Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пхёнчхан олимпиадаси якунлари: натижалар, совриндорлар, рекордлар...

Пхёнчхан олимпиадаси якунлари: натижалар, совриндорлар, рекордлар...

Фото: «АИФ»

Норвегия ғолиб

Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида 17 кун давомида бўлиб ўтган қишки олимпиада ниҳоясига етди. Жами 102 та медаллар шодаси ўйналган мусобақалар натижасига кўра Норвегия терма жамоаси Германия билан бўлган жиддий рақобатда ютиб чиқди.

Ўйинлар тугашига бир кун қолганида ҳар иккала жамоа ҳисобида 13 тадан юқори пробали медал мавжуд эди. Сўнгги куннинг биринчи қисмида бобслейчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига олдинга чиқиб олган немислар бироз вақтдан сўнг катта сенсация қилишларига бир баҳя қолди. Улар хоккей баҳсларининг финалида Россия устидан ғалаба қозонишлари учун ирода етишмади. Шу кунгача олимпиадада олтин медални қўлга киритмаган рус хоккейчилари овертаймда киритган шайбалари эвазига ўзлари учун омадсиз келган олимпиадада ғалаба қозонишди.

Энг сўнгги баҳс — аёллар ўртасидаги чанғи пойгасида 30 км масофада норвегиялик Марит Бёрген ғолиб чиқди. Натижада олтин медаллар сони бўйича Германияга етиб олган скандинавияликлар кумуш медаллар сонидаги устунлик ҳисобига умумий ҳисобда 1-ўринга кўтарилиб олишди. Учинчи ўринни Канада спортчилари 11 та олтин билан қўлга киритди.

Умумий медаллар сони

Бу борада ҳам Норвегияга тенг келадигани йўқ. Норвеглар Пхёнчханда нақ 39 та медални қўлга киритиб, қишки олимпиада рекордини янгилашди. Олдинги рекорд Ванкувер олимпиадасидаги АҚШ терма жамоасига тегишли эди.

Умумий ҳисобда Германия – 31, Канада – 29, АҚШ – 23, Нидерландия 20 та медални қўлга киритди. Норвегияликлар кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиш бўйича ҳам тенгсиз бўлишди – 14 ва 11.

Совриндорлар географияси бу сафар уч қитъанинг 30 давлати билан чекланди. 30 йил ичида биринчи марта Лихтенштейн вакили медал ютиб олди. Венгрия спортчиси эса ўз мамлакати тарихидаги илк олтин медални қўлга киритди.

Иштирокчилар

Ўйинларда 92 та миллий олимпия қўмитасининг 2920 нафар спортчиси иштирок этди. 242 спортчи билан Осиёга келган АҚШлик спортчилар энг катта спорт делегацияси бўлишди. 19 мамлакат олимпиадада битта спортчи билан иштирок этди.

Ёшга доир рекордлар

Олимпиаданинг энг ёш иштирокчиси 15 ёшли хитойлик фристайлчи қиз У Мэн «хаф-пайп»да чиқиш қилди.

Энг ёши улуғ атлет 49 ёшли финляндиялик кёрлингчи Томи Рантамяки (дабл-микст) бўлди. Кёрлинг бўйича Канаданинг захира жамоаси таркибидаги 51 ёшли Шерил Бернард эса мусобақада қатнашмади.

Россиялик 15 ёшли гимнастикачи Алина Загитова олтин медал олган энг ёш спортчи бўлди.

Энг ёши катта чемпион ҳам россиялик. Хоккейчи Павел Дацюк ва канадалик кёрлингчи Жон Моррис 39 ёшда. Фақат Дацюк шеригига нисбатан 5 ой олдин туғилган.

Жаҳон ва олимпия рекордлари

Фигурали учиш баҳсларида бешта жаҳон рекорди қайд этилди. Россиялик Алина Загитова қисқа дастурда жаҳон рекордини ўрнатди (82,92 балл). Алёна Савченко ва Бруно Массо (Германия) жуфтлиги эркин дастурда 159,31 балл билан жаҳон рекордини янгилади. Канадалик Тесса Вирчу ва Скотт Моир бирйўла икки йўналишда қисқа дастур ва умумий баллар бўйича янги рекорд соҳиби бўлишди. Франция спортчилари Габриэлла Пападакис ва Гийом Сизерон эркин дастурда ғолиб чиқиб яна бир рекорд соҳиби бўлишди (123,35 балл).

Конкида югуриш баҳсларида жами еттида олимпия рекорди ўрнатилди. 500 метр масофада энг яхши кўрсаткич норвегиялик Ховард Лорентцен (34,41) ва япон Нао Кодаирага тегишли бўлди. 1000 метр масофага ҳолландиялик Йорин тер Морс, 5000 метр масофада ҳолланд Свен Крамер ва 10000 метр масофада канадалик Тед-Ян Блумен олимпиада рекордини ўрнатишди.

Шорт-трекда иккита жаҳон, тўртта олимпиада рекорди ўрнатилди. 500 метрлик масофада хитойлик У Дацзин (39,584), аёллар эстафетасида Ҳолландия терма жамоаси (4.03,471) жаҳондаги энг юқори натижани кўрсатишди. 500 метр масофада олимпиада рекорди мезбон спортчи Чхве Мин Чжон (42,422) томонидан янгиланган бўлса, эркаклар эстафетасида Венгрия терма жамоаси ҳам худди шундай натижага эришди (6.31,971). 1000 метрда олимпия рекорди канадалик Шарл Амлен (1.23,407), 1500 метрда яна бир мезбон спортчи Лим Хё Жун томонидан янгиланди (2.10,485).

Марит Бёрген ва Эстер Ледецка натижаси

Пхёнчхандаги ўйинларгача қишки олимпиада тарихидаги энг совриндор аёл ҳисобланган норвегиялик чанғичи Марит Бёрген Кореяда қўлга киритган медаллари туфайли энди ўйинлар тарихидаги энг совриндор спортчига айланди. У 2002 — 2014-йиллар давомида олтита олтин, учта кумуш ва битта бронза медални қўлга киритган эди. Якунига етган баҳсларда у турли дастурларда иккита олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалига эга чиқди. Медалларнинг умумий сонига (8 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза) кўра у аввалги рекордчи – ҳамюрти, машҳур биатлончи Уле-Эйнар Бёрндаленни ортда қолдирди.

Ўзи билан энг кўп медални олиб кетаётган спортчи норвегиялик Марит Бёрген (2 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза) бўлса-да, унинг ҳамюрти Йоханнес Хесфлот Клаэбо ҳамда франциялик биатлончи Мартен Фуркад энг кўп – 3 тадан олтин медални қўлга киритди. 

Чехиялик Эстер Ледецка битта олимпиаданинг иккита спорт турида олтин медални олган тарихдаги илк спортчи бўлди. У тоғчанғи (супергигант) ва сноуборд (параллел гигант слалом) баҳсларида шундай муваффақиятга эришди.

Харажат ва ҳаракат

Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси бош директори Ё Хён Гунинг айтишича, мусобақаларга тайёргарлик кўриш ҳамда спорт мажмуалари қурилишига 14 трлн вон (12,5 млрд АҚШ доллари) маблағ сарфланган. Ташкилий гуруҳ таркибида 55 минг ходим, жумладан, 15 минг кўнгилли меҳнат қилган. Ўйинлар давомида 1 миллиондан ортиқ чипта сотилган. Томошабинларнинг умумий сони эса 1 миллион 330 мингтага етган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг