Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Хизматини қил, ҳақингни ол!: Меҳмон рози бўлсин, сен-да муродингга ет!»

«Хизматини қил, ҳақингни ол!: Меҳмон рози бўлсин, сен-да муродингга ет!»

Фото: «Xabar.uz»

Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва унинг асосида қабул қилинган қарор сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган фирмалар учун Янги йилнинг энг катта совғаси бўлди, дейиш мумкин. Чунки мамлакатимизда туризм жуда тез ривожланяпти, бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган деб жар соламиз-у, аммо унинг ичида «қайнаётган»ларнинг суҳбатини олсангиз ҳар куни, ҳар қадамда муаммоларга дуч келаётганини, қоғозбозлик, сансалорлик, коррупцион ҳолатлар ҳамон давом этаётганини эшитасиз.

Хўш, турфирмалар давлатимиз раҳбарининг сайёҳлик ривожига қаратилган навбатдаги фармонини қандай кутиб олди? Уларнинг қарашларига ҳамоҳангми, дуч келаётган муаммоларига ечим бўла оладими? Шундай саволларга жавоб олиш мақсадида бир неча туристик компаниялар раҳбарларига мурожаат қилдик.

Ҳасан Миралиев — «World wide Travel» сайёҳлик компанияси менежери:

— Ўтган йилнинг ноябр ойида ЎзМТДП Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида туризм масалаларига бағишланган очиқ мулоқотда иштирок этган эдим. Сўзга чиқиб, туроператорлар фаолияти билан боғлиқ кўплаб муаммоларани санаб ўтгандим. Мана, орадан икки ой ўтиб-ўтмай, Президентимизнинг туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган фармони ва қарори эълон қилинди. Унда айнан ўша очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларнинг деярли барчаси кўрсатиб ўтилган ва уларнинг ечими бўйича тегишли идораларга топшириқлар берилган, қилиниши лозим бўлган вазифалар, чора-тадбирлар аниқ-тиниқ белгиланган.

Энг катта муаммолардан бири авиачипталар билан боғлиқ эди. Рақобат йўқлиги сабаб «Ҳаво йўлларимиз»нинг чипталари шунчалик қиммат эдики, айрим хорижлик сайёҳлар нархини эшитиб, Ўзбекистонга келишнинг бошқа йўлини қидирарди. Сафардан воз кечиб қўйганлари ҳам йўқ эмас. Фармонда эндиликда аэропортларимиз хизматидан хорижий ташувчилар ҳам эркин фойдаланиши, бунинг учун уларга чегирмалар бериш, чартер рейсларини кўпайтириш кўзга тутилган. Хусусан, «Зиёрат» туризмини ривожлантириш учун Индонезия авиакомпанияларини жалб қилиш масаласини тезкорлик билан ҳал қилиш кўрсатилган.

Шу ўринда, фармонда мамлакат ичкарисидаги авиакомпания харажатларини камайтириш ва авиачипталар нархини оптималлаштиришга ҳам эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Чунки маҳаллий сайёҳларнинг асосий қисми қўшни давлатлар, жумладан, Қозоғистон орқали учиб кетаётгани айни ҳақиқат ва бу бизнинг энг оғриқли нуқталаримиздан бири эди. 

Хирожиддин Ибрагимов — «I TRAVEL» туристик фирма таъсисчиси:

— Бугун туризм шунчалик тез ривожланиб бормоқдаки, сайёҳларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги талаб ва истаклар пайдо бўляпти. Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатлар билан таққослаганда, эҳ-ҳе, қилиниши лозим бўлган қанчадан-қанча ишлар бор, фойдаланилмаётган имкониятларнинг эса саноғи йўқ.

Дунёнинг бренд компаниялари борган сари хизмат кўрсатишни янада яхшилаб, нарх-навони арзонлаштириш йўлидан бормоқда. Мақсад янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш. Марҳамат, туристнинг хизматини қилиб, рози қилинг ва пулини олинг! Аммо бизда аксинча. Келган сайёҳнинг аввало хизматини эплаб қилолмаймиз, камига алдаб, пулини шилиш пайида бўламиз. Бир келгани қайтиб келмайди. Менимча, бунинг ҳаммаси бу соҳада жонкуяр, билимдон мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.

Гидлар масаласи ҳамон муаммолигича қолмоқда. Улардан миллий тарихимизни сўрасангиз тилини тишлайди. «Аравани қуруқ олиб қочувчи» айрим гидлар чет элликлар олдида кулгуга қолган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Фармонда шунинг учун мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мана, Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университети очиладиган бўлди. Шунингдек, сайёҳлик ривожланган хорижий давлатлар олий ўқув юртларининг ҳамкорликдаги қўшма факультетларини очиш кўзда тутилган.

Туристларни янада кўпроқ жалб қилишимиз керак деймиз, қани шарт-шароит, қани хизмат кўрсатиш?! Биргина меҳмонхоналар масаласида бир талай муаммолар бор.

Фармонда меҳмонхоналар қуриш, бу борадаги хизматларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. 50та ўриндан кам бўлмаган 3 юлдузли меҳмонхона қурган инвесторларга меҳмонхонадаги ҳар бир номерга сарфланган харажати учун давлат бюджетидан 40 милллион сўм ва 100 ўриндан кам бўлмаган 4 юлдузли меҳмонхона қурган инвесторларга меҳмонхонадаги ҳар бир номерга сарфланган харажати учун эса 65 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Бекзод Юнусов — «TRAVEL TIME» компанияси бошқарувчиси: 

— Хизмат юзасидан чет элда кўп бўламиз ва фаолиятимиз билан боғлиқ барча ишларни жойимизда ўтириб онлайн тарзда бажарамиз. Биронта қоғоз тўлдирмайсиз ёки ташкилотлар эшиги олдида кун бўйи сарғаймайсиз. Ўзбекистонда эса қон-қонимизга сингиб кетган эканми, қоғозбозлик, бюрократиядан қутулишимиз жуда-жуда қийин бўляпти. Кунингиз ташкилотлар орасида югуриб, маълумотлар тўплаш билан ўтиб кетади. Ахир дунё аллақачон онлайн мулоқотга ўтиб бўлди-ку, деб дод солгинг келади.

Шунинг учунми, фармонда туризмда замонавий ахборт технологиялари хизматидан янада кенгроқ фойдаланишга катта эътибор қаратилган. 2019 йилнинг 15 мартидан бошлаб электрон кириш визаларини олувчи давлатлар рўйхати янада оширилади. Умумий рўйхатдан 76та давлат ўрин олган. Меҳмонхоналар, маданий объектлар ва муассасалар хизматида телекоммуникция тармоғи бўйича минимал талабларни бажариш белгиланган.

Сайёҳлик фирмамиз ички туризм бўйича ҳам шуғулланади. Фармонда бу йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилотларга кўплаб қулайликлар яратиш кўзда тутилган. «Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!» дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 14 миллиондан 25 миллионга ошириш белгиланган. Умуман, қарорда туристлар учун ҳам, бу соҳада фаолият кўрсатаётган фирмалар учун катта имкониятлар яратилиши кўзда тутилган. Энди ҳамма гап унинг қай даражада бажарилишида қолди.

Равшан Маҳмудов,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг