Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қоракўл: аҳоли ер савдосидаги қонун бузилишидан норози (видео)

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги «Дўстлик» МФЙ ҳудудида 2014 йилда намунали уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Билдирилишича, М-37 халқаро аҳамиятга эга йўли ёқасида жойлашган мазкур уй-жойлар олдида бўш ер майдони қурилиш учун мўлжалланмаган. Бу манзилнинг ер усти ва ер остидан коммуникация тизимлари, тоза ичимлик суви магистрал сув қувурлари ўтказилган.

«Ер савдоси «ўйин»га айлантириб юборилган...»

Улуғбек Рустамов, Акрам Маматов, Аҳрор Очилов, Сулаймон Очилов, Лайло Қодирова, Наргиза Мансурова, Абдурашид Тўраев, Шуҳрат Каримов, Шерназар Саломов, Улуғбек Шерназаров, Шалола ва Гуллола Холниёзова, Ҳусен Авезов ҳамда бошқа фуқаролар ўз яшаш хонадонлари олдидаги ер майдонларининг асоссиз равишда аукцион савдолари орқали сотилганидан норози бўлишган.

«Туман ҳокими қарорида гўёки ваколатли ташкилотларнинг келишув ва хулосаси олинган ҳамда шундан сўнг, 11,28 сотих ер майдони электрон-онлайн аукцион орқали сотилган. Аслида, ваколатли ташкилотлар томонидан ушбу ер майдонини электрон-онлайн аукцион орқали сотувга чиқариш масаласида хулосалар берилмагач, туман масъуллари ҳамда айрим ташкилотлар иштирокида кенгаш йиғилиши ўтказилган. Ва шу йиғилиш баёнига асосланилиб, ваколатли ташкилотлар хулосаси олинмай, ер савдоси «ўйин»га айлантириб юборилган», — дейилади «Xabar.uz»га мурожаатда.

Фуқароларга кўра, улар намунали уй-жойлари ёнида болалар майдончаси йўқлиги ва бу бўш ер майдонининг коммуникация тизимларига яқин масофада бўлмаган қисмида болалар майдончаси тикланиши таклифи билан чиқишган. Туман мутасаддилари эса таклифни қўллаб-қувватлаш ўрнига, ноқонуний йўлни ишга солиб, манзилни бошқа субъектга айлантириш ҳаракатига тушиб қолишган...

«Болалар майдончаси учун катта қурилиш талаб этилмайди. Бундай майдонча учун оғир конструкцияли қурилиш материаллари ётқизилмайди. Аммо майдоннинг ноқонуний йўл билан савдога қўйилиб, сотиб юборилгани ҳамда бошқа турдаги қурилишга рухсат берилгани аҳолининг, жумладан, бизнинг норозилигимизга сабаб бўляпти. Ушбу ер майдонининг шундоқ ёнидан сизот сувларини оқизиб кетишга мўлжалланган захкаш ўтказилган эди. Захкаш кўмиб ташланди. Икки-уч ой ичида шўрлик ва намлик ошиб кетди. Оқибатда уй-жойларимизнинг пойдеворлари нурай бошлади. Девор сувоқлари кўчиб, юқори даражадаги шўрлик ва намлик хонадонларимизнинг ички деворларигача таъсирини кўрсатмоқда», — дейилади мурожаатда.

Аниқлик киритилишича, ҳудуднинг унча олис бўлмаган манзилида чимли футбол майдони ҳамда Work out бор. Бироқ, улар маълум миқдордаги тўлов асосида хизмат кўрсатади, ҳар кунлик тўловни эса ота-оналарнинг чўнтаги кўтармайди.

Фуқароларнинг сўзига кўра, аҳоли томорқа ерларини суғоришга мўлжалланган ушбу ер майдони ўртасидан ўтказилган узоқ йиллик ариқ ҳам кўмиб ташланган.

«Ерларимизни суғоришга сув йўли ҳам қолмади. Водопровод билан таъминланиши учун эса айни пайтда можароли ва муаммоли ерда ўзбошимчалик билан тикланаётган бино бузилиб, сўнг сув қувурлари ўтказишга тўғри келади. Ваҳоланки, бу ердан Қоракўл шаҳри аҳолисининг маълум қисмини тоза ичимлик суви билан таъминловчи ерости катта қувурлари ўтказилган. Одамларни муаммодан олиб ташвишга, ташвишдан олиб муаммога ташлашмоқда», — дейишди фуқаролар.

Туман ҳокими қарори «ҳақиқий эмас» деб топилди

Мурожаат юзасидан «Xabar.uz» мухбири томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукционга чиқариш тўғрисида туман ҳокимининг (2022 йил 4 июн, 185-2-37Q/22-сонли) қарори чиққан.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ва ижара ҳуқуқи асосида электрон-онлайн аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, «Дўстлик» маҳалласидаги 0,1128 гектар (11,28 сотих) ер майдонининг 4 сотих қисми электрон-онлайн аукцион сотувга киритилиши фақатгина масъуллар иштирокида ўтказилган Кенгаш йиғилишида тузилган баённома орқалигина амалга оширилган. Ернинг 4 сотих қисмини сотиш учун ҳам ваколатли ташкилотлар хулосалари олинмаган. Шунга қарамай, электрон-онлайн аукцион орқали ерни сотиш қарорида: «Қоракўл туман «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида жойлашган жами 11,28 сотих ер майдони иловага мувофиқ, «Yerelektron» АТТ дастури орқали ваколатли ташкилотлардан келишув ҳамда муҳокамадан ўтказилганлиги инобатга олинсин», дея кўрсатилган.

Фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётган 11,28 сотих майдони 10 та лотга ажратилган ҳамда 9 нафар тадбиркорга электрон-онлайн аукцион орқали жами 396 миллион 131 минг сўмга сотилган.

Аҳоли норозилигига олиб келаётган ҳолат Қоракўл туман прокуратураси эътиборини ҳам ўзига қаратган ва фуқароларнинг мурожаатларига асосланиб, туман ҳокимининг 04.06.2022 йилдаги тегишли қарори изчил ўрганилган. Ўрганув давомида 10 та лотга ажратилган ҳолда савдога чиқарилган ер майдонининг 9 таси аукцион савдолари орқали сотилгани, бироқ, ваколатли ташкилотлар, жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланувчи ташкилотлардан ҳақиқатан ҳам хулосалар олинмагани аниқланган.

Шу сабабли, туман прокуратураси томонидан туман ҳокимининг 2022 йил 4 июнда чиқарилган 185-2-37Q/22-сонли қарори оқибатида келиб чиққан аукцион натижаларининг қонун талабаларига зид бўлганлиги сабабли қарор ҳақиқий эмас, деб топилган. Ва ушбу юзасидан 01.11.2022 йилда Бухоро туманлараро маъмурий судига ариза киритилган.

«Биз Маъмурий судга ҳоким қарорини ҳамда Фуқаролик судига аукцион натижаларини бекор қилиш юзасидан даъво аризаси киритганмиз. Айтиш жоизки, ушбу масалада туман архитекторининг айби бор. Ваҳоланки, архитектор ваколатли ташкилотлар билан расман келишмай, хулосаларни олмай, бўш ер майдонининг аукцион электрон-онлайн савдога қўйилишини таъминлаган. Иккинчи ҳолатда амалнинг қонунийлиги таъминланиб, қурилиш ишлари бошланган тақдирда ҳам фуқаролар рози бўлиб қолишмайди. Чунки бу ерда мурожаат қилган фуқароларнинг манфаати ҳам бор. Шу сабабдан йирик маблағ эвазига сотиб олган ер майдонида тадбиркорлар иш фаолиятини бошлай олишмаяпти. Ваколатли ташкилотлар ушбу ер майдонида оғир конструкцияли қурилиш ишларига рухсат беришмас экан, тадбиркорлар ишини тўхтатади»,— деди туман прокурори Феруз Очилов.

Туман прокурори аризасига мувофиқ, Бухоро туманлараро Маъмурий суди томонидан ҳолат юзасидан жорий йилнинг 24 январь санасида очиқ суд мажлиси ўтказилган. Суд органи вакиллари томонидан Қоракўл туман ҳокимининг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

«Туман ҳокимининг ушбу қарорини қонуний, деб бўлмайди. Улар фақат масъуллари томонидан тузилган баённомани асос қилиб олишган. Энг қизиғи, баённомада ҳудуддаги 11,28 сотих ер майдони эмас, балки унинг 4 сотих қисми аукцион савдога чиқарилиши муҳокамага қўйилган. Ҳоким қарорида эса унинг акси. Яъни 10 та лотга ажратилган 11,28 сотих ер майдони аукционга қўйилган ва амалда 9 та лот қонунга зид равишда сотилган. Суд томонидан жавобгар Қоракўл туман ҳокимлиги зиммасига ушбу ер майдонларини «Yerelektron» АТТ дастури орқали электрон онлайн-аукционга чиқариш масаласини ваколатли ташкилотлардан келишув ҳамда муҳокамадан тўлиқ ўтказиб, хулосалари олингандан кейин кўриб чиқиш мажбурияти юкланди. Ҳамда туман ҳокимлигидан давлат фойдасига уч миллион сўм давлат божи ундирилиши белгиланди», — деди Бухоро туманлараро Маъмурий суди судьяси ёрдамчиси Ёрқин Муҳиддинов.

Туман Экология бўлими бошлиғи Равшан Очилов эса ваколатли ташкилот сифатида, агар қурилаётган объект ҳудудида дарахт ёки кўчатлар мавжуд бўлса, тадбиркорга уларни кўчириб ўтқазиш мабурияти юклангани, шикаст етказса, жарима тўлаш талаблари қўйилганини билдирган.

«Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъулининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳолат ўрганилганда, мазкур ер майдонидан «Огаҳий-10кВ»ли ҳаво электр узатиш тармоғининг (симёғоч) 21, 22, 23, 24-сонли таянчлари ўтказилган. Ер майдони сотувга чиқарилганда, корхонага бу ҳақда маълум қилинмаган.

«10 кВ ҳаво электр узатиш тармоғининг муҳофаза майдони унинг энг четдаги симидан ҳар икки томонга 10 метр масофа қилиб белгиланган. Аммо қурилиш олиб борилаётган объект ҳамда симёғоч ўртасидаги масофа 3,38 – 7,32 метрни ташкил қилади. Электр таъминоти корхонаси балансида бўлган ушбу тармоқни хавфсиз ҳудудга кўчириш масаласини ҳал қилиш учун амалдаги қонун талаблари асосида қурилиш бўлими томонидан ёзма хулоса берилиши лозим. Ушбу масалада эса тадбиркор ва туман электр тарқатиш корхонаси ўртасида «хизмат кўрсатиш» шартномаси тузилиб, лойиҳа ишлари бажарилган. Бироқ, 10 кВ ҳаво электр узатиш тармоғини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишлари, ҳудуд аҳолисининг қаршилиги сабабли, вақтинчалик тўхтатиб қўйилди», — деди «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъули.

«Бири қур, бири тўхтат!» деса...»

Аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган, устига-устак, машмашалар қайнаётган ҳудудда икки қаватли бинони қуришдан тўхтамаётган тадбиркор билан суҳбатлашамиз. Ўзини Абай Абдуллаев деб таништирган тадбиркор ўзида мавжуд ҳужжатлар тахламини кўрсатар экан, «туман ҳокими ва масъуллари қурилишни давом эттираверишимни билдиришди», — деган важ келтирди.

Унинг айтишича, у аукцион савдонинг биринчи турида ютқазган ва ўзи у ерни харид қилиб олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Шундан сўнг кейинги аукцион савдога укаси Содиқ Абдуллаев кирган ва 2 та лотни сотиб олишга муваффақ бўлган.

«Укамнинг номида бўлишида фожиа йўқ. Оилавий тадбиркорлармиз. Агар атайин менинг номимда бўлиши лозим бўлса, вақти келиб, ўз номимга ҳам ҳужжатлаштириб оларман. Аммо асосий муаммо бу эмас! Биз, электрон-онлайн аукцион савдосига кирдик ҳамда ҳар бири 0,012 гектардан бўлган ер майдонининг бирини 42 миллион 869 минг сўм ва бирини 24 миллион 953 минг сўм маблағ эвазига сотиб олдик. Ва ишни бошладик. Туман ҳокимлиги нечоғлиқ қонунбузилишларга йўл қўйган — у жавоб беради. Ахир, биз тадбиркормиз! Шу ерлик аҳоли учун нон ишлаб чиқариш цехини тиклашни, шу ерларни обод этишни мақсад қилганмиз. Ўттизга яқин шу маҳалланинг хотин-қизларини иш билан банд қиляпмиз. Қўлимиздаги шунча ҳужжат ўз-ўзидан бўлмаган. Нега мутасаддиларнинг хатоси туфайли тадбиркор сарсон бўлиши керак. «Бири қур, бири тўхтат!», дейишдан олдин бу тўғрида ўйлаб кўриш керак эмасмиди?! Тадбиркор олдига чиқиб, унга халақит берган одам душман ҳисобланади», — деди тадбиркор.

Айни пайтда маҳалла ҳудудидаги эски бинолардан бирининг еростида (ертўла)ги нонвойлик цехида меҳнат қилаётган Насиба Шаропова, Саломат Хўжаева, Дилрабо Ҳафизова каби ўнлаб хотин-қизлар нам ва зах шароитда ишлашаётгани, янги бинога кўчиб, аҳолига нон маҳсулотлари етказиб берилишининг салбий жиҳати йўқлигини билдиришди.

«Тадбиркорга қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб туришини ўзим айтганман. Тахминим бўйича, уларнинг юристи, барибир, қонуний ҳал бўлишига ишонтиряпти. Шунинг учун қурилиш давом этаётган бўлиши мумкин. Суднинг якуний хулосасига кўра, ҳолат ноқонуний деб топилса, тадбиркор харажатлари архитектор ҳисобидан қопланади ёки жиноий иш орқали амалга оширилади. Тадбиркор ишини тўғридан-тўғри тўхтатишга эса прокурорнинг ваколати йўқ», — деди туман прокурори.

Туман ҳокимлиги Қурилиш бўлими вакили Ҳаёт Ҳайдаров айни пайтда ҳолат юзасидан суд ишида протест жараёнлари давом этаётгани, суд ҳал қилув қарори чиққачгина, шу қарор асосида иш кўрилишини билдирган. 

«Агар ҳолат ноқонуний деб топилса, қурилишни бузиш ишлари тадбиркор томонидан амалга оширилади — тадбиркор буни қурилиш бошланишидан олдин ёзиб берган тилхатида баён этган», — деди Ҳаёт Ҳайдаров.

Маълум бўлишича, ушбу ер майдонини аукцион орқали харид қилган ўнга яқин тадбиркорлар ўз субъектларини тиклаш арафасида. Мурожаат эгалари эса бу ерда фақатгина нонвойхонагина эмас, ошхоналар қурилиши режалаштирилаётгани, спиртли ичимликлар истеъмоли ошиб, турнақатор автомашиналар қатнови авж олишини иддао қилишмоқда.

Фуқароларнинг мурожаатлари ёхуд норозиликларининг тагзамини ўрганилса, мазкур ҳудудда жойлашган 10 та намунавий уй-жойда кредит тўлови эвазига яшаб келаётган фуқароларнинг фарзандлари учун болалар майдончаси яратиб берилмаган. Бу борадаги мурожаат ва таклифлари ҳам эътибордан четда қолиб келган. 

Худди шунингдек, «Бухоро сув таъминоти» МЧЖ туман бўлими бошлиғи Байрам Қўчқоровнинг билдиришича, тумандаги «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидан Д-280 мм ва Д-400 мм.ли ичимлик суви қувурлари ўтган. Ер майдонини аукцион орқали сотиш филиал томонидан тасдиқланмаган бўлишига қарамай, сотиб юборилган.

Туман ҳокими: «Мен қурилишга рухсат бермаганман. Тадбиркор иддаоси нотўғри!»

«Бу ер майдонлари аукцион тизим орқали сотилган. Ким ҳолатга нотўғри ёндашган бўлса, бунинг учун жавоб беради. Бу бошланган иш ортида ҳокимнинг ёки қайсидир раҳбарнинг манфаати йўқ, халқ манфати ётибди. Мақсад М-37 халқаро аҳамиятдаги магистрал йўлидаги шўр босиб ётган ерларни обод қилиб, хизматни ривожлантириш, юзлаб аҳолини иш билан таъминлаш. Айтиш мумкинки, тадбиркорлар электрон-онлайн аукцион орқали тегишлича ер сотиб олишган. Айни пайтда эса суд ҳал қилув қарори эълон қилинмай туриб, қурилиш ишларини тўхтатмаётган тадбиркорнинг: «қурилишни давом эттиришимга ҳоким рухсат берган», деган иддаолари мутлақо нотўғри. Унга қурилиш ишларини олиб боришига рухсат бермаганман, ҳатто мен уни танимайман ҳам. Сўнгги нуқтани эса суд ҳал қилув қарори қўяди ва у ҳамма нарсага ойдинлик киритади!» – деди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров.

Ушбу масала моҳиятида эса фуқаролар мурожаатлари эмас, балки бино ва иншоотлар тикланиши мумкин бўлмаган ҳудудда қонунбузилишлар сабаб бўлаётгани билдирилди. Бухоро вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси ходими Фозил Болтаев ҳам туман ҳокимлиги масъулларининг хатоси оқибатида ер майдони тўғридан-тўғри аукционга чиқарилиб, қонунбузилишларга йўл қўйишганини очиқламоқда.

«Ер майдонини аукцион савдога қўйиш учун ҳам, бино, иншоот қуриш учун ҳам биздан хулоса олишмаган. Ушбу ер майдони магистрал йўл ёқасида жойлашган. Аслида эса бино, иншоотлар тикланадиган ҳудуд халқаро магистрал йўлдан 57 ярим метр узоқликда жойлашган бўлиши керак. Биз ҳозирги ҳолатда ҳам, кейинчалик ҳам рад жавобини берамиз. Ушбу манзилда қурилиш ишларини олиб бориш қарорларга зид ва мутлақо мумкин эмас!», — деди Фозил Болтаев.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг