Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Собиқ давлат хизматчиси қандай қилиб 3D-принтерлар ишлаб чиқарувчи стартапга асос солгани ҳақида

Собиқ давлат хизматчиси қандай қилиб 3D-принтерлар ишлаб чиқарувчи стартапга асос солгани ҳақида

Фото: «Spot»

«Greencode Lazer» ҳамасосчиси Нурмат Худанов давлат хизматидан кетди ва 3D-принтерлар қурилмасини ўрганиб, мамлакатда биринчи бўлиб унинг давомий ишлаб чиқарилишини йўлга қўйди. Бу ҳақида мутахассис «Spot.uz»га ҳикоя қилиб берди.

«Ёш техник»дан 3D-чоп этишга

Узоқ вақт давлат тизимлари ва ишлаб чиқариш компанияларида ишладим, бошқарув асослари ва бизнесни юритишни яхши ўргандим. Шахсий ишимни очишга тайёрлигимни ҳис қилдим ва 2013 йили ҳамкасбларим билан штанцформа ва сувенирлар ишлаб чиқариш бўйича «Greencode Lazer» корхонасини ишга туширдик.

Саноат ускуналарини Хитойдан сотиб олдик, лекин уларнинг кўпини ўзимизда ҳам ишлаб чиқариш мумкинлиги эътиборимни тортди. Шу тарзда ушбу йўналишни ўрганиш иштиёқи туғилди ва мен мустақил ўрганишни бошладим.

Техникани болаликдан ёқтираман. «Фан ва турмуш», «Ўзинг бажар», «Ёш техник» журналларига обуна бўлардим, уларга қараб ўйинчоқ ва қурилмалар ясардим. Уйда унчалик катта бўлмаган устахонамиз бор эди, отам ускуна ва ашёлар сотиб олишга ёрдам берарди.

Кейинчалик дастурлаш билан шуғулландим, 2016 йилдан роботтехника асосларини ўргана бошладим, шунда 3D-принтерларга ҳам қизиқиб қолдим. Қийинчиликлар бўлди, аммо менга уларни ҳал қилиш ёқади. Таркибий қисмлар билан боғлиқ муаммолар чиқиб, айрим деталларни ўзим ясашимга тўғри келди. Интернетда принтерни йиғиш бўйича кўплаб вариантлар бор, ҳар бир эҳтиёж учун қўшимча киритиш билан уларга асосланиш мумкин.

Фото: «Spot»

Ишга тушириш: биринчи прототип 1000 долларга

2017 йил биринчи прототипни йиғдим. Биринчиси доим қиммат бўлади, қарийб 1000 доллар сарфладим. 3D-принтерни йиғишга икки ҳафта кетди, таркибий қисмлар Хитойдан бир ой ичида келди. Иккинчи прототипда осонроқ бўлди, уни бир ҳафтада йиғдим.

Ҳозир биз уч турдаги 3D-принтерни ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик: дельта-принтер, H-bot ва икки босма головкали принтер. Дельта-принтер оддий фойдаланувчи учун мураккаб, у анча аниқ ҳисоб-китоб, созлаш ва калибрлашни талаб қилади. Уни ўзим учун йиққанман, шунчаки қизиқиш туфайли. Фойдаланувчиларга эса H-bot тўғри келади, уни осон ўзлаштириш мумкин, шунинг учун бу модель кенг тарқалган.

Принтерларни йиғиш билан тўрт киши шуғулланади, ҳозир тўртта ишлайдиган прототип ясадик. Бир ойда 100 тагача шундай қурилма йиғишни режалаштираяпмиз.

3D-принтер моделининг базавий ўлчамлари — 20×20×30 см. Йирик предметларни модулларга ажратиб чоп этиш мумкин.

Бизнинг принтер 3,5 млн сўм (427 доллар) туради. Импорт вариантлари нархи билан солиштиринг: 350-500 доллар + етказиб бериш учун яна 250 доллар.

Яна унинг бузилиши мумкинлиги ва эҳтиёт қисмларини узоқ кутиш кераклигини ҳисобга олиш лозим. Биз эса нафақат принтерларни йиғамиз, балки уларга тўлиқ хизмат кўрсата оламиз. Шунингдек, принтерни қайта тўлдириш учун хомашёлар сотувини йўлга қўйишниям режалаштираяпмиз.

Фото: «Spot»

Сармоя: 280 миллион сўм

2017 йили ишлаб чиқаришга 150 млн сўм сармоя киритилганди, маблағ бинони таъмирлаш, қурилмалар, ускуналар харид қилишга сарфланди. 2017 йилнинг апрелида Яккасарой кичик саноат ҳудудидан 350 м2 жойни ижарага олдик. 2018 йилда яна 130 млн сўмлик сармоя киритмоқчимиз.

Лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплашига икки-уч йилча кетса керак деб ўйлайман. Чунки бу ҳали янги соҳа, одамлар 3D-принтерлар имкониятларини тушуниб етишлари учун вақт керак. Бу бизнеснинг рентабеллиги — 20-30 фоиз.

Олинадиган фойда янада кенгайишимиз, янги моделлар ишлаб чиқишимиз учун қайта инвестиция қилинади. Асосий бизнесимиз(штанцформа ва сувенирлар ишлаб чиқариш)дан тушадиган даромадниям 3D-принтерлар лойиҳасига йўналтирамиз.

2017 йилнинг августида биз «Яшнобод» инновацион технопарки резидентига айланган эдик, чунки Ўзбекистонда 3D-принтерлар йиғиш — янги йўналиш. Бу ерда давомий ишлаб чиқарувчилар йўқ: принтерларни ёки импорт қилишади, ёки шунчаки қизиқиш учун шахсий фойдаланишга йиғишади.

Принтерни қайта тўлдириш учун хомашёлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар бор. Маҳаллий маҳсулотнинг бир килограмми ўртача 120 минг сўм (қарийб 15 доллар), импорт материал эса 23 доллар туради. Албатта, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ассортименти унчалик кенг эмас, бироқ ким изласа, ўша топади.

Фото: «Spot»

3D-принтерни қаерда ишлатса бўлади?

Ўзбекистонда 3D-чоп этишни роботтехника деталлари тайёрлашда, ўйинчоқ ва сувенирлар, қуймалар учун деталлар, заргарлик буюмлари учун шакллар ясашда фойдаланиш мумкин. Имкониятлар фақат сизнинг тасаввурингиз ва принтерннинг техник имкониятлари билан чекланади. Агар 3D-принтерни тижорий мақсадда харид қилсангиз, ўрта ҳисобда ярим йилда ўзини қоплайди.

Мустафо Мингбоев биринчи мижозларимиздан ҳисобланади. Унинг «Mingbaev’s Academy of Robotics» компанияси 3D-чоп этиш ёрдамида инсон аъзоларининг бионик протезлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Биз Мустафо билан 2017 йилнинг майида Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида танишган эди. Шунда у менга принтер буюртма қилганди, яқинда у яна бирини сотиб олди.

Принтер билан ишлашни ўзлаштириш учун ўнлаб нюансларни ўрганиш лозим. Биринчи босқичда мен экструдер (чоп этиш головкаси) ичида пластик блокировкаси, ёпишишига дуч келганман. Бу нормал ҳолат, янги қурилмани ўрганишда муаммо доим юзага келади — асосийси тажриба тўпланади.

Менинг 3D-принтерларимни харид қилишни истовчилар билан доим шу тажрибаларимни ўртоқлашаман. Жамланмага шунингдек ўқув материаллари, чоп этиш намуналари, манбалари ҳам киради. Бу биринчи босқичда фойдаланувчи қурилмани ўрганишга кўп вақт сарфламасдан, дарҳол ишга киришишига кўмаклашади.

Фото: «Spot»

Ҳар бир уйда 3D-принтер

Ўзбекистонда ўз эҳтиёжлари учун принтерлар йиғувчи қизиқувчан инсонлар кўп. Мен улар билан мулоқот қиламан, материллар, тажрибалар алмашаман.

Рақобатдан чўчимаслик керак, чунки бу такомиллашиш, ҳамкорлик ҳисобланади. Мисол келтираман: принтер йиғишни энди бошлаган пайтимда детални бузиб қўйганман. Янгисини четдан келтириш учун бир ой кутиш  — вақт ва сармояни йўқотиш демакдир. Шунда цехимизда бу муаммони ечишга ёрдам берадиган ҳамкасблар топилди.

Агар рақобат бўлса, демак, маҳсулотга талаб бор, соҳа эса ривожланаяпти. Унинг ёрамида маҳсулотни ўрганиш, бизнесни ривожлантиришнинг янги йўналишларини топиш мумкин.

2018 йилда лойиҳани тўлиқ ишга туширишдан умидворман, шу билан бирга, бу соҳани ҳаракатлантирадиган ҳамфикрлар сони ўсишини истайман. Албатта, экспортни ҳам йўлга қўйиш қизиқарли, аммо биринчи мақсад — Ўзбекистонда жадал ривожланиш.

Уч йил аввал 3D-принтер 13 миллион сўм турарди, бугун эса — 3 миллион.

Технологиялар арзонлашаяпти ва бу кишини хурсанд қилади — демак, бу иш билан қаттиқ шуғулланишнинг айни вақти. Умид қиламанки, яқин вақтлар ичида 3D-принтерлар оддий принтерлар қаторида кенг тарқала бошлайди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг