Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилаётган ноёб жониворлар нобуд бўлди

Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилаётган ноёб жониворлар нобуд бўлди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «Куала Лумпур — Тошкент» йўналишида парвозини якунлаган фуқаро Й.Н. божхона назоратидан ўтаётганда божхона декларациясида ўзи билан 4 турдаги 20 дона ёввойи қушлар ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушугини олиб келаётганини қайд этади.

ЎзАнинг Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматига таяниб берган хабарига кўра, ушбу шахс ноёб турдаги ҳайвонларни олиб киришда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун нормаларига риоя қилмаган.

Давлат экология қўмитаси экспертларининг хулосасига кўра, олиб келинган 2 турдаги 4 дона тўти ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалари йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар туркумига киради. Шу сабаб, бу турдаги ҳайвонларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда халқаро «СIТES» рухсатномаси бўлиши лозим эди.

Бундай рухсатномаси бўлмаган Й.Н.нинг ҳаракати ғайриқонуний, деб топилди. Ўзбекистон Республикасига ғайриқонуний равишда олиб киришга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар эса белгиланган тартибда олиб қўйилган ва Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган. Аммо, ҳайвонларни ўрнатилган тартибдаги ташиш қоидаларига риоя этилмагани сабаб ёввойи қушларнинг 2 донаси нобуд бўлган.

Халқаро нормаларга кўра, ёввойи ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган контейнерлар муайян талабларга жавоб бериши, ҳар бир қафасга жониворлар 1 донадан жойлаштирилиши, уларда ем ва сувдон, вентиляция тешиклари бўлиши зарур.

Ташиш қоидаларига тўлиқ риоя этилмагани бошқа жониворларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Тошкент ҳайвонот боғи ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, кейинчалик 7 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалалари ва 2 турдаги 8 дона ёввойи қушлар ҳам яшаб қололмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг