Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Равшан Эрматов танқидий мақолалар камайганидан хурсанд эканини билдирди

Равшан Эрматов танқидий мақолалар камайганидан хурсанд эканини билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов ОАВ вакиллари билан бўлаётган учрашув давомида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Аввал танқидий мақолалар кўп бўларди, кишини қувонтирадиган томони эндиликда таҳлилий мақолалар кўпроқ чиқмоқда. Бу эса бизга катта ёрдам беради.

Журналистлар фикрини ўрганиш ва футболга тадбиқ этиш бизнинг мақсадимиз. Охирги вақтларда интервью ҳақида таклифлар кўп бўлди. Аммо ҳозир муаммолар кўп, иш кўп. Шу сабабдан ким биландир учрашиб, ким биландир кўриша олмасак, бу адолатдан эмас, деб ўйладик. Барча билан бирдек кўришиш учун матбуот анжумани ташкил этишга қарор қилдик.

Мен учун бу ерда ўтиришдан кўра майдонда бўлиш осонроқ, деб айтган эдим. Бу гапларим самимий айтилганди. Бу ерга Президентимиз ишончи билан келдим ва бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Менга ОФК ва ФИФА томонидан оғир ўйинлар кўп ишониб топширилган. Мен ўзимга билдирилган ишончни оқлашга ҳар доим ҳаракат қилганман.

Ҳозир оғир вақт. Жиддий ва масъулиятли вазифаларни кўриб бир четда томошабин бўлиб туриш футболни яхши кўрган, ватанпарвар одамга ҳос эмас.

Футболимизда адолат ўрнатиш энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб турганини ҳаммамиз яхши биламиз. Президентимиз ҳамма соҳада адолат ўрнатаётган вақтда ўзи шундоқ ҳам зўрға нафас олиб турган футболда бу ишни қилмасликка кимнинг ҳаққи бор? Агар адолатни жой-жойига қўйсак, бундан ўзбек футболи ютади.

Мен тушунаман, футбол - хатолар ўйини. Биз тушунамиз, ҳакамлар ҳам, футболчилар ҳам ҳар бир ўйинда адашиши мумкин. Аммо энг муҳими, бу хатолар атайлаб амалга оширилмаслиги лозим.

Ҳозир бизда келишилган ўйинлар ва тотализаторни аниқлаш бўйича бўлим жуда фаол иш олиб бормоқда. Футболга зарар келтирган яхшими ёки футболни биринчи ўринга қўйиб, мухлислар меҳрини қозонган яхшими? Мен ўйлайманки, футболда фаолият олиб бораётган одамлар иккинчисини танлайди.
Футболнинг асосини мураббий ва футболчилар ташкил этади. Биз эса шунчаки хизматчимиз. Агар биз уларнинг хизматини ўз ўрнига қўя олсак, мураббий ва футболчилар ҳам икки баробар куч билан ҳаракат қилади», — дейди Равшан Эрматов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг