Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«O‘zLiDeP»да «Ёш олимлар лигаси» иш бошлади

«O‘zLiDeP»да «Ёш олимлар лигаси» иш бошлади

Фото: O‘zLiDeP

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг «Ёшлар қаноти» томонидан мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида турли йўналишларда илмий иш олиб бораётган ёш тадқиқотчилар иштирокида тадбир ўтказилди.

Президентимизнинг бевосита раҳнамолигида мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга, ёшларнинг фанга кириб келишига кенг шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида жамиятимизда илм-фаннинг нуфузи янада ошиб, ўзини шу соҳа ривожи, тараққиётига бағишлаш истагида бўлган ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Албатта, ўз келажагини юқори интеллектуал, инновацион ривожланиш билан боғлиқ кўраётган ҳар қандай давлат, жамият учун бу устувор масалалар сирасига кириши сир эмас.

Давлатимиз раҳбари O‘zLiDePнинг VIII съездида илгари сурган муҳим вазифаларни тизимли равишда амалга ошириш баробарида «Ёшлар қаноти» томонидан ёш олимлар ва тадқиқотчилар билан ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган эдилар. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёш олимлар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қуватлаш лойиҳаси амалга ошириб келинди, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар учун партиянинг махсус стипендиялари жорий қилинди.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, қолаверса, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегияси доирасидаги вазифалар партиянинг ёш олимлар билан амалга ошираётган ишларини ҳам тубдан қайта кўриб чиқишини тақозо қилаётгани таъкидланди.

Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган ғояларни илмий ўрганиш борасида турли университет ва институтларда ёш тадқиқотчиларнинг изланишлар олиб бораётгани уларга ўзига хос фикр алмашув майдонини ташкил қилиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда. Бундай майдоннинг ташкил қилиниши ёш олимлар ва тадқиқотчиларга нафақат доимий мулоқотда бўлиш, балки кучларни бирлаштирган ҳолда юрт равнақига хизмат қиладиган янги ғоялар устида ишлаш учун ҳам имконият беради.

Мулоқот майдонининг мамлакатдаги етакчи сиёсий куч базасида шакллантирилиши ёшларга ўз илмий изланишлари натижаларини амалиётга, хусусан, қонунчиликка, иқтисодиётнинг реал соҳаларида фаолият олиб бораётган тадбиркорликка, бошқа соҳаларга жорий қилиш учун имкон яратади, қолаверса, ёшлар учун ўзига хос «социал лифт» вазифасини бажаради.

 Маслакдошлари сафини тадбиркор ёшлар билан бир қаторда юксак интеллектуал салоҳиятга эга йигит-қизлар ҳисобига ҳам кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётган O‘zLiDeP учун ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг партия илгари сураётган ғоя ва қадриятлар атрофида жипслашуви ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ушбу йиғилишда O‘zLiDeP «Ёшлар қаноти» қошида доимий асосда фаолият юритувчи ҳамда бугун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдирига бефарқ бўлмаган, Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган ғояларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр ёш тадқиқотчиларни ихтиёрий асосдабирлаштирувчи «Ёш олимлар лига»сини тузишга қарор қилинди.

Ёш тадқиқотчиларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш,  ўз навбатида уларнинг изланишлари натижаларини амалиётга жорий этишга кўмаклашиш, илмий ишланмаларини кенг жамоатчиликка етказишда яқиндан кўмаклашиш «Ёш олимлар лигаси»нинг муҳим вазифалари қаторида бўлиши таъкидланди. Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари билан доимий мулоқотни ташкил қилишга алоҳида урғу берилаётгани ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида партия кўмагида чоп этилган, 60дан ортиқ ёш тадқиқотчиларнинг иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар соҳаларига оид ишларини жамлаган илмий тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди.Бундай мақолалар тўпламини «Ёш олимлар лигаси» шафелигида доимий равишда чоп этиб бориш белгилаб қўйилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг