Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

«Тажовузкорлик синдроми»: «ОИТС» ва «Қора ўлат»дан ҳам хавфли касаллик

«Тажовузкорлик синдроми»: «ОИТС» ва «Қора ўлат»дан ҳам хавфли касаллик

Америкалик ёзувчи Норман Пилнинг «мақтаб ўлдиргандан мушт тушириб қўллаган яхши» деган фикри шу кунларда тез-тез хаёлимдан ўтмоқда. Сўнгги пайтларда танқид қилиш меъёри кескин бузилиб, оммавий тош отиш, жеркиш, нафратни очиқчасига намойиш қилиш каби ожиз хусусиятларга айланди. Одамларнинг танқид қилиш услуби кўпроқ тажовузкорлик кайфиятини эслатиб юборяпти. Сўз тераётган бармоқнинг ёки тилнинг миядан тез ҳаракатланиши ҳеч қачон яхшилик келтирмаган.  

Ўйлаб кўрилса, аслида бефарқлик ва жим туриш энг хавфли танқид. Шу билан бирга, танқид ҳам икки хил бўлади: бузғунчи ёки бунёдкор. Фикр билдириш ва муносабат қолдириш жуда муҳим. Бироқ, ноўрин отилган тош кимнингдир меҳнатини йўққа чиқариши, ҳафсала ва истеъдодига нуқта қўйиши мумкинлигини, тақдири билан ҳисоблашишини ҳам ўйлаш керак.

«Тажовузкорлик синдроми» ким учун хавфли?

Албатта, бу синдром биринчи галда ўзининг соҳибини нишонга олади. Бузғунчи танқидга одатланган одамдан салбий қувват ажралиб чиқа бошлайди. 

Салбий қувват:

Кимдандир ажралиб чиққан салбий қувват ўзи йўналган объектга қанчалик таъсир қилишини айтиш қийин. Бироқ, салбий қувват ўз эгасининг оламини пайҳон қилиши – бор гап.

Беайб – Парвардигор! Агар сиз кимнингдир хатосига гувоҳ бўлсангиз, мулойимлик билан шахсий қарашингизни ифодаланг. Хатолар – донолик ва юксалиш воситаси. Кимдир хато қиляптими, демак у ўсмоқда! Бу вазиятда уни тажовузкорлик билан қарши олиш – чирмовиқнинг ролини ўйнаш билан баробар!

Шундай экан, хатони кўрсангиз, уларга зарарли қувватни йўналтирманг. Илмий изланишларнинг натижаларига кўра, кучли одамлар ўзларига қаратилган бузғунчи танқидни ҳам ўсишлари учун зарур қувватга айлантириш қобилиятига эга эканлар.

«Психология 101»:

Таниқли руҳшунос Пол Клейнманнинг мана шу номдаги китобини ўқиганлар яхши билишади: омманинг олдида бошқаларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатган одам аслида ким тўғрисида сўзлаётгани унинг атрофидагиларга маълум – ўзи ҳақида!

Яъни, бошқаларни очиқча ва асоссиз ҳақорат қилиш аслида ҳимояланиш механизми. Тажовузкор одамларнинг феъл-атвори – уларнинг ҳислари ва қўрқувларининг меваси.

Руҳшуносларнинг тасдиқлашларича, бировни очиқчасига ёмонотлиқ қилишга уриниш ва меҳнатини йўққа чиқариш одати кўпроқ эътиборга муҳтож, омадсиз ва ҳаётда мувозанатни йўқотган одамларга хос. Бундай одамлар ичидаги «худбин қиёфа» («эго») га қул бўлишади. Бу қиёфа эса фақат ўзини тан олади, ҳатто ўзи жойлашиб олган тана билан ҳам ҳисоблашиб ўтирмайди. Шу сабабли, «эго» ҳаддан зиёд кучайиб кетса, одам ўз-ўзидан нафратлана бошлайди ва унда бора-бора ўз жонига ҳам қасд қилиш кайфияти кучаяди.

Муаммонинг ечими:

Бир ўйлаб кўринг, сиз яхши қувват ёрдамида инсонлар ҳаётини ўзгартиришга уриняпсизми ёки салбий қувват билан инсонларда кимгадир ёки нимагадир нисбатан нафрат уйғотиб, тартибсизлик ёки уруш хавфини оширяпсизми? Яъни, сизнинг биргина ноўрин сўзларингиз, муносабатингиз жамиятдаги мувозанатни издан чиқаради, «худбинлик қиёфасидагилар»нинг кўпайишига хизмат қилади.

Нафрат нафратни чақиради. Тажовузкорлик ёвуз кучни уйғотади ва зўравонликни келтириб чиқаради. Ва, бир ўйлаб кўринг, бугун дунёни домига тортиб бораётган жабр-зулмнинг ҳам бош сабаби шу эмасми? Урушларнинг, келишмовчилик ва ёвузликларнинг ечими тажовузкорлик эмас. Фақат яхши сўз ва самимийлик бизни ёруғликка олиб боради.

Танқид қилишнинг қоидаси қандай?

Кимнингдир меҳнати, ҳислари ва ҳаракатини ҳурмат қилган ҳолда унга ҳақиқатни етказиш у қадар ҳам қийин иш эмас.

1-қоида: Танқиднинг ўз ўрни бор!

Кимнидир омманинг олдида изза қилиш ва танқид тошларини отиш – беадабликнинг энг юксак кўриниши. Бугунги айрим интернет фойдаланувчилари эса бу қоидани унутиб қўйдилар.

2-қоида: Ҳадеб танқид қилманг!

Агар сиз одамларни ҳадеб танқид қилаверсангиз, улар охир-оқибат сизга эътиборсиз бўладилар ёки воз кечиб қўя қоладилар.

Танқид қилишдан аввал яхши жиҳатларини эътироф этинг. Сўнг зарур тавсияларни билдиринг.

3-қоида: Тилингиздагини аввал мияда мушоҳада қилинг.

Ҳис-ҳаяжонга берилманг ва танқидга олинаётган мавзудаги билимларингизни ишга солиб, мушоҳада қилинг. Танқид қилишдан аввал хотиржам ва етарли маълумотга эга эканингизга ишонч ҳосил қилинг.

4-қоида: Одамларни эмас, вазиятни нишонга олинг!

Танқиднинг тажовузкорликка айланиши кўпинча қайсидир одамга нисбатан нафратимизнинг меваси бўлиши мумкин. Танқид қилишдан аввал вазиятни тушунишга урининг. Сўзлашдан олдин тинглашни билиш одамга кераксиз сўзларни айтишдан тийилишига хизмат қилади.

Хулоса.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда «эбола», «қора ўлим», «ОИТС» каби хасталиклар жаҳоннинг энг хавфли касалликлари ҳисобаланади ва ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритмоқда. Бироқ, бугун сайёрамиз бўйлаб булардан ҳам хавфли вирус тарқалмоқда – нафрат! Унинг мақсади урушларни авж олдириш ва Ердаги тирик жонларни қириб ташлаш.

Ҳар бир яхши ва ижобий фазилатли инсон, у қаерда ва қандайлигидан қатъиназар, сайёрамизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади. Инсоният аслида бир бутун, ҳар биримиз бу яхлитликнинг бир бўлагимиз. Биримизга таъсир қилаётган хавф кун келиб бошқамизга ҳам дард келтиради. Бизнинг ҳаётдаги бурчимиз меҳр-муҳаббат ва инсонийлик ришталари ёрдамида ўзаро уйғунлашув билан ҳамоҳангдир. 

Биз барчамиз турличамиз: бармоқ изимиздан токим, фикримиз ва ҳаракатимизгача фарқланамиз. Ва, бир-биримизга доим ҳам ёқавермаймиз. Бироқ, имкон бор экан, вақтни тилни ўқлаб эмас, идрокни бойитиб яшашга чоғланайлик. Хато қилганларга кўмаклашиб, тўғри йўлни кўрсатинг ва уларни қўллаб юборинг. Яхши қувватнинг ҳам, ёмон қувватнинг манбаси бир: сиз уриб турган юракдан муҳаббатга жой беринг, ишлаб турган мияда эзгулик йўлида мушоҳада қилинг.

«Сен уммондаги томчи эмассан. Сен – томчи кўринишидаги уммонсан», дейди Мавлоно Румий. Яъни, ўзингизни 7 миллиардлик сайёранинг аҳамиятсиз, ҳеч ким эшитмайдиган бир бўлаги деб эмас, сўзи, амали ва ҳаракати билан инсоният ҳаётини ўзгартиришга қодир қувват деб билинг. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг