Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент шаҳридаги Амити университети сентябрдан ўз эшикларини очади

Тошкент шаҳридаги Амити университети сентябрдан ўз эшикларини очади

Фото: «Mitc.uz»

Бугун, 14 май куни Алоқа тарихи музейида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Амити университетининг таълим фаолиятига боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот анжуманида таълим муассасаси президенти Атул Чаухана бошчилигидаги Ҳиндистоннинг Амити университети вакиллари ва ушбу университетнинг бошқарув ва таълим бўлинмалари аъзолари иштирок этдилар.

Фото: «Mitc.uz»

Эслатиб ўтамиз, ушбу хорижий университет Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳиндистоннинг Амити университети билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Амити университети 2019 йилнинг сентябр ойидан ўқув йилини очади. Олий таълим муассасаси ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, компютер ва дастурий инжиниринг, сунъий интеллект ва менежмент соҳаларида мутахассислар тайёрлайди.

Амити университети Ҳиндистонда етакчи хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланиб, унда 150 мингда зиёд талаба таҳсил олади. Таълим муассасасининг бош корпуси Ноида шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг 11 та шаҳарда кампуслари мавжуд. Шунингдек, Нью-Йорк, Лондон, Дубай, Сингапур, Хитой, ЖАР ва жаҳоннинг бошқа шаҳарларида филиаллари фаолият юритади.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳридаги Амити университети қабул комиссияси фаолияти, ўқув жараёнларини ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистонда мазкур олий таълим муассасасини ташкил этиш фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг