Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг тушунарсиз иши

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг тушунарсиз иши

Фото: «Gazeta.uz»

Яқинда оммавий ахборот воситаларида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг матбуот хизмати маълумотига таяниб Тошкент шаҳрига Беларусдан иккита катта ва ўрта сиғимли автобус олиб келиниб, 8 февралдан синов учун қатновга қўйилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Хабарларда ўша автобусларнинг расмлари ҳам берилди, улар хорижий давлат рақамларида эди.

Шунда менда ўзимизда жаҳон тан олган брендларнинг автобусларини ишлаб чиқараётган иккита завод бўла туриб «Тошшаҳартрансхизмат» нега синов учун Беларусдан автобус олиб келгани ҳақида савол пайдо бўлди. Ана шу саволга жавоб ва автобуслар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун корхонанинг сайтида «боғланиш учун» деб ёзиб қўйилган рақамларга қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган инсонга ўзимни таништириб, саволларимни бердим. Афсуски, у саволларимга жавоб беришга масъул эмас экан, матбуот котибининг телефон рақамларини берди. Уларга қўнғироқ қилсам ҳеч ким кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилишим ҳам фойда бермади. Ўзимизда иккита автобус заводи бўла туриб корхона нега Беларусдан автобус олиб келгани сабабини барибир била олмадим.

Корхонанинг сайтидаги русча маълумотда «автобуснинг ногиронлар учун қулай қилиб жиҳозлангани» ёзилган. Ўзбекча матнда эса сабаб кўрсатилмаган.

Фото: «Maz.by»
Фото: «Maz.by»
Фото: «Maz.by»

Мен «Тошшаҳартрансхизмат»га қўнғироқ қилишдан олдин вазиятни билиш учун маълумотларни ўргандим. Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 11 мартида Вазирлар Маҳкамаси чиқарган қарорга кўра Тошкент шаҳрида йўловчиларга янада қулайлик яратиш ва эскирган автобусларни янгисига алмаштириш учун 2017 — 2019-йилларда «Тошшаҳартрасхизмат» Самарқанддаги MAN заводида тайёрланган 350 та MAN А22 SNG автобусларини сотиб олиши белгиланган. Ушбу автобус ҳам экологик тоза ёқилғи бўлган сиқилган табиий газда ишлайди. Яна ногиронларга қулай бўлиши учун паст полли қилиб ишлаб чиқарилган. Узунлиги 12 метрга тенг, бир вақтнинг ўзида 90 нафар йўловчини сиғдира олади. Ҳозир  синовлардан муваффақиятли ўтган ушбу  автобуслардан 50 таси Тошкент шаҳридаги турли йўналишларда аҳолига хизмат қилаяпти.

Шунингдек Самарқанддаги «Самавто» автозаводида ҳам шаҳар йўналишида фойдаланиш учун сиқилган табиий газда ишлайдиган «LE60» автобуси ишлаб чиқарилмоқда. У ҳам паст полли бўлиб, ногиронлар учун қулай қилиб ишланган.

Ўтган йилнинг кузида Тошкентда «Ўзавтосаноат» ушбу автобуснинг тақдимотини ўтказган ва у ҳам синовлардан яхши ўтган эди.

Энди шу ерда савол туғилади: хўш, ўзимизда бир эмас, иккита автобус заводи ишлаб турганда бизга валюта сарфлаб Беларусдан автобус олиб келишга ҳожат борми?

Мақолани тайёрлаш жараёнида баъзи сайтлар шу кунларда Беларус ва Ўзбекистон ўртасида 5-ҳукуматлараро қўшма мажлис ўтказилгани ва бу мажлисда томонлар ўзаро товар айирбошлашни йилдан-йилга, босқичма-босқич ошириб,  2020 йилда 500 миллион долларга етказишга келишиб олганлари, бу ҳақда Беларус бош вазирининг ўринбосари Михаил Русий хабар берганини ёздилар. Эслатиб ўтаман, 2017 йилда Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 100 миллион долларга тенг бўлган.

Бу хабарни ўқиб хаёлимга балки «Тошшаҳартрансхизмат» ана шу ҳамкорлик юзасидан Беларусдан автобус олаётгандир деган гумон ҳам келди. Шундай бўлганда ҳам корхонанинг валюта сарфлаб Беларусдан автобус сотиб олишини тушуниб, тўғрироғи, оқлаб бўлмайди. Майли, Беларус билан яхши иқтисодий ҳамкор бўлайлик. Аммо ўзимизда ишлаб чиқарилаётган нарсанинг муқобилини улардан олиш тушунарсиз ҳолат. Чунки агар оламиз десак, Беларусда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган кўплаб техникалар бор. Автобуснинг ўрнига шулардан олавериш керак. Ўйлаймизки, Беларус автобусларини синовдан ўтказаётган «Тошшаҳартрансхизмат» корхонаси буни тушуниб етади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг