Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов вафот этди

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов вафот этди

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фильмни суратга олиш жараёнида иштирок этаётган таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимовнинг тўсатдан тоби қочиб Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий марказига олиб келинган эди.

Беморни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий маркази бош директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Ҳожибоев кўрикдан ўтказиб, операция қилган эди. Жарроҳлик амалиёти мураккаб кечгани сабабли унинг давомийлиги 6 соатга чўзилган.

Актёр бугун, 18 январь куни оламдан ўтди. Маълум қилинишича, Пўлат Саидқосимовнинг жаноза намози 19 январь куни пешин намози вақтида Сағбондаги масжидда ўқилади.

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов 1931 йилнинг 8 октябрида Тошкентда таваллуд топган.

У актёрлик фаолиятини 1953 йилда фильмларда суратга тушишдан бошлаган. 1954-57 йилларда Самарқанд мусиқали драма театрида ишлаган. 1957 йилдан Ўзбек миллий академик драма театри жамоси сафига қўшилган ва кўп йиллар шу даргоҳда фаолият олиб борган.

Томошабинлар уни «Муҳаббат можароси», «Абу Райҳон Беруний», «Шайтанат», «Оловли йўллар», «Анора», «Чол ва набира», «Қовун» ва бошқа кўплаб фильмлари ва театр саҳнасидаги спектакллардаги роллари орқали яхши танийди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали актёрнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг