Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саҳро симфонияси. Юртимизнинг бешта шаҳрида катта концерт бўлади

Саҳро симфонияси. Юртимизнинг бешта шаҳрида катта концерт бўлади

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 18-27 июнь кунлари Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида катта мусиқий лойиҳа — «OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI» бўлиб ўтади. Анъанага айланган лойиҳа Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг жонли концертлари ва миллий эстрада санъатининг моҳир ва ёш санъаткорлари чиқишларини ўзида мужассамлаштирган.

Лойиҳа Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ёнидаги марказий майдонда бошланади. Мусиқа карвони концертлар билан Хива, Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий ва санъат майдонларида йўлини давом эттиради.

  • 18 июнь – Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи олдидаги очиқ майдонда;
  • 20 июнь — Хива шаҳридаги «Ичан Қалъа» меъморчилик ансамблида;
  • 23 июнь – Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилояти санъат саройи амфитеатрида;
  • 25 июнь – Қарши шаҳридаги марказий амфитеатрида;
  • 27 июнь – Шаҳрисабз шаҳридаги «Оқ сарой» обидаси олдидаги очиқ майдонда.

Барча майдонларда лойиҳа учун ташкил этилган концерт заллари, 3000дан 5000 тагача ўриндиқлар, мусиқавий чироқ ускуналари билан ясатилган саҳна, шаҳарнинг ўзига хослигини акс эттирувчи визуал экранлар қурилади.

Концерт дастурларининг ҳар бири вилоятларнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида тузилган. Концерт дастури мумтоз асарлар, машҳур романтик куйлар ва опера мусиқалари, фильмлар мусиқалари, рақс композицияларининг асл танловлари, томошабинлар учун кутилмаган совға ва яна кўплаб қизиқарли «туҳфа»ларни қамраб олган беш турдаги шоудан иборат.

Open Music жаҳоннинг турли халқлари маданиятида акс этган, умуминсоний қадриятларни тасдиқлашга қаратилган кенг кўламли дастур ва табиат ҳамда санъат уйғунлигини ўзига хос инновацион мультимедиа шаклида концерт орқали тақдим этиш билан томошабинларни жалб этади.



Эслатиб ўтамиз, Open Air Music лойиҳаси икки йилдан буён ташкиллаштирилмоқда. Шу давр мобайнида Ўзбекистон бўйлаб очиқ осмон остида 13 та концерт дастурлари ташкил этилган. Концерт дастурига ташриф буюрувчилар сони эса 100  000дан ортади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг