Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қанча китоб ўқиш керакми, қандай китобни ўқиш керак?

Қанча китоб ўқиш керакми, қандай китобни ўқиш керак?

Фото: «Xabar.uz»

Китоб мутолааси кўнгил хоҳиши билан боғлиқ машғулот. Албатта, ҳеч ким бировни китоб ўқишга мажбурлай олмайди. Аксинча, мутолаага даъват этиш мумкин холос. Аммо Эдуар Лабуле: «Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади», – деб ёзади.

Китоб ўқимаган одам яшай олмайди деган гап йўқ, аммо яшашда ҳам яшаш бор-да! Китоблар инсонга ўзликни, дунёни англаш, ҳаёт мазмунини тушуниш имконини беради. Бадиий адабиётсиз фикрий теранликка эришиб бўлмайди. «Радио, телевидение, интернет бор-ку, улар маънавий эҳтиёжимизни қондиролмайдими?», – дерсиз. Улар ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди. Бадиий адабиёт ва мутолаа ҳақида кўп ва узоқ гапириш мумкин. Агар қисқагина хулоса қиладиган бўлсак, адабиёт инсоннинг бадиий тафаккури маҳсулидир. Китоб эса инсоннинг табиати, моҳияти билан боғлиқ бўлган буюк мўъжиза. Инсон бор экан, адабиёт ва китоб яшашда давом этаверади.

Кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушунмайдилар. Баъзилар буни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли деб билади. Улар учун ҳар қандай китоб кишини «ўқимишли» қилади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш — дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир, зерикарли бўлмаса бас. Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Ўлчовли ҳаётимизнинг маълум бир қисмини шунга сарф қиламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсир ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шу ҳақда барчамиз ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Ўтган асрнинг машҳур адибларидан бири Ҳерман Ҳесси китоб мутоаласи ҳақида шундай ёзади: «Шунчаки дам олиш, вақт ўтказишни истаган ва «ўқимишли» бўлиш ҳақидагина қайғурган китобхон китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади. Бироқ бу кучни у аниқ тасаввур этолмайди ва баҳолай ҳам олмайди. Бундай китобхон тиббиётдан мутлақо бехабар беморга ўхшайди, яъни айнан қайси дори кераклигини тушунмасдан, ҳар бир қутичадагидан татиб кўра бошлайди. Аслида мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур бўлган, янги куч ҳамда руҳий таъсир бахш этадиган китобларни топа билиши керак эмасми?».

Файласуф Леббон: «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак» деганда нақадар ҳақ эканлигига мен яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтказиб келинаётган «Ёш китобхон» республика танлови учун тавсия этилган китоблар рўйхатини кўздан кечириб амин бўлдим.

Китоб тарғиботи, унинг маънавий юксалишимиздаги ўрни ҳақида қанча гапирсак кам. Аммо китоб мутолааси хўжакўрсинга, танловларда ғолиблик учун бўлса-чи? Китобдан оладиган завқ-шавқни туймай, шунчаки тезроқ ўқисаму  асар ҳақида пала-партиш маълумотга эга бўлсам бўлди деб ўйлайдиган, «мен – китобхонман!» деб кўксига урадиган ёшлардан ҳайбаракаллачилар гуруҳи шаклланади холос. Ўзим ҳам касбим тақозосига кўра вилоят миқёсида ташкил этилган бу каби танловларда иштирок этиб, тўғриси, сўзамол, асарларни ўқимай туриб, бадиият қўрғони атрофида аравани қуруқ олиб қочадиган, адабиётдан завқланиш ўрнига маълумотлар базасини тўлдириш учун елиб-югураётган «китобхон»ларнигина кашф эта олдим.

Ёшлар иттифоқи тавсия этган китоблар рўйхати уч қисмга бўлинган: 10-14 ёшлилар учун, 15-19 ёшлилар учун ва 20-30 ёшлилар учун. Рўйхатдан халқимизнинг достонлари, нодир ва тарихий асарлари, шунингдек жаҳон адабиётининг энг сара китоблари ўрин олган. Уни ким тузганини билмадим, аммо айрим жиҳатларни эътиборга олганида маъқул бўлар эди. Масалан, китобларни тавсия қилишда ўқувчининг ёши, асарни идрок этиши назардан четда қолган. «Алпомиш», «Рустамхон» каби ўта миллий ва жиддий масалалар илгари сурилган достонларни 4-5-синф боласи идрок эта оладими? Ахир мактаб дарсликларини тузган педагог-олимларимиз ҳам 9-синф адабиёт дарсларида «Алпомиш» достонини, 10-синфда эса «Рустамхон»ни ўқиб-ўрганишни тавсия этишган-ку!

Катта ёшли китобхонлар учун Алишер Навоий «Хамса»сининг насрий баёнини ўқиш тавсия этилган. Ўйлаб қоласан, Навоий «Хамса»ни насрда яратмаган-ку! Насрий вариантларнинг яратилиши аслиятни ўқимаса ҳам бўлади дегани эмаслигини наҳот англамасак? Бу ҳолда биз қачон Навоийни англаб етамиз?!

Шу тоифадаги китобсеварлар учун кейинги йилларда ўзбек адабиётида яратилган сара асарлар тавсия қилингани яхши бўлган. Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Исажон Султон каби носирлар, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур, Иқбол Мирзо, Нодира Афоқова каби шоирларнинг асарларини 15-19 ёшли китобхонларга ҳам ўқитсак, бугунги адабий жараён билан таништирсак, бугун ҳам яхши-яхши асарлар яратилаётганидан воқиф қилсак, янада яхши бўлар эди.

Фикримиз сўнгида машҳур рус адиби Борис Пастернакнинг «Буюк китобхонлар пайдо бўлгандагина буюк адабиёт пайдо бўлади» деган гапини келтиришни жоиз деб билдим. Юртимизда китобга, китобхонликка эътибор юксалаётганидан хурсандмиз.

Зариф Қувонов
Навоий шаҳри

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг