Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хирмон тўлиб тўкилди дон...

Хирмон тўлиб тўкилди дон...

Фото:Bakhtiyor Mustanov

Самарқанд вилояти Нарпай туманининг ғаллакорлари республикада иккинчи бўлиб давлатга дон сотиш режасини бажардилар. Ғаллакорларни табриклагани туманнинг бош хирмони, Оқтош дон қабул қилиш корхонасига бордик. Туман ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Дониёров билан суҳбатлашдик.

Фото:Bakhtiyor Mustanov

− Туманимиздаги 365 та фермер-деҳқон хўжалиги 5890 гектар ерга ғалла экди. Бу йил деҳқончилик учун жуда оғир йил бўлди. Сув ҳар қачонгидан ҳам тақчил бўлди, тағин бу йил баҳорда ёмғир ҳам бўлмади, аммо деҳқонларимиз қаттиқ меҳнат қилиб, бир ҳовуч сувни исроф қилмай, вақтида ғаллага маҳаллий ва минерал ўғитларни бериб, бегона ўтлардан тозалаб, яхши ҳосил етиштирдилар. Туманимизга «Андижон-2», «Таня», «Краснодар-99» каби эртапишар навларни экканимиз учун буғдой бошқа туманларга қараганда олдин пишиб етилди. Шунинг учун эртароқ ҳосилни йиғиб олишга киришдик. Вилоят ҳокимияти ҳам бу борада ёрдам бериб, ҳали ғалла ўримига тушмаган бошқа туманлардаги комбайнларни бизга ёрдамга юборди. Натижада ташкил этилган ўн битта ўрим отрядидаги 38 та комбайн ёрдами билан ўн кунда давлатга ғалла сотиш режасини бажардик. Давлатга 18155 тонна буғдой сотишимиз керак эди. Шундан 4000 тоннаси уруғлик дон эди. Хурсанд бўлган жойимиз шуки, Сурхондарё, Қашқадарё каби деҳқончилиги биздан икки-уч ҳафта олдин юрадиган туманлардан ҳам аввал ғалламизни ўриб-йиғиб олдик. Ўртача 33 центнердан ҳосил олдик.

− Ўримни тугатдингизларми, ўрилмаган ғаллазорлар қолмадими?

− Ҳали ўрилмаган ғалла майдонлари анчагина. Режадан ортиғи фермерларнинг мулки. Истаса давлатга сотади, истаса деҳқонлирига бўлиб беради, истаса, бозорга чиқариб сотади. Албатта, биз буғдойларини ўриб берамиз. Бундан ташқари уруғлик учун экилган буғдойзорларимиз ҳам бор, ҳали бу майдонларга комбайнлар киргани йўқ. Уларни ҳам ўриб, йиғиб оламиз. Бу донларни тозалаб, қайта ишлаб, келаси йили экиш учун фермерларимизга тарқатамиз.

− Энг кўп ғалла топширган фермерларни айта оласизми?

− Ҳамма фермерларимиз яхши ишлади, «Шукур Жабборов», «Мулла Бурхон», «Зарбдор умид машъали» каби фермер-деҳқон хўжаликлари режани ошириб бажаришди, «Ойбек» МТП эса вилоят бўйича биринчи бўлиб ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди.

− Ғалла учун ҳақ қандай тўланаяпти?

− Фермерларимиз бир кило буғдой учун 750 сўмдан ҳақ олишаяпти. Ҳосилига қараб, жуда яхши даромад қилаётган, 150-200 миллион сўм соф даромад топаётган фермерларимиз бор.

− Туманимиз ғалла ўрим-йиғимига жиддий тайёргарлик кўрди, ҳар битта техниканинг кичик бир мурватигача такрор-такрор кўздан кечириб, ўримга шай қилиб қўйдик, − дейди Нарпай тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Абдуқаҳҳор Тожиев. – Ўн битта отрядга бириккан комбайнчилар тўхтовсиз ғалла ўраяпти. Юк машиналари пешма-пеш донни хирмонга етказиб турибди. Ғалланинг сомони ҳам дарҳол йиғиштириб олинмоқда, ҳатто экиндан бўшаган далаларимиз дарҳол шудгор ҳам қилиб қўйилмоқда. Шундай қилсак, шудгорлаб қўйилган ерларимиз қишда яхши дам олиб, келгуси йил мўл ҳосил беришга тайёр бўлади.

Фото:Bakhtiyor Mustanov

Биз илғорлар сифатида саналган фермерлардан бири, «Шукур Жабборов» фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Жабборовнинг даласига бордик. Очиғи, баланд ўсган, бўлиқ буғдойларни кўриб, кўзимиз яшнади. Бошоқларни қўлимизга олиб, тош босадиган серҳосил буғдой етиштирилганига амин бўлдик. «Кейс» комбайнлари буғдойни бир текис қилиб ўраётганини, ҳатто сомонни ҳам замонавий техника айни дамнинг ўзида тойлаб кетаётганини кўриб, завқимиз келди.

− Мен биринчи бўлиб «Андижон-2» навини олиб келиб экдим. Жуда серҳосил нав экани ўзимни ҳам хурсанд қилди. 80 центнердан ҳосил тушаяпти. Албатта, шунга яраша меҳнат ҳам қилдик, − деди Баҳодир Жабборов. − Мана, кўраяпсиз, ғалла бир текис ўсган, ичида битта ҳам бегона ўт йўқ. Бунинг ўзи бўлган эмас. Деҳқонларим ғалланинг ичидан чиқмади десам муболаға бўлмайди. Вақтида ўтадик ҳам, сувини ҳам бердик, маҳаллий ўғитини ҳам, минерал ўғитини ҳам бердик. Натижада кўзни қувонтирадиган ҳосил яратдик.

− Даромад қандай бўлади энди?

− Даромадимиз ҳам меҳнатимизга яраша бўлади, иншооллоҳ. Қилган харажатларимиздан ташқари 200 миллион сўм соф даромадни мўлжаллаб турибмиз.

− Ҳалолингиз бўлсин! – олқишладим Баҳодир Жабборовни. – Айтинг-чи, сиз қандай фермер бўлгансиз, қайси институтни тугатгансиз?

− Биласизми, мен ҳеч қаерни тугатмаганман, − кулди Баҳодир. – Отамнинг институтида ўқиганман. Фермер хўжалигини ҳам отам ташкил қилган. Мен отамга ёрдам бериб юриб, деҳқончилик сирларини ўрганганман. Отам йилнинг келишини биларди. Далага нима экса, бу йил пул бўлишини биларди. Экинларга қачон ишлов бериш, қачон сув қуйиш, қачон озиқлантириш кераклигини бировдан сўрамасди. Мана, отамнинг ишларини бугун мен давом эттираяпман, отамнинг ўгитлари қўл келиб, меҳнатимга яраша даромад олаяпман. Оиламнинг ҳам, қўл остимдаги деҳқонларимнинг ҳам кайфиятлари зўр!

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг