Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қачонгача масъулиятни фақат «комиссия» келганда ҳис қиламиз?

Қачонгача масъулиятни фақат «комиссия» келганда ҳис қиламиз?

Коллаж: «Xabar.uz»

"Паст Дарғом буюм-савдо" бозори ва "Автобошбекат" оралиғидаги йўл аслида автомашиналар қатновига мўлжалланган. Лекин бу йўлдан Самарқанд-Каттақўрғон ёки Хончорбоғ йўналишига ўтиб олиш учун ҳайдовчилар узоқ вақт йўқотишади. Бозорга ёндош йўлнинг ҳар икки чети кунига "ёйма" бозорчага айланади. Бунинг устига "Автобошбекат" томонида жойлашган қатор савдо ва хизмат кўрсатиш дўконлари олди ҳам кун бўйи "мўлтонининг чодири" қиёфасини касб этади. Автомашиналар, пиёдалар ҳаракатига ҳам халақит қилаётган бу тартибсизликнинг чеки борми?

"Комиссия" келар экан, дея яқинда йўл устига маҳсулотларни ёйиб ташлаган савдогарлар йиғиштирина бошлашди. Бозор маъмурияти, профилактика инспектори, солиқчилар, ДСЭНМ, "Тоза ҳудуд" ходимлари ҳам "ишга" киришишди. Бежиз "ишга" сўзи қўштирноқ ичида ишлатилмаяпти. Шу куни йўл четидаги "лоток" ариқ балчиқдан тозаланди. Савдогарларга бозор ичига кириб савдо қилиш лозимлиги тушунтирилди. Дўконлардан пиёдалар йўлагига чиқарилган маҳсулотлар ичкарига олинди. Офтобда "кабоб" бўлаётган товуқ гўшти, озиқ ва ноозиқ товарлар дўконларга киритилди. Лекин, "тартиб бўлар экан-ку" деб мамнун бўлганларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади.

Эртаси кундан бошлаб, яна ўша аҳвол. Масъулларнинг масъулияти бир кунлик эдими? Нега доимо "комиссия келиши"га тартиб бўладию ўз-ўзимиз учун савдо маданияти, тартиб қоидаларга риоя қилмаймиз.

— Ҳар ой 320 минг сўм патент тўлайман. Муқим савдо қиладиган жойим йўқлиги сабабли, бозор атрофида одам гавжум ерда, йўл ёқасида савдо қиляпман, — деди савдогарлардан бири. — Савдо билан машғул бошқалар ҳам шунга ўхшаш важларни келтиришаяпти. Тўғри улар ҳам фойда кўриш, рўзғор тебратиш учун шу ишнинг бошини тутган. Бироқ "Паст Дарғом буюм-савдо" бозорининг кунботар томони бум-бўш. "У тарафга одамлар бормайди, савдо юришмайди" дея эътироз билдиришлари ҳам ўринли. Нима қилиш керак? Бунинг учун йўлни бозорга айлантириш шартмас-ку.

Бозор бошлиғи Эркин Тилабов бозор ичида 27 та турғун савдо биноси ҳамда бўш жойлар кўплигини айтиб савдогарларни ичкарига таклиф қилди. Бунинг учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлар ана шу имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Яратиб берилаётган шарт-шароит учун бошланишида ижара ҳақи олинмаслиги айтилди. Бу таклифга ким кўнди, ким яна ортга "тисарилди". Эртаси кунги аҳволдан буни билиш қийин эмас. Сабаби улар орасида патент тўламайдиганлари ҳам борлиги эмасмикин?

"Паст Дарғом мева-сабзавот" борзорида ҳам худди шундай ҳолатни кўриш мумкин. "Стоянка" олди турли маҳсулотлар сотаётган савдогарлар билан ўраб олинган.

Бундай ҳолатлар харидор, пиёдалар ва машиналарнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. Санитария ҳолати эса ариқ ва атрофда тўпланган чиқиндалардан маълум.

Ҳақли бир савол туғилади. Бозорларда тартиб-интизом, тозалик ва бошқа масалалар бўйича деярли барча идоралардан масъул кишилар бириктирилган. Юқорида айтилганидек, сектор раҳбарлари ҳудудга борган пайт ўша масъуллар "қимирлашади".

"Айтиш, танқид қилиш осон". Бу бозор ҳудудига масъулларнинг гапи. Тартиб-интизом бўлиши учун озгина ўйлайдиган, имконият қидира-ётган одам топилмаяпти ҳудудда. Очиғи, "Паст Дарғом буюм-савдо" бозорининг "Самарқанд-Каттақўр-ғон" магистраль йўлига ёндош ташқи томони қатор йиллардан буён қаровсиз. Қарийб, 1 гектарга яқин шу жойни йўналишсиз таксилар учун тўхташ жойига айлантириш, автобошбекат билан бозор оралиғидаги йўлга чиқиладиган 2 дарвозани (вақтинча бўлса ҳам) ёпиш керак. Бу билан катта йўл атрофидаги тирбандликнинг олди олинади. Яна бир томони, Гўзалкент қўрғони тарафдан келадиган машиналар ҳам тор жойга "тиқилмайди". Иккинчи ўнғайлик эса бозорнинг одам "сийрак" қисмидан ҳам кириш-чиқиш барқарорлиги эвазига кунботар тарафдаги дўконлар гавжумлашади. Қисқаси, савдогарлар "одам бормайди" деб нолишмайди. Ана шунда бир кунлик "тартиб" доимийга айланади.

Масъуллар ҳамон жим

"Паст Дарғом буюм-савдо" бозори ва "Автобошбекат" оралиғидаги йўл аслида автомашиналар қатновига мўлжалланган. Лекин бу йўлдан Самарқанд - Каттақўрғон ёки Хончорбоғ йўналишига ўтиб олиш учун ҳайдовчилар узоқ вақт йўқотишади. Бозорга ёндош йўлнинг ҳар икки чети кунига "ёйма" бозорчага айланади…"

Юқорида келтирилган жумлалар газетанинг бир ой олдинги 21-сонида чоп этилган "Бозор атрофида бир кунлик "тартиб" мақоласидан келтирилди. Мазкур ҳолат бўйича ДСЭНМдан чора-тадбирларни амалга оширгани тўғрисида муносабат билдирилди. Унда туман ҳокимига "Паст Дарғом буюм-савдо" комплекси олдидаги автомашиналар тўхташ бекатидан "Фаввора" ресторанигача бўлган масофада ноқонуний бозорча ташкил этилгани ва ариқларда чиқиндилар тўлиб "Тоза ҳудуд" ДУК томонидан ўз вақтида олиб кетилмаётгани айтилган. Шунингдек, "Автобошбекат" раҳбари Н.Пирназаровга ҳудудда атторлик буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни тўхтатиш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ҳақида ҳамда "Паст Дарғом буюм-савдо" бозори раҳбарига бозорга кириш дарвозаси олдида харидорлар учун мўлжалланган йўлакларда савдо қилишга барҳам бериш тўғрисида санитария тавсияномаси берилгани айтилган.

"Паст Дарғом буюм-савдо" МЧЖ савдо мажмуаси раисининг жавоб хатида эса кўчада савдо қилаётган фуқаролар билан алоҳида суҳбат ўтказилгани, мажмуа ҳудудида 27 та бўш турғун шахобчалари ва ёпиқ бинодаги 88 та савдо расталарида ободонлаштириш ишлари олиб борилгани билдирилган. Демак, тадбиркорлар бемалол кириб жойлашишига шароит бор.

Отабек Эргашев


ТАҲРИРИЯТ: Икки бозор ва автобошбекатнинг атрофига яна назар солдик. Ачинарли ҳолат, олдинги тартиббузарликлар кўпайса кўпайгану камаймаган. Йўллар тирбанд, такси-ю вақтинча тураргоҳга айланган йўл тартибсиз. Кўчма дўконлар, савдогарларнинг йўлга ёйилган жойлари-ю чодирлари ўтган асрни эсга солади. Ҳамма шу гавжум жойга интилади. "Тоза ҳудуд" ДУК чиқинди машинаси эса белгиланган жойга киришга қийналиб, контейнерни тозалашга улгурмаяпти. Ариқлардаги чиқиндини ким тозалайди, бу номаълум. Бир сўз билан айтганда танқиддан сўнг, ҳеч нарса ўзгармади. Бозор атрофида тартиб бўлиши учун ҳар гал "комиссия келиши"ни кутаётган мутасаддилар эса жим. Кўпчиликнинг фикрига кўра, оралиқдаги йўлга машиналар тўхтаб туришини тақиқловчи белги қўйилиши керак. Солиқ идорасидагилар эса кўча савдосига барҳам бериш учун бозор маъмуриятига кўмаклашиши зарур. Акс ҳолда тартиб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг