Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Планшетлар эртаги тугади: Ноутбуклар «қотили» дея алқалган бу қурилмалар узоқ яшамайдиган кўринади (таҳлил)

Планшетлар эртаги тугади: Ноутбуклар «қотили» дея алқалган бу қурилмалар узоқ яшамайдиган кўринади (таҳлил)

Смартфон ва фаблетлар планшетни бозордан сиқиб чиқармоқда.

Фото: «Depositphotos»

Бутун дунёни қуршаб олган «планшетлар васвасаси» тугаётган кўринади. Ўз вақтида ноутбуклар «қотили» дея алқалган бу қурилмаларни дўконлар пештахталарида тобора чанг қоплаб қоляпти, ишлатилавермагач улар кераксиз матоҳга айланиб бормоқда. Тўрт йилдирки, жаҳон планшетлар бозори шўнғишда давом этяпти. Диагонали катта экранли смартфонлар уларни шиддат билан сиқиб чиқаряпти. Планшетлар тақдирини гибридлар — ҳақиқий клавиатурага эга ноутбук-трансформерлар узил-кесил ҳал қиладиганга ўшайди. Бу ҳам камдек, ҳаммаёқда ҳозиру нозир хитойликлар оловга мой сепишяпти. Хўш, планшетлар қандай пайдо бўлди, нега ўта оммалашган бу қурилмалар назардан қолди, мобил бозордаги трансформациялар нимага олиб келади — «Риа Новости» таҳлил қилди.

«iPad» саҳнага чиқди

Планшет компьютерларнинг гуллаб-яшнаши асримизнинг ўнинчи йиллари бошларига тўғри келди. «iPhone» мобил бозорда инқилоб ясади, соҳа «Apple»нинг ғалабаси ва рақибларининг таҳликасини томоша қилиб турарди. Орадан бир неча йил ўтиб корпорация шахсий компьютерлар бозорига ҳам қақшатқич зарба берди. Стив Жобс биринчи «iPad»ни 2010 йилнинг январь ойида тақдим этди. Кузатувчиларнинг хулосаси шу бўлди: компютерлар асри ўтмишда қолди.

Стив Жобс биринчи «iPad»ни 2010 йилнинг январь ойида тақдим этди. Фото: «AFP»

Ишлаб чиқарувчилар ҳар қанча уринишмасин, ноутбукларни ихчамлаштиришни уддалай олишмас, интернетдан йўл-йўлакай фойдаланиш учун бу қурилмалар ярамасди, мультимедиа ва ўйинларни-ку айтмаса ҳам бўларди: нетбукларнинг кучи фақат қидирув тизими ва матн муҳаррини очишга етарди, холос.

  • Ўша пайтлардаги телефонлар унча катта эмас эди — уларнинг экран диагонали одатда 3,5 дюймдан ошмасди. Фотосуратлар сифати ва иш суръати смартфонларникидан юқори планшетлар фойдаланувчилар учун ҳақиқий кашфиёт бўлди.

«Планшет васвасаси»

Оддий ва тушунарли бу қурилмалар истеъмолчиларни шунчалик ром эта олдики, алалоқибат улар ҳамён учун курашда мутлақ зафар қозонди. 2012 йили планшетлар савдоси 50 фоизга ўсди. Ўша йили дунё бўйича 28 миллион дона «таблетка» сотилди. Планшетлар пойгасига деярли барча йирик ишлаб чиқарувчилар қўшилди: «Samsung», «Lenovo», «Microsoft». Бу ёқда хитойликлар ҳам жим туришмади — «Huawei», «Irbis», «Prestigio», «Digma».

Аммо «тортнинг энг катта бўлаги» «Apple»га тегди: умумий савдонинг катта ярми айнан Америка корпорациясига тўғри келди. Тез орада экран диагонали 7,9 дюймли «iPad Mini» корпорация маҳсулотлари қаторини тўлдирди. Шундан бошлаб етти дюймли планшетлар оммавийлиги бўйича бозордаги иккинчи стандартга айланди.

«Планшет вавасаси»нинг оқибати шу бўлдики, уддалаган ҳам, уддаламаган ҳам бу ишга бош суқиб кўрди: шахсий компьютерлар бозори дарғаси саналган «Dell»дан тортиб, магнит тасмалари чиқарувчи «Maxell»гача.

2012 йили дунё бўйича 28 миллион дона планшет сотилди. Фото: «Риа Новости»

Фаблетлар ҳужуми

Аммо смартфонлар ҳам қўл қовуштириб турмаганди. Уларнинг иш суръати ошган, экранлари ёрқинлашган, ранг узатиши сифати яхшиланган, энг асосийси — улар катталашган эди.

2015 йили биринчи фаблетлар («phablet» — phone/телефон», tablet/планшет сўзларидан) чиқди, беш дюймли экрани бор телефонлар шундай аталарди. Ҳозир 5,5—6,9 дюймли экранли смартфонлар фаблетлар сирасига киради.

  • Буларнинг олдида планшетлар қўлбола қурилмаларга ўхшаб қолди. 2015 йили планшетлар савдосида илк кескин пасайиш кузатилди. Шундан бери планшетларга талаб камайгандан-камаймоқда. 2014 йилга солиштирганда дона ҳисобида савдо кўрсаткичлари уч ҳисса камайиб кетди.

Истеъмолчилар учун танлов имкони туғилганди: 5,5 ёки 6 дюймли экранга эга телефон турганда планшетга нима бор? Фарқи оз, шундай экан иккинчи қурилмани олиб юришга не ҳожат? Бунинг устига смартфон планшет қилган ҳамма ишни қила олади.

Samsung Electronics Galaxy S8 ва S8 + тақдимотидан. Фото: «AP Photo»

Кескин пасайиш

Катта телефонларга қизиқиш ортидан савдо ҳажми ўсиши кузатилди — 2017 йил якунлари бўйича уч фоиз, бунда айнан фаблетлар бош ролни ўйнади.

Урфдан чиқиб бораётган планшетлар анча-мунча арзонлашди. Улар ҳозир «мода»да бўлиб турган пайтларидаги нархининг ярмига сотиляпти.

Агар мультимедиали контент билан ишлаш учун телефонлар йириклаштирилган бўлса, янада такомиллаштирилган ноутбуклар енгиллашди.

«Delloite» компанияси 2016 йили ўтказган сўровнома планшетларнинг ноутбуклар даражасига чиқа олмаганини тасдиқлайди. Таҳлилчилар 30 минг нафар респондентдан телевизор кўришдан тортиб видеочатларга кириш ва интернетда харидлар амалга оширишгача бўлган  15 турдаги фаолият турида ўзлари учун қулай қурилмани танлашни сўрашди. Натижалар ҳайратланарли: планшет бирон-бир тоифада мақбул қурилма деб топилмади.

Мушук ва планшет. Фото: «Fotolia»

Хитойча таҳдид ва гибридлар

Планшетларни «иккинчи план»га суриб қўяётган бошқа сабаблар ҳам бор: ишлаб чиқарувчиларнинг ўзида бу соҳага қизиқиш сўнмоқда. Бу  ерда гап фақат савдо пастлигида эмас, балки хитойликлар ҳам сабабчи. Негаки бу қурилмалар савдосининг қарийб 50 фоизи қуйи нархлар сегментига тўғри келяпти — хитойликлар бу ерда мутлақ етакчи. Номдор ишлаб чиқарувчилар улар билан рақобатлашишни иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблашади.

Планшетлар «йўлдош компютер» сифатида пайдо бўлганди. Бироқ планшетларнинг росмана клавиатураси йўқ. Компаниялар клавиатураси ечиб олинадиган, экран-планшети сенсор бошқарилувчи ноутбук-транформерлар ишлаб чиқариш билан бунга ҳам чора топишди.

Планшетлар яқин орада йўқликка юз тутади, деб узил-кесил хулоса чиқариш қанчалик асосли? Орамизда планшетлар яна бир неча йилдан cўнг навигаторлар ва электрон китоблар қаторидан жой олиб, тарихга айланади дегувчилар йўқ эмас. Бу қанчалик ҳақиқат — билмаймиз. Аммо бир нарса аниқ: бу қурилмалар энди ҳеч қачон оммалашмайди. Улар иккиламчи буюмга айланади. Масалан, болалар учун ўйин қурилмалар ёки саёҳатга чиқувчилар учун шунчаки эрмакка ярайди, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг