий йилнинг июнь ойида ялпи олтин-валюта захиралари 463,1 млн. АҚШ долларига камайиб, 27 660,5 млн. долларни ташкил этмоқда. Улардан 13,8 млрд. доллари хорижий валютадаги активлар, 13,8 млрд. доллари эса – монетар олтин.

Соф олтин-валюта захиралари 26,6 миллиард долларни ташкил қилди.

Марказий банк ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат ҳисобот даврида асосан олтин нархининг 1303,50дан 1250,55 долл./тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишига таъсири – 573,5 млн. долл.).

Олтин нархи пасайиши ҳисобга олинмаганда ялпи олтин-валюта захиралари 110,4 млн. АҚШ долларига ошган.

Марказий банк расмий сайтидан скриншот

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

Соф олтин-валюта захиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисобварақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг