Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қалбаки паспортли «уддабурон» аёл ушланди

Қалбаки паспортли «уддабурон» аёл ушланди

Шайхонтоҳур туманида 1 май куни фуқаролик паспортини қалбакилаштириб, бир нечта қонунбузарлик содир этган «уддабурон» аёлнинг жиноят иши бўйича тергов жараёни бўлиб ўтди. Аниқланишича, 1972 йилда туғилган, уй бекаси, олмазорлик И.Г. 2017 йил 18 май куни Чилонзор тумани Ал-Хоразмий кўчаси 4-давлат нотариал идораси ёнида онаси А.Н.га тегишли бўлган, Собир Раҳимов тумани ИИБ томонидан берилган паспортдаги фотосуратни ўзгартириб, қалбакилаштирган. Ушбу ҳужжатни 4-давлат нотариал идорасига А.Н. сифатида тақдим этиб, «Cobalt» автомашинасини сотиш ҳуқуқини берувчи ишончномага онасининг ўрнига имзо қўйиб, қалбаки ишончнома расмийлаштирган.

Бу ҳам етмагандек, қинғир ишида давом этган аёл 2017 йил 26 май куни ўзининг қалбаки паспорти билан 9-давлат нотариал идорасига боради. Бу сафар ҳам мазкур идорага қалбаки ҳужжат тақдим этиб, Олмазор туманида жойлашган онасининг уйини сотиш ҳуқуқини берувчи ишончномага А.Н. ўрнига имзо қўйиб, қалбаки ишончнома расмийлаштирган.

Ушбу ҳолат буйича Жиноят кодексининг 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бу муҳим!

Жиноят кодексидан:

228-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш

Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг