Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сотувга қўйилган масжид биноси: «айсберг»нинг учими ёки «ҳийлаи шаръий»?

Сотувга қўйилган масжид биноси: «айсберг»нинг учими ёки «ҳийлаи шаръий»?

Фото: «7news.uz»

Андижон шаҳридаги собиқ масжид биносида яшаётган оилаларга уй-жой берилгани хўб яхши иш бўлди-да. Айниқса, Рамазонда! Муборак ойда амалга оширилган хайрли ишларнинг савобини айтинг...

Собиқ масжид биносининг ўзи-чи? Унинг тақдири нима бўлади?

«Собиқ масжид биноси» деяётганимиз қўлма-қўл бўлиши натижасида ҳужжатларда «савдо ва маший бинолар»га айланиб, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази тасарруфига ўтиб кетган объект эканини кўплар илғаётган бўлса керак. Озмунча ёзиляптими бу ҳақда? Андижон шаҳридаги Дўстлик кўчаси 7-манзилда жойлашган бу объектга ҳазилакам меҳнат ва маблағ кетмагандир?! Ахир, умумий фойдаланиш майдони 1 716,24 кв. метр, қурилиш майдони 1 931,86 кв. метр бўлган 18 та хонадан иборат икки қаватли бинони кўтариб, жуда сифатли ҳолда таъмирдан чиқаришнинг ўзи бўлмайди-да.

Барча чиқимлар ҳомийлик ва ҳашар йўли билан амалга оширилгани эътиборга олинса, бу даргоҳнинг ғишт-у синчига савобталабларнинг меҳнати, маблағидан ташқари меҳриям сингганини ҳис этиш мумкин.

Мазкур объект айни пайтда расман сотувга қўйилгани бугун кимга сир? Сабаби ҳам маълум: аввал айтилганидек, Андижондаги «ELDAZ DESIGN» деган масъулияти чекланган жамият «Алоқабанк»нинг вилоят филиалидан 1 150 000 000 сўм кредит оларкан, гаровга собиқ масжид биноси қўйиб юборилади. Кредит тўловлари вақтида амалга оширилмагани сабаб иш судгача етиб, Андижон туманлараро иқтисодий судининг шу йил 24 январдаги ҳал қилув қарорига кўра ундирув гаровдаги мулкларга қаратилади.

Айни пайтда собиқ масжид биносининг Мажбурий ижро бюроси чангалига тушиб, кимошди савдосига чиқиб кетишининг боиси шу.

Бу ёғи нима бўлади?

Ҳозирда суд қарори қонуний кучда. Демак, суд қарори бекор бўлмагунча воқеалар ривожи келган жойидан шу зайлда давом этаверади. Чунки, масалага суд қарорини бекор қилишдан бошқа ҳуқуқий ечим йўқ. Бунинг учун юқори босқичга мурожаат қилиш талаб этилади.

Ҳамма бало шундаки, юқори босқичга жавобгарлар — «ELDAZ DESIGN» МЧЖ ва Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказидан бошқа субъектнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи йўқ. Жавобгар эса суд бошланиши ҳамоно «оқ байроқ»ни кўтариб, таслим бўлган-қолган...

Масжид биноси гаровга қўйилиб, кредит олинишини мутасаддилар тадбиркорликни (тадбиркорни десак тўғри бўлади аслида) қўллаб-қувватлаш билан боғлаши аниқ. Ҳар ҳолда ҳужжатлар шунга далолат қилмоқда. Яъники, «ELDAZ DESIGN» МЧЖ хом ашё сотиб олишга маблағи йўқлиги боис кредит масаласида амалий ёрдам сўраб, Андижон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. Мутасаддилар бунга «лаббай» дея жавоб берар экан, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази балансидаги собиқ масжид биносини қўшқўллаб гаровга қўйишади.

Хуллас, кредит масаласи фавқулодда ҳал этиладики, бунақа тезкорлик ривожланган Ғарбда ҳам учрамаса керак.

Мана, қаранг: «ELDAZ DESIGN» МЧЖ ўтган йилнинг 16 март куни керакли миқдордаги кредитни сўраб, «Алоқабанк»нинг Андижон филиалига мурожаат этади ва... шу куннинг ўзида муроди ҳосил бўлади?!

Тасаввур қиляпсизми буни?!

Яъники, ўша куниёқ томонлар ўртасида гаровга қўйилаётган объектнинг бошланғич баҳоси келишилиб, далолатнома тузадилар. Ваколатли баҳоловчилар собиқ масжид биносининг нархини  1 млрд. 651 млн. 775 минг 108 сўм дейишган экан. Бироқ томонлар «бозор ҳолатидан келиб чиқиб» унинг баҳосини 767 млн. 500 минг сўм этиб белгилашади (тафовутнинг катталигини қаранг!).

Яна денг, банк мутасаддилари шу куннинг ўзида (!) йиғилиш ўтказиб, кўрсатилган миқдордаги кредитни бериш ҳақида қарор чиқаришга улгургани-чи?

Мазкур қарор сиёҳи қуриб-қуримай кредит шартномаси ҳам имзоланадики, бундай тезкорликдан ҳайратланмай илож йўқ...

Шу ўринда эслатиб ўтиш шарт: кредит 18 ой муддатга (йиллик 20 фоиз устама тўлаш шарти билан 3 ой имтиёзли даври билан) берилганди...

Воқеаларнинг кейинги ривожи маълум.

МЧЖ кредит тўловини вақтида амалга оширмайди. Вассалом.

Банк судга мурожаат қилган пайтда (2019 йил, январь) кредитнинг қайтарилмаган тани 1 млрд. 116 млн. 761 сўмни, муддати ўтган фоизлари миқдори 53 миллион сўмдан ошиб, пеняси эса икки ярим миллион сўмни қоралаб қолганди...

Қайд этилган рақамлар МЧЖ кредит тўловларини вақтида амалга ошириш ҳақида ҳатто жиддийроқ ўйламаганини мантиқан тасдиқламаяптими? Чунки кўнгил тўқ-да: дўппи тор келса, банк гаровдаги мулкларни олади, жонини эмас.

Шундай бўлди ҳам. Мана, банк амалда масжид, қоғозда «савдо ва маиший бинолар»га эга чиқиб турибди.

Юқоридаги манзаралар масжид биносидан «унумли» фойдаланиш учун ўйланган «ҳийлаи шаръий»ми ёки сирли ва сеҳрли кредит олишдаги ўйинлардан белги берувчи «айсберг»нинг учими?

Бу саволнинг жавоби прокуратура органларига тан.

Андижон аҳоли энг зид яшайдиган ҳудуд. Шаҳарни-ку, айтманг: бурунга қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган одамнинг қўли қўшнининг юзига тушади. Ҳар қарич ер олтинга баробар. Агар ростданам «савдо ва маиший бино» бўлганида ушбу объект тадбиркор-у уддабурон андижонликлар ўртасида талаш бўлиб, аллақачон эгасини топиб кетарди, ишоновринг! Бироқ кўп йиллардан бери масжид сифатида фойдаланиб келингани, замона зайли билан мақомини йўқотганига қарамай бу масканга бирорта бойвачча «от солмагани» сабабиям шунда бўлса, эҳтимол. Чунки, масжид — Аллоҳнинг уйи, уни сотиб олиб, ишлаб чиқаришми ёки савдо уйими, ишқилиб, тижорат масканига айлантиришга бирим икки бўлсин деган ҳаммаям журъат қилолмайди. Моддий манфаатдан эътиқод қуввати баланд келаверади бундай ҳолатда. Зотан, эътиқод — ҳассос туйғу, у билан ҳатто ҳазиллашиб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг