Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Халқнинг қарғиши яшиндан кучли

Халқнинг қарғиши яшиндан кучли

Фото: «Fresher»

Устозимиз Тоҳир Маликни зиёрат қилдик. Кўп ибратли нарсаларни ҳикоя қилиб берди.

− Онамиз опамизникида эди, бетоб бўлиб қолибди, − деб эслади устоз. – Бир муддат ўша ерга духтурларни чақириб қаратдик, наф бермади. Акам уйига олиб борди. У ерда каттароқ духтурлар қарашди, наф бўлмади. Икковлари ҳам кўп қаватли уй, яъни домда туришарди. «Буларникида кўп турдингиз, энди ўзимизнинг уйга юринг», — деб онамизни отамиздан қолган лойшувоқ уйимизга олиб келдим. Эртасига ҳеч нарса бўлмагандай рўзғорга куймаланиб кетган онам шу билан касални унутди. Шунда бир нарсани англадим: бетон уйлар одамнинг қувватини сўриб оларкан, бетон деворлар ичидаги металл арматуралар одамнинг қон томирларига таъсир қилиб, уларнинг иши бузилишига сабаб бўларкан. Ўшанда донишмандларнинг «Оёғинг ерга, яъни тупроққа тегиб турсин» деган ўгитлари нечоғлик тўғри эканини ҳис қилдим. Олдин кинна соладиган момоларимиз беморларга кинна солгач, «Бор, анови ўрикни ё олмани қучоқла» дейишининг асил сабабини тушунгандай бўлдим. Дарахтни қучоқлаш баробарида одамнинг оёғи ерга тегар экан ва ҳар хил зарарли, яъни манфий қувват, зарядлар ерга ўтиб кетаркан. Биласизми, бу нимага ўхшайди? Қурувчилар уйларни қурганда уйга, монтёрлар ток ўтказганда симёғочларга яшинқайтаргич ўрнатишади. Бунинг отини «заземление» дейишади. Бу нима учун керак? Уйга ё электр симларига яшин урилганда унинг қуввати ерга ўтиб кетади. Ахир яшин, чақмоқ дегани жуда катта электр қуввати дегани. Бу нарса ерга ўтиб кетмаса, катта фожиаларга сабаб бўлади, уйларни ёқиб юборади.

Каримберди Тўрамурод ёзувчи Тоҳир Малик билан

Одамнинг ҳам оёғи ерга тегиб туриши худди ана шу нарсага ўхшайди. Бетон уйларда яшаб, оёғи деярли ерга тегмаётган одамларда «заземление» бўлмагани учун турли хасталиклар уларга эргашиб юради, барча салбий зарядлар танасида қолиб кетаверади, ерга ўтиб кетмайди.

Устознинг бу ҳикоясини тинглаб ўтириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг прокурорлар, судьялар ва бошқа амалдорларга қарата «Сизларнинг оёқларингиз ердан узилиб қолган, эй каттаконлар, ерга тушинглар, халқ учун ҳам ишланглар!» деганлари ёдимга тушаверди. Аммо мен шу топда ана шу каттаконларга ичим ачиб ўтирдим. Нега?

Ахир «оёғи ердан узилиб қолган каттаконлар»нинг «заземление»си йўқ-да. Уларни яшинми, чақмоқми, баломи урса, унинг қудратли қуввати ерга ўтиб кетмайди-да. Халқнинг қарғишида эса яшиндан ҳам, чақмоқдан ҳам катта қувват бўлади. Ана шу қувват ерга ўтиб кетмаса, анови каттаконни ёқиб, кул қилади-ку?!

Тўғри, бирорта каттакон ўзини «оёғи ердан узилган» деб ҳисобламайди. Ҳатто бутун бошли туманлар аҳолисини ҳаромига чиқариб юборган каттакон ҳам ўзини халқпарвар кўрсатади, «Шу элни, шу халқни деб сўкдим» дейди. Кап-катта журналистлар ҳам топилиб қоладики, «Э, бу одам шу халқни деб (гарчи у халқ «ҳароми» бўлса ҳам!) кечалари ухламайди» деб сулагарчилик қилишади.

Аммо каттакон зоти борки, каттами, кичикми, ҳаммасига мурожаат қилмоқчиман: ҳурматли каттаконлар, илтимос, оёғингиз ерга тегиб турсин! Аввало, сиз ҳам ердан бино бўлгансиз, шунинг учун ҳам ўзингиз бино бўлган она ер билан боғланиб турасиз. Қолаверса, оёғингиз ерга тегиб турса, бошингизга келадиган балолар вужудингизни ёқиб кул қилмасдан ерга ўтиб кетади. Азбаройи сизга ачинганимдан шу гапни айтдим!

Оёғингиз ерга тегиб турса, ердан узилмаса, президентимиз айтганидай, сиздан Яратган ҳам, халқ ҳам рози бўлади!

Каттаконлар, ўзингизни эҳтиёт қилинг, оёғингиз ерга тегиб турсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг