Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир фармонни имзолади

Президент Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир фармонни имзолади

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг шахсан эътибори мавжуд камчиликларнинг қатъиятлик билан бартараф этилиши зарурлигига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган асосий принцип ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишига қаратилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва натижали ижро этилишида Ҳукумат аъзолари, ижро этувчи ҳокимият бошқа органлари раҳбарлари, барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш;
  • идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бириктирилган соҳада давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишида, шу жумладан, молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида мустақиллигини ошириш;
  • аниқ кўрсаткичларга ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлаш;
  • ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ва ҳужжатлари ижросини тизимли ва амалий назорат қилишни такомиллаштириш;
  • давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги иштироки тартиби ва даражасини аниқ регламентлаш орқали иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, «хуфиёна иқтисодиёт»нинг олдини олиш, пасайтириш ва тизимли қарши курашиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • комплекслар, бош вазир ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг аппарати, энг аввало, унинг асосий бўғини – ахборот-таҳлил департаментлари тузилмасини такомиллаштириш ва ихчамлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси сифатини яхшилаш, ижро интизоми даражасини ошириш, кўп сонли йиғилишлар, ортиқча ёзишмалар ва самарасиз хизмат сафарлари амалиётига чек қўйиш;
  • ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мавжуд муаммоларнинг сабаблари ва шароитларини бартараф этишга, ишни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;
  • давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини ихчамлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг