Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда барча спорт турларига мўлжалланган яна бир иншоот қурилади

Ўзбекистонда барча спорт турларига мўлжалланган яна бир иншоот қурилади

19 январь куни Франкфурт шаҳрида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва Замонавий бешкураш халқаро иттифоқи президенти доктор Клаус Шорманнинг тарихий учрашуви бўлиб ўтди.

Узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган учрашувда Баҳромжон Газиев Ўзбекистон замонавий бешкурашининг ҳолати ва истиқболлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Мулоқотда таъкидланганидек, кўп йиллардан буён мамлакатимизда ушбу спорт турига етарлича эътибор берилмаган ва шунинг учун ривожлана олмаган эди. Бироқ, ҳозирда вазият ўзгарди.

— Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ва Миллий олимпия қўмитасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида кучли мураббийлар ва бир нечта иқтидорли спортчи топишга муваффақ бўлдик ва Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиш учун ҳақиқий имкониятлар пайдо бўлди, — деди Баҳромжон Газиев.

Клаус Шорманн, ўз навбатида, Ўзбекистон замонавий бешкурашини ривожлантириш ва оммалаштиришга ёрдамлашишга ваъда берди.

Учрашувда Ўзбекистон спортчиларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва спорт мажмуалари машғулотлари учун замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Клаус Шорманн мамлакатимизда ушбу спорт турини ривожлантириш борасида ўз тавсия, таклифларини берган бўлиб, улар Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг келажакдаги ҳаракатларини режалаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда яқин вақт ичида Ўзбекистон замонавий бешкураш мактаби очилади. Қиличбозлик зали, сузиш ҳавзалари, югуриш йўлаклари, стадионлар, конкур майдони ва ўқ отиш учун мўлжалланган майдонларни ўз ичига олган, халқаро стандартларга мос замонавий спорт базасини қуриш режалаштирилган. Келгусида ушбу спорт базасида нафақат замонавий бешкураш, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам халқаро мусобақалар ўтказилади.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси иш режасидаги навбатдаги қадам Осиё замонавий бешкураш конфедерацияси президенти жаноб Сангво Парк билан учрашувдир. Ҳозирги вақтда учрашувнинг аниқ санаси, жойи ва вақтини белгилаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг