Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркияда президент сайлови. Эрдўғон яна ютиб чиқа оладими?

Туркияда президент сайлови. Эрдўғон яна ютиб чиқа оладими?

Фото: Presidency Press Service via AP

Туркияда 24 июнь куни президентликка муддатидан аввал сайлов бўлиб ўтади. Унинг якунига кўра мамлакатда янги президент ва Буюк миллий мажлис таркиби ҳам янгиланади. Кутилаётган сайлов тарихий аҳамиятга эга, сабаби ундан сўнг Мустафо Камол Отатурк томонидан шакллантирилган республика асоси тубдан ўзгартирилиб, бошқарув парламентдан президент қўлига ўтади.

Аввалроқ президент ва парламент сайловлари 2019 йилнинг ноябрида бўлиши белгиланган эди. Аммо жорий йилнинг 17 апрелида миллий ҳаракат партияси етакчиси Девлет Бахчели ушбу муддатни кутмасдан сайловни 2018 йилнинг 26 августида ўтказишни таклиф қилди. Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Бахчелининг музокарасидан сўнг муддатидан аввалги сайлов 24 июнга кўчирилди.

Бўлажак президентга кўплаб ваколатлар берилади. У бир пайтнинг ўзида давлат ва ҳукуматни бошқаради, вазирлар, вице-президентларни ишдан бўшатиш ва тайинлаш, фавқулодда вазият эълон қилиш, референдумлар ўтказиш таклифини билдириш каби ҳуқуқларга эга бўлади.

Бундан ташқари, асосий қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, президентлик ваколати 5 йилга узайтирилади ва депутатлар сони ҳам 550 нафардан 600 нафарга кўпаяди. Депутатликка энди 25 ёшдан эмас, 18 ёшдан сайланиш мумкин бўлади.

Эртанги сайловда президентликка олти номзод даъвогар: амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Халқ-республика асосий мухолиф партиясидан номзод Муҳаррем Инже, Яхши мухолиф партиясидан Мерал Акшенер, Фаровонлик партиясидан Темел Карамоллаўғли, «Ватан» партиясидан Догу Перинчек ва Курдлар халқ демократияси партиясидан Салоҳиддин Демирташ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг