Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарихий шаҳарларда «Duty Free» дўконлари очилиши мумкин

Тарихий шаҳарларда «Duty Free» дўконлари очилиши мумкин

Фото: «b-port.com»

2025 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида бизнес учун катта ишлар ҳажми назарда тутилган. Меҳмонхоналар, ресторанлар қуриш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш – ташаббуслар рўйхати бу билан чекланмайди, уларни амалга ошириш учун тадбиркорлар фаол қатнашиши ва креатив ёндашиши талаб этилади, деб хабар бермоқда «Норма».

Катта қурилиш

4,5 мингта номерни ўз ичига оладиган ва 9,5 мингта кишига мўлжалланган меҳмонхоналар ва хостелларни қуриш кўзланмоқда. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • меҳмонхоналар ва бошқа туристик инфратузилма объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш механизмини имкон қадар соддалаштириш;
  • хизматлар сифатини ошириш мақсадида тадбиркорлар учун меҳмонхона бизнесида рағбатлантирувчи шарт-шароитларни яратиш;
  • жаҳонга машҳур меҳмонхона бизнеси брендларини Ўзбекистонга жалб этишни рағбатлантириш.

«Олтин ҳалқа» принципи бўйича Фарғона вилояти туристик салоҳияти концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Минтақанинг туристик салоҳияти инфратузилма объектлари, шу жумладан меҳмонхоналар, умумий овқатланиш пунктлари ва йўлларни қуриш орқали ривожлантирилади.

Барча турдаги йўловчи транспортининг республика ичидаги ва халқаро янги рейсларини очган ҳолда туристларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Танлаш имкони бўлади

Ўзбекистонда энг оммабоп туризм тури – археологик ва архитектура ёдгорликлари бўйлаб саёҳат. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа йўналишларни ривожлантиришда мамлакат салоҳиятидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни кўриш ниятида. Ушбу вазифани ҳал қилишда ҳам тадбиркорларнинг фаол иштироки талаб этилади. 

Тиббий, спорт, агро- ва қишлоқ туризми ривожлантирилади. Айдаркўл (Жиззах ва Навоий вилоятлари), Тўдакўл (Навоий вилояти) ва Учқизил (Сурхондарё вилояти) кўлларида дам олиш шароитлари яхшиланади.

Қишлоқ жойларда «туристик маҳаллалар» пайдо бўлиши мумкин. Улар саёҳатчиларни анъанавий турмуш тарзи, ҳунарлар, миллий таомлар билан таништиришга мўлжалланган қишлоқ ва этнографик турларга киритилади.

«Шопинг-туризм»ни ривожлантириш кўзланмоқда. Ушбу лойиҳа Божхона кодексига божсиз савдо (Duty Free) дўконлари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Тарихий шаҳарлар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз) ва минтақаларнинг маъмурий марказларида ана шундай савдо шохобчалари пайдо бўлиши керак. Бренд кийимлар, косметика ва аксессуарлар сотиладиган савдо-кўнгилочар комплекслари ва бутиклар ташкил этишни рағбатлантириш режалаштирилмоқда.

Технологияларнинг жорий этилиши

Кириш чипталарининг онлайн сотувини таъминлаган ҳолда маданий мерос объектлари ва музейларга ўтказиш ягона электрон тизимини жорий этиш режалаштирилган. Туристлар кўп ташриф буюрадиган жойларда турникетлар ва видеокузатув ўрнатишда ҳам тадбиркорларнинг ёрдами керак бўлади. 

Тадбиркорлар давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиб, бепул Wi-Fi зоналари тармоғини кенгайтиришда ёрдам берадилар. Ҳар бир минтақада 50 та ана шундай нуқтани очиш режалаштирилмоқда.

Тарихий шаҳарлардаги диққатга сазовор жойларнинг 3D-моделларини яратиш, кейинчалик уларни Google Earth ва шу каби бошқа дастурларда жойлаштиришга ҳам тадбиркорларни жалб этмоқчилар. Тадбиркорлар туристларга намойиш этиладиган 3D-мэппинг форматидаги видеофильмларни яратишда ҳам ёрдам берадилар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг