Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Тадбиркор аёл» ассоциацияси ҳукуматга хотин-қизлар учун бизнес таълими дастури лойиҳасини тақдим этди

«Тадбиркор аёл» ассоциацияси ҳукуматга хотин-қизлар учун бизнес таълими дастури лойиҳасини тақдим этди

«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўзининг 27 йиллик фаолияти давомида юзлаб бизнес таълим дастурларини амалга оширди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда катта тажриба мактаби яратилди: жамиятимиз хусусиятлари ҳисобга олинган катталар учун бизнес таълим методикаси ишлаб чиқилди, малакали маҳаллий бизнес тренерлар тайерланди, устозлар, экспертлар гуруҳлари шаклланди.

Натижада тақдим қилинган ўқув дастурларидан катта кўрсатгичли фойдалилик коэффициентига эришилган: 43 минг нафар бизнесга ўқитилган хотин қизларнинг 75 фоизи ўзларининг бизнес фаолиятларини бошлаган. Ассоциация ўқув дастурларидаги иштирокчилар томонидан 130 мингта янги иш ўринлари барпо этилган.

Ассоциация вакилларининг «Xabar.uz»га хабар қилишларича, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси хотин-қизлар учун бизнес асослари бўйича комплекс ўқув-информацион дастурини амалга ошириш таклифи билан ҳукуматимизга мурожаат этган. Ушбу лойиҳанинг номи «2018-2020-йилларда хотин-қизлар бизнес таълим тизимини мукаммаллаштириш» дастури.

Лойиҳа дастури тўртта ўқув модулларини қамраб олади:

Биринчиси — «Бизнесни режалаштириш ва молиявий саводхонлик».

Иккинчиси — «Бизнесни самарали бошқариш».

Учинчиси — «Рақобатбардошлик ва махсулотни бозорга муносиб тақдим этиш»

Тўрттинчиси — «Тадбиркорлик фаолиятини юритиш: аёл, оила, бизнес, урф-одат ва замонавийлик».

Шу билан бирга тадбиркорликни ривожлантиришга оид кўмакни таъминлаш мақсадида, барча тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан янги даражадаги ҳамкорликни амалга оширади.

Ушбу лойиҳа мамлакатимизнинг 180 та туман ва шаҳарларида амалга оширилиши кўзда тутилган. У амалга ошадиган бўлса, 78 минг нафар хотин-қизларга бизнес асослари бўйича кўникма ва амалий ёрдам берилади, 50 мингта янги иш ўринлари очилади, қишлоқ ҳудудларида қийин ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар иш билан банд этилиб, салоҳиятларини даромад келтирувчи фаолиятга йўналтириш ҳисобига уларга психологик ва иқтисодий ёрдам кўрсатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг