Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ички ишлар ходимларининг хатоси туфайли «судланган»га чиқарилган фуқаро бунинг нотўғрилигини исботлаш учун уч ой югурди

Ички ишлар ходимларининг хатоси туфайли «судланган»га чиқарилган фуқаро бунинг нотўғрилигини исботлаш учун уч ой югурди

Фото: «Kamerzanov.livejournal.com»

Икки фарзанднинг отаси, оиласи билан тинч-тотув яшаб келаётган Касби туманилик Шерзод Холиёров (исм ва фамилияси ўзгартирилган) геология-қидирув ишлари билан шуғулланадиган корхонага ишга кирмоқчи бўлиб, мурожаат қилганида унинг ҳужжатлари текшириб кўрилди.

Кутилмаганда мазкур корхона мутасаддилари унинг муқаддам судланганлигини айтиб қолишди. Буни эшитиб, Шерзод эсанкираб қолди. Бу ҳам етмагандай, тегишли органлардан бу ҳолатга аниқлик киритишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермади, дея хабар беради «Халқ сўзи» нашри.

Хабарда қайд этилишича, ойлаб чўзилган сарсонгарчилик ва ҳақ-ҳуқуқининг поймол этилиши Шерзоднинг соғлиғига жиддий таъсир ўтказди. Ниҳоят у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат қилди.

Аниқланишича, бунга ички ишлар ходимларининг оддий эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб бўлган экан. Унинг исм-фамилияси, ҳатто, отасининг исми билан бир хил бўлган бошқа бир фуқаро билан чалкаштириб юборилган.

Ўша фуқаро эса 2011 йилда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлиги учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган экан. 2016 йилда эса фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлагани учун яна қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қизиғи шундаки, ҳақиқий жиноятчи Касбида эмас, Қарши туманида яшайди. Уларнинг ёши ва туғилган йили ҳам бир-бирига тўғри келмайди.

Ички ишлар идорасидаги бу чалкашликни оддийгина қилиб «англашилмовчилик бўлибди» деб қўя қолишди. Лекин биргина мурожаат билан аниқланиши мумкин бўлган ушбу англашилмовчилик учун бир бегуноҳ фуқаро уч ой овора бўлиб, Халқ қабулхонасининг аралашуви билангина ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклади. Қолаверса, ишсиз ҳам қолди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг