Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Смартфонлардан қанча олтин ажратиб олиш мумкин?

Смартфонлардан қанча олтин ажратиб олиш мумкин?

Хитойнинг Электрон жиҳозлар технологияларини ишлаб чиқиш ва фойдаланиш ассоциацияси ҳамда Атроф-муҳитни муҳофаза этиш ташкилоти биргаликда «Хитойдаги чиқиндилар учун айланма иқтисодиёт потенциали ҳақида ҳисобот»ни эълон қилишди. Унда, жумладан, мобил қурилмаларни қайта ишлаш бўйича ҳам қизиқ маълумотлар мавжуд, деб ёзади «Терабайт».

Ҳисоботга кўра, Хитойда электрон маҳсулотларни утилизация қилиш даражаси анча паст экан. Масалан, ўз хизматини ўтаб бўлган смартфонларнинг атиги 2 фоизигина қайта ишлашга жалб этилади, дейилади унда. Шунингдек, ҳужжатда таъкидланишича, қимматбаҳо металларни электроника жиҳозларидан ажратиб олиш уларни сайёрамиз бағридан қазиб олишга қараганда қулайроқ ва иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ бўлади.

Агарда бирламчи олтин концентратининг бир тоннаси таркибида 10 граммдан ошиқ тилла мавжуд бўлса, уни биринчи тоифали маҳсулот сифатида сертификатлаш мумкин. Смартфонларнинг (аккумуляторсиз ҳолда) эса бир тоннасида 270 граммдан ортиқ олтин бўлади!

Мобил девайслар платаларидаги тиллани ажратиб олиш эса анъанавий олтин қазиб олишдан кўра 20-65 фоизга кам харажат талаб этади. Рақамларга кўра, эски электроника буюмлари таркибида ўрта сифатли конлардаги рудалар таркибидагидан кўра кўпроқ олтин мавжуд.

Хитой ҳукумати буни яхши англаб етган ва девайсларни утилизация қилиш ишларини тизимли тартибда такомиллаштирмоқчи. 2030 йилга бориб, ишдан чиққан компютер ва смартфонларни қайта ишлаш даражасини 85 фоизга етказиш кўзланмоқда. Бунда қайта ишланган металларнинг умумий қиймати 19 миллиард АҚШ долларига етади. Натижада эса руда қазиб олиш билан солиштирганда, тахминан 30 миллиард киловатт-соат энергияни тежаш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг