Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Телевизор кўраётганларни китоб ўқийдиганлар бошқаради(ми?)!

Телевизор кўраётганларни китоб ўқийдиганлар бошқаради(ми?)!

Фото: «Pinterest.com»

Тасаввур қилайлик: боғ ичида китоб варақлаётган қиз ёки унинг телефон ўйнаётган тенгқури. Метрода бирор қизга тегажоқлик қилаётган ё-да китоб ўқиб кетаётган йигит. Хўш, сизнингча, қай бири гўзалроқ? Қай бири маънан соғломроқ?

Истайсизми-йўқми китоб ўқиётган инсонни қалбан ҳурмат қилишга ўзингизда мойиллик сезасиз. Телефонда ҳам, компьютерда ҳам турли китоблар ўқиб кўрганман, аммо Ҳофиз Шерозий ёки Машраб девонини ёнингизга қўйинг-да, унинг «электрон нусхаси»ни ҳам очинг. Сатрларни ўқий бошласангиз Ҳофиз ёки Машраб китоб шаклида, сатрлар ичида шивирлаб тургандай бўлади. «Электрон нусха»да эса буни ҳис қила олмайсиз. Фақатгина шеърнинг таъмини сезасиз.

«Қуръони карим»ни электрон ва КИТОБ шаклида бир ўқиб варақланг… Китоб шаклида варақласангиз истайсизми-йўқми СЎЗ билан СИЗнинг орангизда тўсиқ йўқдек, унга яқиндек ҳис қиласиз ўзингизни.

Мутолаа жараёнида инсон шунақанги тассуротлар, туйғулар оламига шўнғийдики, буларни на кино, на театр, на мусиқа, на рассомларнинг асарлари бера олади. Таъбир жоиз бўлса, инсонда туйғуни фақат китоб шакллантиради.

Тангри таоло одам аталмиш махлуқотни бошқа махлуқотлардан сўзи билан, онги билан фарқ қиладиган қилиб яратган. Илоҳий ҳақиқатлар тан олинмаган замонда ёлғон китоблар кўпаяди. Вақти келиб улар ўз-ўзидан йўқликка юз тутади. Буни англаш учун эса ортга бурилиб Совет иттифоқининг ёлғонларига назар ташлаш кифоя.

Устозим бир пайтлар шундай деганди: «Китоб ёзаётганингда ўчирасан, ёзасан, ўчирасан, ёзасан ва охири ўчирмай қайсидир сатрларни қолдирасан. Ўчирганларинг ўзинг ёзганларингдир, ўчирмай қолдирганларинг эса «фаришта»лар ёзганидир, ана шу сатрлар яшаб қолади». Шу сўзларга қиёсан айтадиган бўлсам, «китобларнинг қанотлари»да «фаришталар» яшайди.

Китоб шундай — фариштаси бор китоб яшаб қолади, «чин» китоб яшаб қолади. «Улуғ» китоблар қанча тазйиққа учраса-да яшаб қолаверади. Гўёким «Аҳура Мазда» ва «Аҳриман» китоблар қатида ҳам тинимсиз курашда бўлади. Эзгулик ғолиб бўлаверади.

Китоб миллат онгини тарбиялайди, чархлайди, комилликка чорлайди, Ҳаққа яқинлаштиради. Лўттибозлик, маддоҳлик, кўзбўямачилик анқиб турган мазмуни саёз, маза-матрасиз китоблар эса миллатни, халқни алдайди. Уларнинг таъсирида инсон ўткинчи дунёнинг ёлғонларига учади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарликнинг илк дамларидан эътиборини китоб мутооласи сиёсатига қаратгани миллатимизнинг катта ютуғи бўлди. «Онг» ва «ривожланиш» яна-да тезлаша бошлади. Аксарият аҳоли китобга эмас, бу бозор дунёнинг «енгил бозори»га ўрганиб қолган эди. Қуроллар жарангги остида қонун овози эшитилмаганидек, «бозор расталари» лари ичра ҳам китобнинг варақланиши деярли эшитилмаётган эди.

Китобдан кўра тақинчоқ қиммат мамлакатда «ўғри ва чайқовчилар» кўпроқ бўлади. Китоб ўқиган элат бошида қандай инсон турганини, бошида турган инсон эса қандай элатга ҳукмронлик қилаётаганини яхши англайди.

Китоб мутооласининг жамият ҳаётидаги ўрни хусусида сўз кетганда уммон ортидаги бир ҳолат ёдга тушади. АҚШда хибсхоналарнинг деярли аксарияти хусусий. Йилдан-йилга янги жазони ижро этиш муассасалари қурилади. Турли штатларда бундай муассасалар сони ҳар хил. Уларнинг сони жиноятчилик ошиши ёки тушиши кўрсатгичига қараб белгиланади. Қамоқхона бизнеси билан шуғулланувчи компания бундан ўн йил кейин фалон штатда қанча қамоқхона қуриш кераклигини аниқлашда улар жуда ажойиб усулдан фойдаланишади.

Улар аҳолининг китобхонлик даражасини аниқлаш мақсадида оммавий сўров ўтказилади. Мутолаа даражаси паст ҳудудларда қамоқхоналар сонини кўпайтиришади. Буни қарангки, уларнинг бу қарори тўғри бўлиб чиқади. Аниқланишича, қайси ҳудудда ёшлар қанча кам китоб ўқиса ўша ҳудудда беш-ўн йилдан сўнг жиноятчилик ошар экан.

Китоб ўқимаган миллатдан, бозорчи хотин-халаждан ал-Хоразмий ёки Берунийни қайта кутиш, Ватан равнақига чин маънода ҳисса қўшадиган алломаларни кутиш бориб турган «китоб»сизликдир.

«Суқрот шундай деган экан» дейишганда, «Хўш-хўш…» дея оғиз пойлашдан кўра, «мен Суқротнинг ўзини ўқиганман!» дея жавоб бериш барча замонларда ҳам ўзини оқлаган.

Китоб мутолааси нафақат биргина инсонни, бутун-бутун халқларни таназзулга юз тутишидан сақлайди. Қадимги Рим, қадимги юнонларнинг ҳам юксалишида китоб алоҳида мавқеъ касб этгандики, ҳозиргача, ҳозирги давлатларнинг тузилмасигача, саънатигача қадим Юнонистон «китоб»лари асос сифатида хизмат қилиб келмоқда. Демократия деймизми, Сенат деймизми, Ҳайкалтарошлик деймизми ёхуд Сангтарошлик, барчасида «юнон» асоси бор. Буни инкор қилиб бўлмайди.

Мозийнинг гувоҳлик беришича, Арастунинг ишонган шогирди, ярим дунё ҳукмрони саркарда – Македониялик Искандар ҳам ўзининг қисқа умри давомида китоб ўқишга, тинимсиз илм олишга мойил бўлиб яшаган. «Илиада» достонини аскарларига ҳарбий қўлланма сифатида ўқитган. Бу китоб унга барча жангларида ҳамроҳ бўлган. Ўзи азиз билиб ўқиётган китобини доимо болиш остига битта ханжар билан бирга қўйиб ётган.

Китоблари йўқотилган юртлар доимо таназзулга юз тутган. Босқинчилар ҳамиша босиб олган юртларининг маданиятини, маънавиятини, ота-бобосидан қолган тарихини — «КИТОБ»ини йўқотишга ҳаракат қилганлар. Китоби йўқ халқ эса, ўзгаларнинг китобини ўқишга мажбур бўлади, ўзгаларнинг ёзган китоблари асосида яшайди.

Буюк Римнинг таназзули Искандария кутубхонаси ёқиб юборилишидан бошланди. Олимларимиз, китобларимиз чиқиб кетиб бизнинг таназзул бошланди. Мўғиллар босқинида батамом йўқотилди. Улуғбек кутубхонасини тугатилиши билан темурийларнинг парчаланиши бошланди.

Саволлар кўпаяди. Айни дам, «китобсеварлик» жараёни кечаётган пайтда ўқийдиган китобларимиз қани? Лондон музейидами, Эрмитаж музейидами? Китобга муносабатимиз қандай? Қанақа китоб ўқияпмиз? КИТОБ ўқияпмизми, «ёлғон китоб» ўқияпмизми?

Қанақа китоблар чоп қилаяпмиз? Давлатнинг пули, олам-олам қоғозлар нималарга исроф бўляпти? Пули бор одам нашриёт эгасими ёки саводи бор одамми? Ким китоб дея халқни алдаяпти? Кимлар китоб ўқияпти? Ҳомий ташкилот раҳбарлари китобни фарқига боряптими ёки «Кеча ва Кундуз»дан «тўқима сериаллар»ни фарқлай олмаяптими?

Сиз-чи? Уйингизда нечта китоб бор? Кўчалар теграсида қатор жойлашган баланд-паст одам уйларида нечтадан китоб бор деб ўйлайсиз?!

Мендан сўрасангиз, ҳатто менинг уйимда ҳам ўзим  истаганимчалик китобим йўқ. Нари борса уч юзта чиқар. Китоб дўконга кирсангиз китоб кўп. Ёзилган китоб куп. Яратилганлари кам.

Ҳайрон булманг. Мен қасд этганим чин китоблар ёзилмайди, яратилади! Китоб яратган инсон Худо билан халқ ўртасидаги элчи эканлигини, вакил эканлигини ёзувчиларимиз ва «ёзғувчиларимиз» англаб етаяптимикин? Назаримда баъзи «замонавий ёзувчилар» Мавлавий ҳазратлари зикр тушган дам бир қўлини юқорига — Худога , бир қўлини пастга — халққа чўзиб зикр тушганини билмайди. Улар билмайдики, китобни пул дардида ёзиб бўлмаслигини. Бундай килиш катта маънавий жиноят эканлигини хис килмаяпти афсус.

Бироқ «улар» ҳам «одам». Улар ҳам шу миллатнинг вакиллари. Бу «одамлар»га миллат учун ёзиладиган китоб пул дардида ёзилиши гуноҳлигини, бундай килиш мумкинмаслигини қандай ўргатса бўлади? Ўйлаб кўринг. Ўргатилган одам қанақа одам бўлиб шаклланади? Ахир, ўргатилган маймундан кўра, ўргатилган одам хунукроқ эмасми?

Албатта, ёппасига бир рангда китоб ўқишга ўргатиб бўлмайди. Аммо, турфа китобларни укишга мехр уйготиш зарур. Бунинг учун эса энг аввало, онгни ўстириш, қонни тоза сақлашни шакллантириш керак.

Китоб мавзусида сўз кетганда ҳануз қишлоқларимизда, миллатимиз қўлида кўплаб қадимий китоблар турганлигини, сандиқларда сақланиб ётганлигини таъкидлаш лозим. Бу қадимий жавоҳирлар махсус шароитларда сақланиши зарур аслида. Токай келажак авлод қўлига бус-бутун ҳолда авлоддан-авлодга етказилиши учун. Уларни чиндан миллат мулкига айланиши учун ҳеч бўлмаганда уларнинг электрон нусхалари миллий фондини яратиш лозим. Ўз даврида бу заминдан юнонлар ҳосил йиғиштириб кетди, араблар ҳосил йиғиштириб кетди, мўғиллар эса йиғиштирмади, жойида олов қўйиб кетди, «қизил»лар ҳосил йиғиштириб кетди, инглизларга эса ўзимиз олиб бориб сотдик. Бу ҳосилдан баҳраманд бўлган давлатлар ўзига яраша ўз вақтида қудрат касб этди. Бу ҳосилларнинг тўкилиб қолган бошоқларини териб олсак ҳам бизга етади аслида…

Илоҳий ҳақиқат шуки, қадимги замон китоблари бўладими, Чоризм даври китоблари бўладими, бугунги замон китоблари бўладими, чин КИТОБлар сиёсатга хизмат қилмаган. Ҳамиша холис булган, ҳақиқатли бўлган. Сиёсат КИТОБга, ИЛМга хизмат қилган Давлатлар эса Буюк бўлган. Бугун бу соҳада гапирса гап кўп, изтироблар кўп, ечилиши лозим бўлган муаммолар кўп. Аммо ҳаммаси яхши бўлишига умидимиз бор! Чунки йиллаб-йиғилган изтироблар барибир барҳам топади. Дунёда Ўзбек ўз иқтидорига муносиб мартабага эришади! Чунки Миллат етакчисининг китоб мутолаасига қилаётган эътибори, чиндан буюк Давлат бўлиш даъвосининг муждасидир.

P.S. Кеча хам, бугун хам, бундан юз йил кейин хам, телевизор кўраётганларни китоб ўқийдиганлар бошқаради!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг