Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўқонда содир этилган шов-шувли жиноятлар бўйича суд ҳукми ўқилди

Қўқонда содир этилган шов-шувли жиноятлар бўйича суд ҳукми ўқилди

Фото: ЎзА

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Қўқон шаҳридаги «Шедевр» ва Данғара туманидаги «Марокаш» номли чойхоналарда содир этилган жиноятлар ва улар билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича айблов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айб эълон қилинган жиноят иши суд мажлисида қонунда белгиланган 4 ой кўрилди.

Судланувчиларнинг бир нафари суддан яширингани учун жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, эҳтиёт чораси қамоққа алмаштирилиб, қидирув эълон қилинган эди.

Суд судланувчиларнинг 1 нафарини безорилик руҳида учта одамни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш, қонунга хилоф равишда қурол сақлаш ва безорилик жиноятлари содир этган деб, аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 16 йил муддатга, ўқ отар қуролини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ўқ отар қуролини қонунга хилоф равишда сақлаш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 4 йил 4 ой муддатга, муқаддам судланган ва суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида безорилик жинояти содир этган 9 нафар шахсга нисбатан аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 5 йил муддатга, безорилик жинояти содир этишда фаол иштирок этган 4 нафар шахсга аввал судланмаган бўлсаларда 5 йил, 2 нафарига эса 4 йил муддатга, бошқаларнинг ундови билан безорилик жинояти содир этган 18 нафар шахсга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди ва уларнинг 2 нафари суд залидан қамоққа олинди.

Ҳукм эълон қилингандан сўнг раислик қилувчи судья ҳукм мазмуни, судда келтирилган айрим важлар билан қўшилмаслик сабаблари, жазо тайинлашда эътиборга олинган ҳолатлар ва ҳукмдан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқларини тушунтирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 февралидан 6 февралга ўтар кечаси Қўқон шаҳридаги «Шедевр» чойхонасида бир неча ёшлар ўртасида оммавий тўполон рўй берган эди. Унда қатнашчилардан бири милтиғи билан жанжал иштирокчиларга қарата икки маротаба ўқ узиши сабаб уч нафар йигит тан жароҳати олганди. 

Ушбу оммавий тўполон ўша пайтда шов-шувларга сабаб бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар олиб борилган ва воқеа иштирокчиларининг барчаси қўлга олинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг